Эр-хотиннинг фамилия танлаш ҳуқуқи

Дата: 01.11.2016    

Бўлғуси келин-куёвлар никоҳдан ўтиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида иш юритиш тартиби ҳақидаги йўриқноманинг қайд этиш бобида кўрсатиб ўтилган махсус аризани тўлдирадилар.

Кўпинча ушбу аризанинг никоҳ қайд этилгандан сўнг қуйидаги фамилияларда бўлишни ҳоҳлаймиз деган банди келин-куёвларнинг тортишувига сабаб бўлади.

Куёв келиннинг никоҳдан кейин унинг фамилиясига ўтишини ҳоҳлайди.

Келин бўлса ўтмайман, менинг дипломим бор , икки хил фамилияда бўламанми деган фикр билдиради. Ўзбекистон Республикаси “Оила” кодексининг 20-моддасида эр ва хотиннинг фамилия танлаш ҳуқуқи белгилаб қуйилган.

Фамилия танлаш ҳуқуқи эр ва хотинга тегишли бўлган муҳим шахсий ҳуқуқ ҳисобланади. Никоҳга кирувчиларга ўзаро келишиб фамилия танлаш ҳуқуқи берилади. Улар никоҳгача бўлган ўз фамилияларини сақлаш ҳуқуқига эга бўлганларидек, эр-хотин ўз хоҳиши билан бирининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлаш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.Фамилия танлаш эр-хотиннинг ҳар бирининг шахсий иши бўлиб, бу масала бошқа шахсларнинг аралашувисиз фақат уларнинг ўзи томонидан ҳал қилиниши лозим. Фамилия масаласини ҳал қилиш бошқа ҳуқуқлардан воз кечиш ҳисобига ҳал қилиниши мумукин эмас.

Эр-хотинниниг фамилия танлаш масаласи никоҳни қайд этиш вақтида ҳал қилиниши лозим. Эр-хотиндан бири кейинчалик фамилиясини ўзгартириб умумий фамилия қабул қилмоқчи бўлса, уни фамилияларни ўзгартириш учун белгиланган умумий қоидаларга риоя қилиб ўзгартириши мумкин.

Никоҳга ўтувчиларга уларнинг фамилия танлаш ҳуқуқрини тушунтириб бериш никоҳни қайд этувчи мансабдор шахснинг вазифаси ҳисобланади.

Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги таркибига кирган давлатларнинг қонунчилик тажрибасида эр-хотиннинг иккита фамилияда, яъни эр ва хотиннинг қўшма фамилиясида бўлиши ҳоллари хам бор. Бироқ қўш фамилия унча тушунарли бўлмаганлиги ва ноқулайлиги, бундай фамилияни, айниқса туғилиш, никоҳ,ўлимни қайд этиш вақтида ёзиш қийинлиги, бунинг устига, қўш фамилия оммалашмаганлигини ҳисобга олиб, бу тажрибадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас, деган фикр ҳам мавжуд.

Республика ҳудудида никоҳни қайд этувчи мансабдор шахслар эр-хотининг қўш фамилиясини умумий фамилия қилиб танлаб олмайдилар, чунки амалдаги қонунда бундай қоида мавқжуд эмас.

Эр-хотин никоҳга киришда фамилияни эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлганидан никоҳ давомида ҳам фамилия масаласини хал қилишда мустақил ҳуқуқга эгадир.

Никоҳ давомида эр-хотиннинг ўз фамилияси ўзгартириши иккинчисининг фамилиясини ўзгартиришга мажбур қилмайди. Бундай холда масала фамилия эгаси томонидан оила ва шахснинг манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, мустақил ҳал қилинади. Ҳатто никоҳдан ажратиш вақтида хам эр-хотиннинг фамилияси ҳар бириниг шахсий талабига асосан ўзгартирилиши мумкин. Бу қоидага асосан никоҳга кириш вақтида умумий фамилия қабул қилинганда, эр ёки хотин никоҳдан ажралишда унинг фамилиясини умумий қилиб қабул қилган эр ёки хотиндан никоҳгача бўлган ўз фамилиясини қайта тиклашни талаб қила олмайди.

Никоҳ ҳақиқий ҳисобланмаган ҳолда никоҳни тузиш вақтида фамилиясини ўзгартирган шахсларнинг никоҳгача бўлган фамииялари тикланади, лекин никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳоллар борлигини билмаган шахслар никоҳ тузиш вақтида қабул қилинган фамилияларини сақлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Х.Асланова, Ховос тумани ФХДЁ бўлими мудираси