Вояга етмаганлар ва ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишини олдини олиш

Дата: 13.12.2016    

Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фуқаролик қонунчилигида ҳар доим ҳуқуқбузарга нисбатан кучайтирилган жавобгарлик чораларини белгилашни талаб қилади. Бунда вояга етмаган шахснинг жисмоний ҳолати ва унга етказилган шикастларнинг таъсири албатта, ҳисобга олинади. Бироқ вояга етмаган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар вояга етган шахсларга шундай зарар етказилишига нисбатан кўпроқ салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳар бир давлат миллий қонунчилиги ўзига хос алоҳида нормаларни белгилайди ва бундай нормалар вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамиятга эгадир.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 45-моддасида «Вояга етмаганлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир», дея белгилаб қўйилган. 1991 йил 20 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги, 2008 йил 7 январдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг амалга киритилиши вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Дарҳақиқат, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга асосан вояга етмаган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосан маъмурий-ҳуқуқий усуллари назарда тутилган. Бироқ боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳимоя усули сифатида фуқаролик ҳуқуқий усул эканлигини эсдан чиқармаслик лозим. Зеро, вояга етмаган шахснинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш борасида фуқаролик-ҳуқуқий восита ҳисобланган зарарни қоплаш жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга нисбатан алоҳида қоидаларни белгилашда асосан бундай шахсларга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи ва даромадларни назарда тутади. Шу билан бирга, соғлиқни тиклаш борасидаги харажатларни қоплаш эса, барча фуқаролар учун умумий қилиб, Фуқаролик кодексининг 1006-моддасида назарда тутилган.

Вояга етмаганлар фуқаролик ҳуқуқининг субъекти сифатида унинг ривожланиб бориш хусусиятини аниқлаб беради, чунки вояга етмаган шахсларнинг ривожланиши давомида қонунчиликда бегиланган муайян ёшга етгач, муомала лаёқати ҳажмининг кенгайиши эвазига бир неча маротаба ўзгаради. Бинобарин, муайян ёшга етиш билан вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ субъектлилиги янги ҳуқуқлар билан бойиб боради.

Ҳақиқатан ҳам, вояга етмаганларнинг иш ҳақига бўлган ҳуқуқи унинг 15 ёшга тўлганидан сўнг бошланади ва унинг қисман муомала лаёқатининг бошланиш ҳолатидан келиб чиқиб, қонунчилик йўқотилган иш ҳақини талаб қилиш ҳуқуқини белгилайди.

Агар 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларнинг соғлиғига шикаст етказиладиган бўлса, қўшимча харажатлардан ташқари унинг меҳнат қобилиятининг йўқотилиши ёхуд камайшини ҳисобга олган ҳолда Фуқаролик кодексининг 1008-моддасига мувофиқ етказилган зарарни ундириш мумкин. Фуқаролик кодексининг 1008-моддаси 3-4 қисмларида белгиланишича, вояга етмаган шахс меҳнат фаолиятини бошлаб, муайян даромад ёхуд иш ҳақи олаётган тақдирда, унинг миқдоридан келиб чиққан ҳолда зарарни ундириши ҳамда кўпайтиришни талаб этиши мумкин. Албатта, вояга етмаган шахс даромад манбаига эга бўлса, Фуқаролик кодексининг 1007-моддаси билан унинг йўқотилган иш ҳақи аниқланади. Вояга етмаган шахслар стипендия олаётган бўлса, уларнинг стипендиялари иш ҳақига тенглаштирилиши ҳам мумкин.

Башарти, ходимнинг айби туфайли вояга етмаган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилганда иш берувчи тўлаши лозим бўлган зарар таркиби Фуқаролик кодексининг 1008-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган ва иш ҳақи (даромад) олмайдиган вояга етмаган шахс майиб бўлиб қолган ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилган тақдирда зарар етказилганлиги учун жавобгар шахс соғлиққа шикаст етказилиши туфайли қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт.

Биз вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фикр юритар эканмиз, вояга етмаганлар манфаатларининг муҳофазасини самарали ташкил этишда ҳуқуқий тарбия ва оилани мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий муаммолари алоҳида аҳамият касб этади. Чунки мустаҳкам оила фуқаролик-ҳуқуқий жамиятнинг энг муҳим негизларидан бири бўлиб, вояга етмаганлар шахс сифатида камол топадиган ижтимоий муҳитдир. Бу борада соҳа мутахассислари, яъни педагоглар, врачлар, социологлар, ҳуқуқшунослар ва бошқалар фаолиятини шу мақсад сари бирлаштириш давр талаби ҳисобланади.

Қ.Қаршибоев, Гулистон шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси