Тошкент шаҳрида жойлашган уй-жойларни сотиб олиш, тасарруф этишнинг ўзига хос хусусиятлари

Дата: 14.11.2016    

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бозор муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Бу эса, ижтимоий-иқтисодий муносабатларни босқичма-босқич ҳамда изчил равишда ҳуқуқий тартибга солишни тақозо этади. Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.

Мулкий муносабатларнинг ривожланиши эса жисмоний ва юридик шахслар ўртасида битимлар тузиш заруратини вужудга келтиради. 
Ўз навбатида шартномаларнинг тўғри ва белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг вақтида ижро этилишини таъминлаш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ва идораларига юборилаётган мурожаатлар мазмуни ўрганилганда, аксарият фуқаролар томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган уй-жой, квартираларни ўзлари таниган фуқаролар номига, қариндошлари номига сотиб олганликлари, кейинчалик эса ушбу уй-жойларни ўз номига расмийлаштиришда муаммолар вужудга келаётганлиги ҳақида эканлиги кузатилди.

Айтиб ўтиш жоизки, 2011 йил 14 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар рўйхати қатъий белгиланган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Мазкур Низом талабларига кўра Тошкент шаҳрида жойлашган турар жойлар (уй-жой, квартира, хонадон) ҳамда нотурар биноларни ўзгага ўтказишни назарда тутувчи битимлар, агарда олувчи томон Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган, шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудудида камида уч йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган), Рўйхатнинг 2, 5, 9 - 11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этсагина амалга оширилади.

Юқоридагиларга кўра, Тошкент шаҳридаги турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни ўзгага ўтказиш билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришдаги асосий шартлардан бири бўлиб олувчи томоннинг Тошкент шаҳрида доимий пропискада эканлиги ҳисобланади.

Д.Ёқубов, Адлия вазирлиги масъул ходими