Сайлов – демократиянинг муҳим белгиси

Дата: 04.11.2016    

Эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий давлат барпо этишни сайловларсиз тасаввур қилиб бўлайди, албатта. Зеро, сайлов жараёнида жамиятдаги хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий-сиёсий кайфиятлари аниқ намоён бўлади.

Демократиянинг энг муҳим тамойили – одамларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳақиқий шарт-шароит, ҳуқуқий замин яратиб бериши лозим.

Юртимизда мустақиллик йилларда демократик талабларга жавоб берадиган, умумэтироф этилган халқаро норма ва тамойилларга тўла мос келадиган сайлов қонунчилиги шакллантирилди.

Конституциямизга, сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган ўзгаришлар ва қўшимчалар сайловларни ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, фуқаролар сайлов ҳуқуқлари халқаро андозаларига мос келишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Жумладан, Конституциямизда ва бошқа сайловга оид қонунларда сайловларнинг умуммиллий, ошкоралик, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик, бевоситалик (тўғридан-тўғри), адолатлилик ва овоз беришдаги яширинлик принципи ўз аксини топган бўлиб, сайловлар кўп партиявийлик ва мажоритор асосида ўтказилмоқда, шунингдек сиёсий партияларга, сайловчилар бошқа гуруҳларига (экологик ҳаракатига) тенг шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, барча фуқаролар бир хил сайлов ҳуқуқларига эгалиги белгиланиб, уларнинг ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеи бирон-бир даражада таъсир этмаслиги қайд этилди.

Шу билан бирга, Конституциямизга киритилган сўнгги ўзгартиришлардан бири сифатида Марказий сайлов комиссиясининг мақомининг алоҳида белгилаб берилиши ҳам сайлов институтининг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда тутган ўрни ошиб бораётганлигидан дарак беради.

Фуқаролар сайлов орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишлари, бевосита ўзлари ёки вакиллари орқали мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсир ўтказишлари сабабли сайлов тўғрисидаги қонун хужжатлари доимий такомиллаштирилиб бориши табиий ҳолдир.

Ҳозирга кунда мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида катта сиёсий кампания – жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига қизғин равишда юқори савиядаги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Зеро, сайловлар нафақат демократиянинг қай даражада намоён бўлиши, балки, ушбу жараённинг мустаҳкамловчи, одамларнинг сиёсий онгини, уларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантирувчи, демократик кўникмаларини, ўз хоҳиш-иродасининг эркин ифодасини белгиловчи омил сифатида сиёсий партиялар, фуқароларнинг фаол иштирокларини таъминлашга қаратилган сиёсий-ҳуқуқий жараён сифатида хизмат қилади.

Д.Набиева. Мирзаобод туман ФҲДЁ бўлими мудири