Оила қонунчилигининг ҳуқуқий асослари

Дата: 04.11.2016    

Соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ва шу орқали соғлом авлодни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган.

Маълумки, инсон бахт-саодати учун оила муҳим ўрин эгаллайди. Зотан, оила – бу яшаш муҳити, инсонни шакллантирувчи макон. Ҳар бир инсон дунёга келгач, оила муҳитида ҳаёт учун зарур бўлган эҳтиёжларини қондириб, вояга етади. Бола оила қучоғида, ота-онаси ва яқин кишилари қуршовида ўзини тўлиқ муҳофазаланган ва бахтли сезади. Оила инсон камолотининг олтин бешигидир. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистонда оилани мустаҳкамлашга, ёш авлодни жисмоний ва руҳий соғлом қилиб тарбиялашга катта эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат. Ҳуқуқий давлатда оилавий муносабатларга оид аҳлоқий нормалар ҳуқуқий қоидалар билан узвий боғлиқдир.

Ҳуқуқий нормаларни муайян муносабатларга татбиқ қилиниши, умуминсоний аҳлоқ талабларини амалга оширишни таъминласа, аҳлоқий нормалар эса, ўз навбатида, қонунларни бузмасдан тўғри амалга ошириш, қонун талабларига оғишмай риоя этиш учун зарур ҳиссиётларни туғдиради. Адолат ва тенглик қарор топган демократик жамиятда оилавий муносабатлар юксак идеаллар – муҳаббат, дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат-иззат тамойиллари асосида тузилиши муқаррар. Никоҳнинг озод бўлиши, эр ва хотиннинг никоҳга ўтишининг эркин бўлиши оила муносабатларининг мустаҳкам ва абадий бўлиши учун гаровдир.

Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдан асосий мақсад оиланинг мустаҳкам бўлишидан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик замирида барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан иборат. Ушбу мақсад оилавий муносабатларни тартибга солувчи барча қонун ҳужжатларининг ғояси ҳисобланади.

Мамлакатимизда оиланинг ҳуқуқий асоси биринчи навбатда бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда махсус "Оила” боби билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциямизда ушбу норманинг мавжудлиги бошқа қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида оиланинг ҳуқуқий ҳолати, оила аъзолари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва оилавий-ҳуқуқий муносабатлар бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Ўзбекистон Респу бликасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғри­сида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг бир қатор Фармонлари, жумладан, 2007 йил 18 майдаги "Ёш оила­ларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, бошқа қатор қарорлар ва меъёрий ҳужжатларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида “Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади”.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан 2013 йил 30 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ никоҳ ёшига амал қилмасликка қарши чора-тадбирлар кучайтирилди. Чунки соғлом фарзанд фақатгина соғлом ота-онадан туғилади. Бунда эса никоҳ ёши муҳим аҳамиятга эга.

Қонунга кўра никоҳ муносабатларига киришишда қонунда белгиланган ёшга амал қилмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахс билан оила қурганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригага миқдорда жарима солинади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун ҳам эндиликда жавобгарлик тайин. Бу ҳолат энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Оила кодекси тизимига назар соладиган бўлсак, унда никоҳ, қон-қариндошлик ва болаларнинг насл-насабини белгилаш, ота-она ҳамда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги оилавий муносабатларни тартибга солиш масалалари нормаланган.

Оила қонунчилигини такомиллаштиришга оид ислоҳотлар натижасида Оила кодексига янгилик сифатида "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш” қоидаси кириб келди. Унда Оила кодекси 17-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди: "никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади”. Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш каби муаммоларни ҳал қилади. Зеро, икки ёшнинг ҳали қонуний никоҳдан ўтмай туриб, бир-бирларининг соғлиғи ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши оила мустаҳкамлиги ва тотувлигининг гаровидир.

М.Дурсунова, Гулистон тумани ФҲДЁ бўлими инспектори в.в.б.