Тезкорлик, қулайлик ва самарадорлик — муҳим мезон

Дата: 02.11.2016    

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари
миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон
қилинадиган расмий манба мақоми берилди.

Маълумки, шу йилнинг 23 сентябрида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига ўзгартишлар киритилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — LexUz га расмий манба мақоми берилди.

Бу мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча жабҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бугун дунё миқёсида кечаётган жараёнларни кузатиб, таҳлил қилар эканмиз, тараққиётнинг ҳозирги босқичида ахборотнинг ўрни ва мавқеи тобора ортиб бораётгани ва, табиийки, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари давлат ҳамда жамият ривожининг асосий омилларидан бирига айланаётганини кўрамиз. АКТ давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига, иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларга, фан, таълим, маданият ва, умуман, инсониятнинг турмуш тарзига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда.

Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларининг жадал тараққиёти аҳоли кенг қатламига қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, ҳуқуқий мазмундаги маълумот ва ахборотларни тарқатишда янги имкониятларни яратаяпти. Бинобарин, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш уларнинг айни йўналишдаги ахборот билан таъминланганлик даражасига бевосита боғлиқ.

Ҳамма давлатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шарти ҳисобланади. Худди шундай, мамлакатимизда ҳам мазкур принцип амалиётга татбиқ қилинган ва Конституциямизнинг 84-моддасида қонуний мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар санаб ўтилган бўлиб, улар қаторидан эндиликда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳам ўрин олгани эътиборлидир.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон шаклда расмий эълон қилиниши бир қатор қулайликларга эга. Хусусан, улар:

- қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тезлигининг юқорилиги;

- исталган вақтда ҳамда Интерент тармоғи мавжуд бўлган исталган жойда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси орқали қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни олиш ва улардан фойдаланиш имконининг мавжудлиги;

- аҳоли учун қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни олиш ва улардан фойдаланишнинг бепуллиги;

- қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш анчагина арзон эканлиги (қоғоз кўринишда тарқатилишига таққослаганда);

- қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон шаклда сақлашнинг қулайлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни излаб топишнинг осон ва қулайлиги;

- қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан чекланмаган миқдорда кўчирма нусха олиш ва кўпайтириш имкони мавжудлиги ва бошқалардир.

Шу ўринда мазкур база Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2000 йил 5 августдаги “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил қилингани ҳамда республика ҳукуматининг тегишли қарорига кўра ундан фойдаланиш барча учун бепул ва тўсиқсиз амалга оширилиши йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирги кунга қадар LexUz га қарийб 40 мингта ўзбек ва рус тилларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган. Унинг узлуксиз ишлашини кафолатлаш ҳамда ўз вақтида янгилаб бориш ишлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази томонидан бажарилиб келинмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат ташкилотлари ўртасида ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг энг самарали механизмига айланаяпти. Чунончи, ҳозирда ушбу ахборот ресурсидан бир кунда ўртача 12 минг нафар юридик ва жисмоний шахс фойдаланмоқда.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида бажарилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида замонавий интернет тармоғи юртимизнинг энг олис туман ва қишлоқлари аҳолиси турмуш тарзига ҳам кириб бораётир. Бу эса фуқароларимизни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан жой олаётган янги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан, бошқача айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларидан on-line режимида ўз вақтида бохабар қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Даставвал сўз юритганимиз — Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига киритилган ўзгартишлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач амалга киритилади. Бу муддатда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш учун тизимни техник қайта кўриб чиқиш, дастурий таъминотни модернизация қилиш, лицензияли дастурий воситаларни олиш ва ўрнатиш ҳамда бошқа чора-тадбирларни якунлаш назарда тутилган. Шунга кўра айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази томонидан тегишли ташкилий-техник ишлар бошлаб юборилди.

Шак-шубҳасиз, давр талабидан келиб чиқиб интернет тармоғи орқали қонунчиликка доир ахборотларни етказиб бериш сифати ва самарадорлигини янада ошириш йўлидаги бу саъй-ҳаракатлар жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, барча жабҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси интернет тармоғининг www.lex.uz манзилида жойлашган.

Б.Хасанов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бўлим бошлиғи