Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки

Дата: 16.11.2016    

Мустақилликликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда фуқароларнинг ҳоҳиш-иродаларини ҳеч бир монеъликсиз руёбга чиқариш, сўз эркинлиги, фикр эркинлигини таъминлашга давлатнинг муҳим вазифалардан бири сифатида қарала бошланди.

Хусусан, истиқлол йилларида юртимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талаблар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига тўлиқ жавоб берадиган сайлов жараёнларини тартибга солувчи ҳуқуқий база шакллантирилди ва сайловларда очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлашнинг механизмлари такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади.

Мустақилликнинг дастлабки кунлари, яъни 1991 йилнинг 18 ноябрида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш принциплари, сайловнинг ўтказилиш тартиби ва шартлари, сайловнинг молиявий таъминоти, Президент сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик каби муҳим масалалар тартибга солинди.

Қонуннинг 3-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга.

Шу билан бирга, истиқлол йилларида юртимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам эмин, эркин фаолият юритишлари учун мустаҳкам замин яратилди.

Хусусан, 1996 йилда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, 1999 йилда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, 2003 йилда “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, 2007 йилда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги, 2014 йилда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги каби қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш, фаолиятларини амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, давлат ташкилотлари билан бўладиган ўзаро муносабатларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди.

Қонун ҳужжатларида “нодавлат нотижорат ташкилот” тушунчасига ҳам таъриф берилган. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузилади.

Шу ўринда савол туғилади. Яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакатимизда ўтказиладиган сайловлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда қандай ўрин тутади?

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида тури бўлиб ҳисобланадиган сиёсий партияларнинг сайловларда, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ўрни ниҳоятда муҳимдир. Сиёсий партия ҳам нодавлат нотижорат ташкилотининг бир тури ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маърузасида: “Ҳoзирги шaрoитдa сиёсий пaртиялaр фуқaрoлaрнинг сиёсий вa ижтимoий фaoллигини oшириш, aҳoлининг aйниқсa, сaйлoв жaрaёнлaридa xoҳиш-ирoдaси вa фикрини ифoдaлaш, мaркaздa вa жoйлaрдa дaвлaт ҳoкимияти oргaнлaрини шaкллaнтиришнинг муҳим таъсир ўткaзувчи вoситaсигa aйлaниши aлoҳидa aҳaмият кaсб этaди”, – деб таъкидлаган эдилар.

Сиёсий партия – бу жамиятдаги маълум бир гуруҳлар, тоифалар, қатламларнинг қизиқишларини акс этирадиган ҳамда давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва давлат ишларида қатнашиш орқали уларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўядиган кишиларнинг бирлигини ифодалайди. Бошқача айтганда, сиёсий партиялар мамлакатдаги муайян аҳолининг ёки гуруҳларнинг манфаатларини, мақсадларини ва интилишларини ифодалайдиган ҳамда қонуний воситалар ёрдамида уларни давлат сиёсати даражасига кўтара оладиган жамиятдаги ягона куч ҳисобланади. Айнан мана шу жиҳати, яъни сиёсий ҳаётда бевосита иштирок этиш орқали ўз манфаатларини ифодалаши билан сиёсий партиялар бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан фарқланади.

Бинобарин, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эгадирлар.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Қонунда Президент сайловининг молиявий таъминоти ҳақида ҳам сўз юритилган бўлиб, сиёсий партиялардан ташқари бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар ўз маблағларини сайлов ўтказиш учун ихтиёрий равишда бериш ҳуқуқига эга эканликлари назарда тутилган.

Шу билан бирга, Қонунга кўра давлат ва жамоат идоралари, сиёсий партиялар идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларининг ўз ваколатларини амалга оширишларига кўмаклашишга, уларнинг иши учун зарур маълумот ва материалларни тақдим этишга мажбурдирлар.

Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат ва жамоат идораларига, сиёсий партияларнинг идораларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат этиш ҳуқуқига эгадир, улар эса ўртага қўйилган масалани кўриб чиқиб, уч кунлик муддатдан кечиктирмай сайлов комиссиясига жавоб қайтаришга мажбурдирлар.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Бундан ташқари, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловолди ташвиқоти олиб бориш назарда тутилган бўлиб, бундай ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Қонунларимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ҳам аниқ белгилаб берилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг V1 боби “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланиб, 512-519-моддаларда тегишли сайловга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалалари белгиланган.

Жумладан, ушбу Кодексга асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 146-147-моддаларида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, шунингдек сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик масаласи ҳам назарда тутилган.

Юртимизда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва ислоҳотлар халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларнинг ҳам эътирофларига сабаб бўлмоқда. Бундай эътирофлар жумладан, мамлакатимиз ва чет эл экспертлари иштирокида Парижда ташкил этилган “Сайлов тизимини демократлаштириш ва парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт”, Тошкентда ташкил этилган “Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва демократик сайловларни ўтказишнинг халқаро стандартлари” каби халқаро конференциялар ва давра суҳбатларида билдирилган.

Мазкур ҳолатлар юртимизда ривожланган демократик давлатларда бўлгани каби кўппартиявий тизим қарор топганлигидан, сиёсий партиялар билан бир қаторда бошқа жамоат ташкилотлари учун ҳам уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишда зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлигидан далолат беради.

З.Махмудов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари