Қишлоқ хўжалигида ер ижара муносабатлари - ҳуқуқий асос ва самарадорлик

Дата: 31.10.2016    

Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида чуқур ўйланган ва узоқни кўзланган, босқичма-босқич ислоҳотлар ўтказилди. Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишнинг мақбул механизмларини яратиш, қишлоқ хўжалиги юритишнинг самарасиз ва қолоқ усулларидан воз кечиш, уларнинг ўрнига бугунги замон талабларига жавоб берадиган фермер хўжаликларини шакллантириш мустақилликнинг дастлабки даврларида амалга оширилган самарали ислоҳотдир.

Кейинги даврларда фермер хўжаликлари фаолиятини чуқур мониторинг қилиш, ерлардан самарали фойдаланишда йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганиш ва таҳлил этиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида амалга оширилган бир қатор ижобий ўзгаришларни ҳисобга олиш натижасида фермер хўжаликларини ер участкаларини оптималлаштириш ва самарасиз иш олиб бораётган фермер хўжаликларини тугатиш билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилди. Фермер хўжаликларининг самарадорлиги ошириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишга қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, аграр соҳа ривожланишининг мақбул ечимлари ва йўналишлари ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда фермерлик ҳаракатига устувор аҳамият берилиб, қишлоқда мулкдорлар синфини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган сиёсат самарасида 2000-2011 йилларда фермер хўжаликларида дон етиштириш 10 баробар, картошка 13 баробар, мева 26 баробар, узум 20 баробардан зиёд ошди.

Фермерлик ҳаракати мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим бўғини саналади. Бугунги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари 73 минг 588 та бўлиб, уларнинг 56 фоизи пахтачилик ва ғаллачилик йўналиши, 23 фоизи боғдорчилик, 8 фоизи чорвачилик, 13 фоизи эса мева-сабзавотчилик соҳасида фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми сезиларли даражада ошиб, тармоқнинг миллий иқтисодиётдаги роли ва таъсири кескин кучайди. Хусусан, 2000-2014 йилларда фермер хўжаликлари томонидан дон етиштириш ҳажми 10 баробар ошган бўлса, пахта ҳосили тўлиқ уларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда[1].

Қишлоқ хўжалигида мол-мулкдан фойдаланиш ва меҳнатни ташкил қилишнинг энг илғор шакли сифатида ижара муносабатларини кенг жорий этиш, ривожлантириш ва мулкдорлар синфини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2003 йил 27 ноябрдаги “2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 5 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигида ижара муносабатларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2003 йил 30 октябрдаги “2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари алоҳида аҳамият касб этди.

Мамлакатимизда фермер хўжаликларини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2005 йил 18 ноябрдаги 237а-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан белгиланади.

Хорижий мамлакатларда ер муносабатлари соҳасида ўтказилган ислоҳотлар, ерга нисбатан мулкчилик шаклининг ўзгартирилиши ва ерга нисбатан давлатнинг монопол ҳуқуқи ўзгартирилиб, ундан фойдаланувчилар доираси кенгайтирилиши катта иқтисодий самара беришига олиб келган.

Хусусан, Болгарияда 1992 йилда “Ер тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда мамлакатда эркин ер бозорини шакллантириш назарда тутилган.

Руминияда эса 1991 йилдаги “Ер тўғрисида”ги Қонунга асосан қишлоқ жойларидаги ҳар бир оилага 10 гектаргача (бир киши учун 0,5 гектардан кам бўлмаган миқдорда), лекин 100 гектардан кўп бўлмаган миқдорда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи берилди. Деҳқонларнинг томорқа ерлари уларнинг хусусий ерларига айланди. Хусусий мулк сифатида ер олган барча фуқаролар 8 йил муддатга ер солиғи тўловидан озод қилинди. Руминия қонунчилигига мувофиқ, барча ер эгалари қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланишга мажбурдир.

Чехия ва Словакияда ер ислоҳотлари босқичма-босқич, тадрижий тарзда амалга оширилди. Ер муносабатлари асосан 1991 йилда қабул қилинган ер тўғрисидаги қонунда белгиланган. Мазкур қонунга мувофиқ, ердан ва қишлоқ хўжалиги мулкларидан фойдаланувчи барча мулкдорларга ижарачи мақоми берилган.

Италияда ердан фойдаланишнинг амалдаги тизими ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб ер ислоҳоти ўтказилиши билан шаклланди. Мазкур ислоҳотни ўтказишдан асосий мақсад ерга нисбатан йирик мулкдорларнинг монополиясидан воз кечиб, уларга тегишли ерларни давлат ихтиёрига қайтариб олиш ва ерга бевосита ўзи ишлов берувчи деҳқон хўжаликларига қайта тақсимлашдан иборат эди.

Австралияда ҳанузгача XIX асрда қабул қилинган ерни эркин танлаш тамойили амал қилмоқда. Аввал ушбу тамойил ҳар қайси Австралия фуқароси муайян ўлчамдаги (ернинг ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, 200 гектардан 800 гектаргача) ерни олиши мумкинлигини назарда тутган. Бугунги кунга келиб эса фуқароларга бериладиган ер участкаси миқдори қисқарган. Австралияда ер участкалари сотиш билан бир қаторда ерни ижарага бериш ҳам кенг тарқалган. 1892 йилда Австралияда ерни 99 йилга ҳар йили ушбу ер қийматининг 4 фоизи миқдорида ижара тўлови тўлаш шарти билан ижарага бериш ҳақида Қонун қабул қилинган. Бу билан давлат ерга нисбатан мулк ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиб, давлат даромадига доимий тушум тушиб туришини таъминланган[2].

Ер кодексининг 24-моддасига мувофиқ ер участкасининг ижараси ер участкасига ижара шартномаси шартларида муддатли, ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишдан иборат.

Фермер хўжаликларига ижара асосида бириктирилган ер участкаларини оптималлаштириш ва бу фермер хўжаликлари фаолиятини самарадорлигини ошириш мақсадида амалга ошириладиган жараён ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “2005 - 2007 йилларда фермер хўжаликларини жадал ривожлантиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича махсус комиссия тузиш тўғрисида” 2004 йил 4 ноябрдаги Ф-2069-сон Фармойишини бажариш юзасидан ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва юритишнинг асосий шакли сифатида фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрида “2005 - 2007 йилларда фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 607-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ҳам фермер хўжаликларининг эркин фаолият юритишлари учун, қолаверса, аграр иқтисодий ислоҳотлар шароитида фермер хўжаликларини ташкил этиш борасидаги ишларнинг кўламини янада ошишига замин ҳозирлаб берди.

1998 йил 30 апрелда Ер кодексининг қабул қилиниши, фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақоми, фаолиятининг ташкил этилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ ифодалаб берувчи 1998 йил 30 апрелдаги “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши эса мамлакатимизда фермерлик фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини таъминлашда мукаммаллик касб этди.

Республикамизда фермерлик фаолиятидаги иккинчи босқич ислоҳотларидаги яна бир муҳим жараёнида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2008 йил 6 октябрдаги “Фермер хўжаликлари юритувидаги ер участкалари миқдорларини мақбуллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқиш бўйича Махсус комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойишига асосан барча ер майдонлари тўлиқ инвентаризация қилиниши, фермер хўжаликларининг фаолиятини танқидий баҳолаш асосида уларнинг ер майдонлари оптималлаштиришни назарда тутувчи чора-тадбирлар амалга оширилди[3].

Кўрсатиб ўтилган икки босқичдаги ислоҳотлар натижасида ўтган йиллар давомида юртимизда 2 мингдан ортиқ ширкат хўжалиги тугатилиб, 220 мингга яқин фермер хўжаликлари ташкил этилди. Фермер хўжаликларининг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида 2008-2010 йиллар давомида уларнинг ер майдонлари оптималлаштирилиб, 66 мингдан ортиқ фермер хўжалиги танлаб олинди[4].

Фермерларнинг ўзини ўзи бошқариши жараёнларини кучайтириш ва шу асосда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш мақсадида 2012 йил 22 октябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Шубҳасиз, ушбу Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Фармонда Фермерлик ҳаракати олдида турган жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантиришнинг, аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим бўғини сифатида қаралаётган фермер хўжаликларининг роли ва аҳамиятини ошириш вазифаларининг фермерлик ҳаракати томонидан рўёбга чиқарилиши каби бир қатор вазифаларга эътибор қаратилди.

Энг асосийси, мазкур Фармон билан фермер хўжаликлари олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, уларга дунё тажрибаларини ўрганишда кўмакдош бўлувчи, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, ҳудудий ҳамда туман кенгашларини тузиш ҳақидаги фермерлар таклифи қўллаб қувватланди. Фармонга асосан Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 13 та ҳудудий ҳамда 156 та қишлоқ хўжалиги туманларида туман Фермерлар кенгаши ташкил этилиб, ташкил этилган Фермерлар кенгашлари бошқаруви таркибига жамоатчилик асосида 1736 та илғор тажрибали фермер хўжалик раҳбарлари киритилди[5].

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги ПФ-4301-сон “Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига[6] кўра, фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришга доир барча масалалар маҳаллий ҳокимият органлари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга қатъий мувофиқ равишда тақдим этиладиган даъволар асосида суд орқали ҳал қилинади.

Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришга доир даъво аризаларини қўзғатиш ва уларни судга ошириш учун фермер томонидан ўз зиммасига олинган шартнома мажбуриятларининг бажарилишини чуқур таҳлил этишда қуйидаги ҳолатларнинг аниқланиши асос бўлади:

ер майдонларини ижарага олиш шартномаси шартларини қўпол равишда бузиш, яъни, энг аввало, фермер хўжалигига ижарага берилган қишлоқ хўжалик экин майдонларидан мақсадга мувофиқ фойдаланмаслик;

фермер хўжаликларини шакллантириш чоғида белгиланган фермер хўжаликлари ихтисослашувини бузиш, контрактация шартномасида назарда тутилмаган қишлоқ хўжалик экинларини экиш;

ижарага берилган қишлоқ хўжалик экинзорларидан норационал фойдаланиш, мунтазам (уч йил мобайнида) норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олиш;

фермер хўжаликлари билан тайёрлов ташкилотлари ўртасида, аввало, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномаларининг шартларини мунтазам (уч йил мобайнида) бажармаслик;

хўжалик фаолиятини самарасиз ва паст рентабелли юритиш, фермер хўжалигини банкрот деб эълон қилиш, жумладан, моддий-техник ресурслар, ишлар ва хизматларни етказиб берувчилар билан ҳисоб-китобларни мунтазам равишда амалга оширмаслик.

Фермер хўжаликларини оптималлаштириш уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ оқибатларни вужудга келтиради. Фермер хўжалигини тугатишда мулк ҳуқуқи билан унга қарашли бўлган иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер майдонини олиб қўйишга фақат қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Қишлоқ хўжалигида ер ижара муносабатлари бўйича ер участкаларини оптималлаштириш аграр соҳанинг ривожида алоҳида ўрин тутади. Фермер хўжаликларининг фаолият мақсади ва йўналишидан келиб чиқиб уларга ер участкаларини ажратиш, тузилган ижара шартномалари шартларига оғишмай риоя қилиш ва контрактация шартномаларини бажаришда оптималлаштириш асосий омиллардан биридир. Зеро, ер участкаларидан самарали фойдаланиш, улардан мақсадсиз ва хўжасизларча фойдаланишга йўл қўймаслик юқори ҳосилдорликка эришиш гарови ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом[7] мақбуллаштириш жараёнини ҳуқуқий тартиботини белгиловчи асосий ҳужжат саналади. Бу ҳужжат ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни тугатиш чоғида қонунчиликка риоя этиш кафолатларининг ишончли тизимини яратиш ниятида қабул қилинган. Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш икки йўл билан, яъни ихтиёрийлик асосида ҳамда фермер хўжалиги шартнома интизомини бузгани ва самарасиз фаолият юритгани аниқланган ҳолатлар бўйича амалга оширилиши кўрсатилган[8].

Фермер хўжалиги томонидан шартнома интизоми бузилишининг ҳамда хўжалик фаолияти самарасиз юритилишининг аниқланган ҳолатлари асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан амалга оширилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги “Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида фермер хўжаликлари ер участкаларнинг мақбуллаштирилиши фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, шунингдек ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, фермер хўжаликларининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлашга қаратилганлиги белгиланган.

Оптималлаштиришда фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини хатловдан ўтказиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланилиши;фермер хўжаликларининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини, фермер хўжаликлари фаолиятини самарали амалга ошириш, ер участкасининг ижара шартномаси шартларини, фермер хўжаликлари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида, энг аввало, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича тузилган контрактация шартномаларини бажариш учун моддий-техника базасининг, меҳнат ресурслари ва айланма маблағларнинг мавжудлиги;фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини ҳудудларнинг меҳнат ресурслари билан таъминланганлик даражасини, аҳоли зичлигини, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларини назарда тутиб, улар ишларининг самарадорлигини, тегишли касбий жиҳатдан тайёрланган кадрлар салоҳияти мавжудлиги каби жиҳатлар эътиборга олиниши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ер ижара муносабатлари бўйича ер участкаларини оптималлаштиришнинг жараёнлари энг аввало фермер хўжаликларини янада такомиллаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ер-сув ресурсларидан ва яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланишда, қишлоқни жадал ривожлантириш ва ободонлаштиришда, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган. Бунда, фермер хўжаликларига ижара асосида берилган ер участкаларини оптималлаштириш фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалик хом-ашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек, қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантиришни назарда тутади.

Фермер хўжаликларини оптималлаштириш бугунги кунда янги босқичда давом эттирилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги ПҚ-2520-сон “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги 362-сон “Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори қишлоқ хўжалигида ер ижара муносабатлари бўйича ер участкаларини оптималлаштиришнинг янада янги талабларни белгилади.

Ер участкаларини оптималлаштириш натижаси сифатида янгидан ташкил этилган фермер хўжаликлари ҳамда оптималлаштирилган фермер хўжаликлари билан узоқ муддатли ер ижараси шартномаси тузиш масаласини юзага келтиради. Албатта, оптималлаштириш фермер хўжаликларини яна самарали ишлаш ҳамда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юришига хизмат қилади.

А.Шайжигитов, Адлия вазирлиги масъул ходими


[1] Каримов И.А. “2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидаги маъруза. 2014 йил .... “Халқ сўзи” .....

[2]Кучкинов К.А. Ердан фойдаланишга оид шартномаларни ҳуқуқий тартибга солиш: Юрид. фан. дис. ... – Тошкент: 2012. – 17 б.

[3] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер хўжаликлари юритувидаги ер участкалари миқдорларини мақбуллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқиш бўйича Махсус комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги 3077-сонли Фармойиши. 2008 йил 6 октябрь.

[4] Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Қишлоқ жойларида бозор инфратузилма объектларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси”нинг 2011 йил архив маълумотидан.

[5] Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бошқармаси”нинг 2013 йил якунлари бўйича архив ҳисоботларидан.

[6]Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 16-сон, 163-модда.

[7]ЎзбекистонРеспубликасиқонунҳужжатларитўплами, 2013 й., 5-сон, 56-модда; 2015 й., 9-сон, 100-модда; 2016 й., 6-сон, 57-модда

[8]Ҳайдаров А.Фермер хўжалиги ер майдонинимақбуллаштириш // "БИРЖА" . 02.06.2016