ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТИ юксалиш ва фаровонликнинг муҳим омилидир

Дата: 07.11.2016    

Фармон ва ижро

Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар нафақат мамлакатимиз иқтисодий юксалшига, шунингдек юртдошларимизнинг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда. Республикамизнинг Биринчи Президенти томонидан бу борада илгари сурилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ўз вақтида қабул қилинганини мутахасислар ҳам эътироф этишмоқда.

Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Актам Муҳаммадиев билан бўлган суҳбатимиз айнан янги муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳамда вазирлик томонидан фармон ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.

– Фармоннинг долзарблиги шундаки, бунда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси белгилаб берилди. Яъни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик кабилар давлат органларининг асосий вазифаси сифатида қайд этилди.

Навбатдаги йилдан бошлаб, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар қўлланилишидан озод этилади. Албатта, бу ўз навбатида билиб билмасдан биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорларни иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолатга тушиб қолишидан сақлайди ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан чора кўришга имконият беради.

Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни илк содир этган шахслар ҳам ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади. Бу эса рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорликни амалга ошираётган шахсларга фаолиятини қонунийлаштиришга шароит яратади.

Бундан ташқари, фармонга асосан, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди. Ҳозирда Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига мувофиқ асосий ёки қўшимча жазо сифатида тадбиркорлик субъектларига нисбатан бундай жазо тури қўлланилиб келинаётган бўлиб, бу ҳолат фуқароларимизнинг маълум муддат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаб қўймоқда. Тадбиркорларимизга нисбатан бу турдаги жазонинг қўлланилмаслиги уларнинг келгусида ўз фаолиятини давом эттиришга хизмат қилади.

– Фармонга кўра 2017 йил 1 январдан режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Бу тадбиркорлар учун қандай имкониятлар яратиб беради?

– Шуни эътироф этиш лозимки, аксарият тадбиркорларимизни доимий равишда безовта қилиб турган масалалардан бири – бу улар фаолиятида ўтказилаётган текширишлардир. Фармонда назорат қилувчи идораларнинг тадбиркорлар фаолиятига аралашувини кескин қисқартиришга қаратилган нормалар белгиланиб, режадан ташқари текширишлар фақатгина юридик шахснинг тугатилиши муносабати билан ва қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлар асосида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра қисқа муддатли режадан ташқари текширишларга рухсат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг туман комиссиялари томонидан бериб келинмоқда. Янги тартибга кўра, бундай текширишлар ўтказиш учун фақатгина Республика кенгашидан розилик олиниб амалга оширилади. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.

Амалиётда муқобил текширишларни ўтказишда турлича ёндашувларга йўл қўйилаётган эди. Яъни, бир тадбиркорда ўтказилаётган текшириш ёки жиноят иши доирасида иккинчи тадбиркор билан боғлиқ муносабатлари аниқланса, иккинчи тадбиркор фаолиятини ҳам тўлиқ текшириш ҳолатлари учраб турарди. Бу эса тадбиркорларимизнинг ҳақли норозиликларини келтириб чиқарарди. Эндиликда эса бундай текширишларга батамом барҳам берилади.

Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун эндиликда қандай жавобгарлик чоралари қўлланилади?

– Ушбу муҳим ҳужжат талабига асосан, мутасадди давлат идораларига тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Қонунчилигимизга кўра, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун давлат идоралари мансабдор шахслари интизомий, маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. 2015 йил 21 августдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига 11 та моддадан иборат алоҳида боблар киритилиб, тадбиркорликка тўсқинлик қилганлиги учун давлат идоралари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Ҳозирги кунда адлия ва прокуратура органлари томонидан бу масала алоҳида назоратга олиниб, айбдорларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этиб келинмоқда. Биргина адлия органлари томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида қўлланилган таъсир чоралари натижасида тадбиркорлар ҳуқуқларини бузган 1 минг 567 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, шундан 82 нафари вазифасидан озод этилди, 586 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Давлат идораларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини чекловчи 949 та ноқонуний ҳужжатлари бекор қилинди.

Бундан ташқари, тадбиркорларга етказилган зарарларни мансабдор шахсларнинг чўнтагидан ундиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган ҳисобот даврида судларга тадбиркорлар фойдасини кўзлаб 189 нафар мансабдор шахслардан 114 миллион 600 минг сўм моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво аризалари киритилган.

– Мазкур фармонда судларнинг тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини оширишда ҳам бир қатор вазифалар юклатилган...

– Дарҳақиқат, ушбу ҳужжатда тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги вазифа ва ваколатларни босқичма-босқич назорат қилувчи органлардан судларга ўтказиш белгиланди. Ушбу тартиб тадбиркорларни ҳимоя қилишда судларнинг ролини оширишга йўналтирилган навбатдаги қадамдан биридир. Ҳозирда республикамизда 30 га яқин назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорларга нисбатан мустақил равишда маъмурий жарималар қўлланилиб келинмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим идораларда тадбиркорларга нисбатан маъмурий жазоларни қўллашда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларини жиддий равишда бузилишига йўл қўйилмоқда. Масалан, адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 2014-2015 йиллар давомида назорат идоралари томонидан маъмурий жазоларни қўллаш бўйича 15 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Ваҳоланки, суд амалиётида мазкур турдаги ишларни кўриб чиқишда аксарият ҳолларда тадбиркорларнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳамда моддий аҳволини инобатга олиб, енгилроқ маъмурий жазо чоралари қўлланилиши ёки огоҳлантирилиши кузатилади.

Шу сабабли, тадбиркорларга нисбатан маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатининг судларга ўтказилиши, мазкур ишларнинг адолатли ва холисона кўриб чиқилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, фармон билан хўжалик судлари томонидан ҳакамлик судлари қарорларини мажбурий ижро этишга ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни кўришда тадбиркорлик субъектлари давлат божи тўлашдан озод этилди. Суд мажлисларида аудио ва видео қайд этиш механизмларини жорий этиш, қабул қилинган қарорларнинг веб-сайтларда эълон қилинишини таъминлаш кабилар назарда тутилди.

Бизнес омбудсман институтнинг жорий этилиши соҳа вакилларига қандай янгилик яратади?

– Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида вакил институтини ташкил этилиши тадбиркорлар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишга қаратилган навбатдаги катта қадамдир.

Бу борадаги илғор хорижий тажриба шуни кўрсатадики, АҚШ, Германия, Испания каби ривожланган давлатларда ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади.

Фармонда Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилаётган вакилнинг асосий вазифалари сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш кабилар назарда тутилди.

Ушбу фармонда Адлия вазирлиги зиммасига бир талай вазифалар юкланган...

Бугунги кунда мазкур муҳим ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан вазирлигимизда Бош прокуратура билан ҳамкорликда барча мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ҳозир улар томонидан давлат идораларининг вазифа ва ваколатларини танқидий таҳлил қилиш орқали бир-бирини такрорлаган назорат функцияларини қисқартириш, тадбиркорликни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, профилактика қилиш, уларга йўл қўймаслик борасидаги тадбирларнинг самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, рухсат берувчи ва лицензиялаш тартиботларидан ўтишда шаффофликни ошириш, уларнинг сони ва кўриб чиқиш муддатини оптималлаштириш, шу жумладан коррупцион омиллар шаклланишини бартараф этиш ва бюрократия ҳолатларини тугатиш мақсадида айрим рухсат берувчи ҳужжатларни ва лицензия турларин бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, фармон билан тасдиқланган дастурда тадбиркорлик субъектларини жаҳон интернет ахборот тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш вазифаси белгиланди. Ҳозирги кунда вазирлигимиз томонидан бу йўналишдаги ишлар бошланган бўлиб, ушбу субъектларни рўйхатдан ўтказишни янада соддалаштириш, бунда улар тақдим этаётган ҳужжатлар ва муддатларни қисқартириш, интернет тармоғи орқали автоматлаштирилган режимда рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Жумладан, Ягона дарча марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар рўйхати ҳам кенгайтирилмоқда. Ҳозирда ушбу марказлар томонидан тадбиркорларга 16 турдаги хизматлар кўрсатилаётган бўлиб, улар томонидан ўтган тўққиз ой давомида 75 мингдан ортиқ давлат хизматлари амалга оширилган. Бу тизим, албатта, тадбиркорларимизнинг юкини енгил қилишга, уларнинг вақти ва маблағини тежашга хизмат қилиши билан аҳмиятлидир. Бугунги кунда вазирлигимиз томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар ва марказларнинг имкониятларини, уларда ахборот коммуникация тармоқларининг мавжудлигини инобатга олиб, марказлар кўрсатаётган хизматлар рўйхатига қўшимча хизматлар киритиш юзасидан таклифлар кўриб чиқилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, яратилаётган барча қулай имкониятлар келгусида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётини кенгайтиришга хизмат қилади.

“XXI asr” мухбири Севара АЗИМОВА cуҳбатлашди