Юридик хизмат ходимларининг малакасини ошириш тизими такомиллашмоқда

Дата: 16.11.2016    

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан, давлат органларини малакали ҳуқуқшунос кадрлар билан таъминлаш, юридик хизмат ходимларининг касбий тайёргарлигини юксалтириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, замонавий талабларни ҳамда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократлаштириш жараёнларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган ушбу вазифалар ижроси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар Малакасини ошириш маркази томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Марказни ташкил этишнинг бош мақсади ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшунос ходимларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш, шунингдек ҳуқуқшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг савиясини оширишдан иборат.

Бугунги кунда Марказ томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек бошқа юридик хизматлар ходимларининг малакаси ошириб келинмоқда.

Айни вақтда ўқитиш жараёни “Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари” асосида олиб борилмоқда. Юридик хизмат ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув жараёнларига тажрибали амалиётчи мутахассислар жалб этилган. Бу эса назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илғор ўқув услубларини юридик таълимга изчил қўллаш имконини бермоқда.

Илгари Марказда ўртача 800 нафарга яқин ҳуқуқшунос кадрлар ўз малакаларини оширган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич қарийб 3000 нафарни ташкил этмоқда.

Давлат органлари, корхона ва ташкилотлар юридик хизмат ходимларининг малакасини ошириш жараёнида асосий эътибор уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, малака ошириш бўйича ўқув дастурлар ва уларнинг шакллари мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалиётдан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиб, соҳа мутахассисларининг таклифлари асосида доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Марказда юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича халқаро алоқалар кенг йўлга қўйилган. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда.

Бундан ташқари, тузилган икки томонлама шартномалар доирасида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Венгрия ва Польшанинг соҳа бўйича мутахассис ва экспертлари иштирокида халқаро учрашув ҳамда анжуманлар ташкил этиб келинмоқда. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Юристлар малакасини ошириш маркази 2014 йилда Судьяларни тайёрлаш халқаро ташкилотининг аъзолигига қабул қилинди.

Юридик хизмат ходимлари иштирокида ташкил этилаётган амалий семинарлар ва давра суҳбатлари жараёнида юристлар малакасини ошириш сифатинини янада яхшилаш юзасидан билдирилаётган фикрлар умумлаштирилиб, соҳага оид қонун ҳужатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Жумладан, юридик хизмат ходимларининг қонунчиликда белгиланган муддатларда малакасини оширишни таъминлаш, уларнинг малака ошириш билан боғлиқ харажатларини қисқартириш мақсадида Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан таълим муассасаларининг олий юридик маълумотли профессор-ўқитувчилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали ходимларини жалб қилган ҳолда, 2015 йилда Фарғона вилоятида синов тариқасида сайёр малака ошириш курслари ташкил этилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, айрим давлат органлари тизимида юридик хизмат ходимларининг тез-тез алмашиб туриши, ишга янги қабул қилинган ходимларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларнинг ошиб кетишига олиб келмоқда. Бу ўз ўрнида юридик хизмат ходимини белгиланган муддатда малака оширишга юборишда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам Марказ фаолиятини янада яхшилашга оид қатор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу Фармонда Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан масофавий таълимни амалга ошириш имконини берувчи видеоконференц алоқа тизими билан жиҳозланган унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш кўзда тутилди.

Бундан ташқари, юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат талабларини, шунингдек Юристлар малакасини ошириш марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланди.

Вазирлик олдига қўйилган ушбу вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида ҳозирда тегишли идоралар билан биргаликда бу борадаги илғор хорижий тажриба ўрганилиб, соҳа вакилларининг таклиф ва фикрлари олинмоқда ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Умуман олганда, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар давлат органларида юридик хизмат кўрсатиш, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида сифат ва самарадорликнинг сезиларли даражада ошишига, энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ж.Асадов, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи