Шартнома интизомини мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили

Дата: 01.11.2016    

Мамлакатимизда эркин бозор иқтисодиётини ривожланишида шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлашнинг долзарблиги ошиб бормоқда. Чунончи, бозор иқтисодиёти шароитида хусусий секторнинг бир -бири ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан ўзаро товар ва хизматлар алмашинуви тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади ва тартибга солинади. Шундай экан, шартномавий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши ҳамда уларни амалда ишлашлигини таъминлаш давлат иқтисодий ва ҳуқуқий сиёсатининг муҳим масалалардан ҳисобланади.

Ўзбекистонда шартномавий муносбатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш юзасидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари, шартнома интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган даврда соҳага оид ҳуқуқий базани шакллантириш ва мустаҳкамлаш борасида бирмунча ижобий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, шартнома интизомини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинган қатор Президент фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари бу соҳани тартибга солувчи асосий норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, уларни эмин-эркин фаолият юритиш учун қулай инвестиция муҳитини шакллантириш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар негизида иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун бизнес субъектларининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг фаолиятга тўсиқ ва ғов яратувчи ҳолатларга барҳам бериш, бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида товар ишлаб чиқариш ва айрибошлашни тарақий эттиришга қаратилган тадбирлар ҳаётга кенг тадбиқ этилмоқда.

Хусусан, Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликнинг бугунги кундаги ривожланиши тадбиркорлик субъектларига шартномалар тузишда, бажарилишида, низоларни ҳал этишда, умуман хусуссий секторнинг ўзаро муносабатларида давлат органлари аралашувини чеклашга қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назарда, амалдаги қонунчиликда шартномавий муносабат субъектларига кенг эркинлик берилган бўлиб, шартнома тузишнинг ихтиёрийлиги, тарафларнинг тенглиги, ўзаро мулкий жавобгарлиги, шартнома интизомига риоя қилиши каби асосий қоидалар белгиланган. Бунинг исботи сифатида шартномавий муносабатлар бўйича қонун нормаларида айрим ҳолатларда қонунчиликда белгиланган қатъий қоидалар билан бирга шартнома тарафларига ҳам шартнома шартларини келиш имкониятлари берилади. Мисол сифатида, Фуқаролик кодексида тарафларга шартнома талаблартни белгилаш имкониятини яратувчи “агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса” каби нормалар кўплаб мавжудлигини кўрсатиш мумкин.

Шу билан бирга, давлат ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ҳам шартномавий муносабатлар ҳам мавжуд-ки, уларни норматив ҳужжатлар билан батафсил тартибга солинганлигини кўришимиз мумкин. Чунки, давлат муассасалар, давлат улуши мавжуд корхона ва ташкилот шартномавий муносабат субъекти сифатидаги фаолият олиб боришини умумий нормалар билан белгилашда маълум мураккабликларни юзага келтиради. Хусусан шарнома тузишнинг ихтиёрийлиги, тарафларнинг тенглигини таъминлашда хусусий субъектлар ҳуқуқларига риоя этишни таъминлаш учун бу соҳа муфассал тартибга солинган. Бунга мисол қилиб, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича контрактация шартномаларини келтириш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидан шартномавий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сонли қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинган.

Ушбу низом қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар, тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш ва уларни бажаришда пайдо бўладиган муносабатларни тартибга солади, шунингдек уларни туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди

Такидлаш жоиз-ки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда давлат органларининг асосий вазифалари сифатида шартномалар тузишда хўжалик юритувчи субъектларга ёрдам кўрсатиш, шартномалар тузиш ҳамда уларни бажаришнинг аҳволи тўғрисидаги статистика маълумотларини умумлаштириш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда шартномаларнинг бажарилиш жараёнини назорат қилиш, юридик хизматларнинг ишини ташкил этишда кўмаклашиш, шартномасини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнида қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари бўйича жавобгарликка тортиш масаласини қўйиш белгиланган.

Бизга маълумки, фермер ҳўжаликлари томонидан етиштирилган маҳсулотлар контрактация шартномаси орқали ҳарид қилинади, ўз навбатида фермер хўжаликларига моддий техника ресурслари етказиб бериш, уларга хизмат кўрсатиш, улар эҳтиёжлари бўйича иш бажариш тегишли шартномалар орқали тартибга солинади. Шарноманинг хар икки томондан тўлиқ бажарилиши эса фермер хўжаликлари ва давлатга фойда келтиради. Ушбу жараёнга тўсиқларни олдини олиш учун назорат олиб борувчи органларнинг ўз ўрни мавжуд.

Шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш соҳасида адлия органларига ҳам қатор вазифалар юклатилаган.

Хусусан, адлия органлари хўжалик юритувчи субъектларга шартномаларни, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасидаги хўжалик шартномаларини тузишда ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади, шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар ишлаб чиқади, шартнома интизомини бузганлиги учун жавобгарликка тортишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар қўлланиши устидан назорат олиб боради, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг шартнома интизомига риоя қилиши бўйича масъулиятини ошириш юзасидан иш олиб боради, қишлоқ хўжалигида шартномалар тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунчиликка риоя қилиши устидан назорат олиб боради.

Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, адлия органлари, энг аввало, қишлоқ хўжалиги соҳасида тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан, фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган контрактация ва бошқа турдаги шартномаларнинг бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда.

Шу ўринда, шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш, шартномаларни тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларга амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида мунтазам равишда зарур чора-тадбирлар кўриб келинаётганини таъкидлаш жоиз.

Бу йўналишда 2016 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 53 мингдан ортиқ шартномаларнинг қонунийлиги ўрганилиб, уларда 7,5 минга яқин камчиликлар аниқланди ва баратаф этилиши таъминланди. Бундан ташқари, 19 мингдан ортиқ шартномалар тузилиш жараёнида томонларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шартнома интизомини мустаҳкамлаш бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 12 мингдан ортиқ ҳолатларда шартнома шартларига риоя этилмаганлиги аниқланган. Ушбу қонунбузилишларини баратараф этиш мақсадида хўжалик судларига жами 670 та 3 747 млн. сўмлик даъво аризалари киритилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича турли идораларга 55 та тақдимномалар, шартнома интизомига риоя қилмаган 205 нафар мансабдор шахсларга нисбатан огоҳномалар, 65 нафар шахсларга интизомий, 20 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик таъсир чоралари қўлланиши таъминланган.

Мисол учун “Сирдарё пахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ тизимидаги 6 та пахта тозалаш корхоналар фаолиятида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан фермер хўжаликлари ўртасида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни ва улар билан тузилган шартномалар талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Ўрганишлар натижасида, фермер хўжаликларига 90 фоиз миқдорида пул маблағларининг ўз вақтида тўланмаганлиги аниқланди ва бу бўйича фермер хўжаликларининг манфаатини кўзлаб вилоят хўжалик судига 326 та 1 937,2 млн. сўмлик даъво аризалари киритилди.

Шунингдек, контрактация шартномалар мажбуриятларини бажармаганлиги ҳолати юзасидан пахта тозалаш корхоналарнинг 6 нафар мансабдор шахсларига нисбатан МЖтКнинг 1761-моддаси билан маъмурий таклифлар тегишли судларга юборилди.

Шунингдек, шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш ва шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича мониторинг юритилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Жумладан, бошқарма томонидан ўтказилган мониторинг натижасида шартнома бажарилиши бўйича қонунбузилиши ҳолати аниқланганлиги учун “Оқолтиндонмаҳсулотлари” АЖ га нисбатан тақдимнома киритилиб, мазкур тақдимномага асосан фермер хўжаликларига 1 134,6 млн. сўм пул маблағлари тўлаб берилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан фермер хўжаликлари ва турли ташкилотларнинг қарздор корхоналардан норози бўлиб ёзган аризалари батафсил ўрганилиб, уларнинг манфаатини кўзлаб вилоят хўжалик судига даъво аризалари киритилиб келинмоқда.

Хусусан, Оқолтин туманида фаолият юритаётган “Гулшани Роз” фермер хўжалиги раҳбарининг 2015 йил пахта ҳосилидан 90 фоизлик тўловдан тўланиши лозим бўлган 8 695 056 сўм пул маблағларининг “Сардоба” пахта тозалаш акциядорлик жамияти томонидан ўрганиш кунга қадар тўлиқ тўлаб берилмаётганлиги ҳақидаги шикояти бўйича хўжаликка 8 695 056 сўм асосий қарз ва 802 080 сўм пеня, жами 9 497 136 сўм пул маблағларини суд орқали ундириб берилди.

Худди шундай, “Гулистон Карвон транс сервис” шўъба корхонаси томонидан кўрсатилган техника хизмати учун 5 та пахта тозалаш акциядорлик жамиятлари қарздорликни тўламаётганлик ҳолатлари бўйича тадбиркорлик субъекти манфаатида судларга киритилган даъво аризалари бўйича 148 986 минг сўм асосий қарзлар, 8 146 минг сўм пеня жами 157 132 минг сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Фермерлар манфатини ҳимоя қилиш, ўз навбатида шартномавий режаларини бажармаган фермерларга нисбатан чора кўришда, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг юридик хизматларига адлия органлари томонидан амалий ёрдам кўрстатилиши таъминланмоқда.

Хусусан, жорий йилда “Давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон маҳсулотини харид қилиш бўйича” тузилган контрактация шартномаларида белгиланган миқдорда дон маҳсулотини етказиб бермаган 207 та фермер хўжаликларига нисбатан тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан жами 605 та 8 420 млн. сўмлик даъво аризаларни хўжалик судига киритилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги Қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилиши юзасидан адлия органларига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтказилган назорат тадбирлари натижасида қонунбузилиш холатлари аниқланган.

Жумладан, фермер хўжаликлари ва тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузилиши, уларни рўйхатдан ўтказишни бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб борилиши бўйича айрим ташкилотлар ва қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари томонидан юқоридаги Низом талабларида юклатилган вазифаларга нисбатан бефарқлик билан қаралганлик холатлари юзасидан аниқланган қонунбузилиш холатлари бўйича 9 та тақдимномалар киритилиб, қонунбузилиш холатларига йўл қўйган айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар белгиланди.

Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан 2016 йил хосили учун мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини харид қилиш бўйича контрактация шартномаларини имзоланишида тарафларга ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бунинг натижасида вилоят бўйича 5610 та 126 570 тонналик ушбу турдаги контрактация шартномалари тузилиб, уларнинг бажарилиши назоратга олинганлиги туфайли бугунги кунда фермерлар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар экспортга қаратилган.

Шу билан бирга адлия бошқармаси томонидан вилоятда мавжуд бўлган жами 4160 та фермер хўжаликлари билан 2016 йил учун пилла харид қилиш бўйича 615 тоннага контрактация шартномалари имзоланиши таъминланди.

Мазкур шартномалар бўйича бўнак маблағлари тўланиши юзасидан доимий мониторинг назоратлари олиб борилиб, тайёрлов ташкилотига нисбатан шартномавий мажбуриятларини бажармаганлик учун киритилган тақдимнома асосан фермер хўжаликларига 656,1 млн. сўм бўнак пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланган.

Шу каби адлия органлари томонидан коммунал хизматлар бўйича хўжалик шартномаларини назоратини ҳам олиб бормоқда.

Масалан, Сирдарёҳудудийэлектртармоқлари” корхонаси АЖ тизимидаги Ширин шаҳар, Боёвут, Ховос ҳамда Мирзаобод туман электр тармоқ корхоналарида 2014-2015 йиллар ҳамда 2016 йилнинг ўтган даври давомидаги фаолиятида шартномаларнинг тузилиши ва бажарилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.

Ўрганишда корхоналар фаолиятида шартномаларнинг тузилиши ва бажарилишида бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида қонунбузилиши ҳолатлари бўйича “Сирдарёҳудудийэлектртармоқлари” корхонаси АЖ га тақдимнома киритилди. Киритилган тақдимнома натижасида жами 8 нафар масъул ходимларга нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, ушбу корхоналарда вужудга келган муддати ўтган дебиторлик қарздорликлар ўз вақтида ундирилмаганлиги бўйича масъул ходимларига нисбатан МЖтК 1753-моддасига биноан маъмурий таклифлар тегишли идорага киритилди, мазкур таклифларга асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилинганлик ҳолати бўйича маъмурий жарима жазолари тайинланди.

Юқорида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, адлия органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, уларни такомиллаштириш, фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан асослантирилган таклифлар доимий равишда ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритиб борилмоқда.

Шартномавий-ҳуқуқий интизом ҳар бир тарафдан ўз зиммасига олган мажбуриятни тўлиқ ва лозим даражада бажаришни талаб этади. Интизомга риоя этиш қонуний манфаат кўришни, шунингдек, ишчанлик обрўсини мустаҳкамлашни таъминлайди.

А.ТашкуловСирдарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи