Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш - иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг асосий омилидир

Дата: 31.10.2016    

Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, бу эътибор натижасида бугунги кунда кичик бизнеснинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 2000 йилга нисбатан 31 фоиздан 56,7 фоизга кўпайди, меҳнатда банд аҳолининг 77 фоиздан кўпроғи улар улушига тўғри келмоқда.

Бу борада кўрилаётган чоралар иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини, шунингдек ҳудудларни ривожлантиришга, тадбиркорлар сонини йилдан йилга ўсишига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Бугунги кунда юртимизда 634 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаяпти. Уларнинг 266 мингга яқини микрофирма ва кичик корхоналарни, 130 мингдан зиёди фермер хўжаликларини, 4,9 мингтаси эса хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни ташкил этади.

Мамлакатимизда хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси яратилди, жумладан тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 1200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилинганлиги соҳа фаолиятининг кафолатлар доирасини янада кенгайтирди.

Ушбу қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд қарорига биноан қўлланилиши, барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ва мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда бу соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини оширишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Уларга кўра, давлат органларининг хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун жавобгарлиги кескин кучайтирилди, текширишлар учун ягона даврийлик белгиланди ва уларни ўтказиш муддати қисқартирилди, қўзғатилган жиноят иши бўйича ўтказиладиган текширишлар эндиликда адвокатлар иштирокида ўтказилмоқда.

Дарҳақиқат, жорий йил 5 октябрда қабул қилинган Фармон тадбиркорлик ва хусусий мулк соҳасида шу пайтга кадар амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берди.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, бунда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси белгиланди.

Биринчи устувор йўналиш ва вазифа сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш белгилаб берилди.

Кейинги устувор йўналиш ва вазифа сифатида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур Фармонда тадбиркорларга бизнес юритиш учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг жавобгарлигини либераллаштириш ва назорат идораларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашувини кескин қисқартиришга қаратилган қатъий нормалар назарда тутилди.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бундан юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, қолаверса, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустасно. Бундай текширув муддати бир иш куни билан чекланган.

Шу билан бирга, Фармон маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришнинг мантиқий давоми сифатида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чораларни назарда тутади.

Фармонда тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги вазифа ва ваколатларни босқичма-босқич назорат қилувчи органлардан суд органларига ўтказиш белгиланди.

Бу тартиб тадбиркорларни ҳимоя қилишда судларнинг ролини оширишга йўналтирилган навбатдаги қадамлардан биридир.

Хозирда республикамизда 30 га яқин назорат қилувчи органлар тадбиркорларга нисбатан мустақил равишда маъмурий жарималар қўллашади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2014-2015 йиллар давомида назорат идоралари томонидан маъмурий жазоларни қўллаш бўйича 80 мингдан ортиқ ишлардан 15 мингтадан ортиғида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларини жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган.

Жумладан, 394 та ҳолатда асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилган, 99 та ҳолатда эса ҳуқуқбузарлик нотўғри квалификация қилиниб, асоссиз жазолар тайинланган, 25 та ҳолатда эса суднинг ваколатидаги маъмурий ишлар кўрилган.

Шунингдек, назорат идораларининг мазкур маъмурий ишларидан атиги 3,3 фоизи ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимнома билан судларга юборилган холос.

Ваҳоланки, суд амалиётида ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишда аксарият ҳолларда тадбиркорлар манфаатига эътибор берган ҳолда уларнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳамда моддий аҳволини инобатга олиб, енгилроқ маъмурий жазо чоралари қўлланилиши кузатилмоқда.

Тадбиркорлик сохасида маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатини назорат қилувчи идоралардан судларга ўтказилиши, мазкур ишларнинг адолатли ва холисона кўриб чиқилиши таъминлайди.

Бундан ташқари, Республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилади.

Шуни қайд этиш зарурки, ушбу имтиёз инвестиция сифатида киритилган маблағлар миқдоридан қатъи назар, хорижий инвестициялар иштирокидаги барча корхоналарга татбиқ этилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатларини қабул қилиш кўзда тутилаётгани давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни очиқлик, шаффофлик асосида қуриш имконини беради.

Албатта, Фармон билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, давлат идораларининг бу борадаги вазифа ва ваколатларини танқидий таҳлил қилиш, уларни янада мақбуллаштиришга доир асосланган таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бир қаторда тегишли вазирлик ва қўмиталар билан биргаликда “Давлат харидлари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида” ва “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Шунинг баробарида адлия органлари томонидан тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини қўллашда ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш чора-тадбирларига доимий эътибор қаратилаётир.

Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 480 та давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ўрганилганида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Бундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 1526 та тақдимнома, 1199 та огоҳнома киритилиб, кўрилган таъсир чоралари натижасида 1567 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шу жумладан, 82 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хусусий сектор ҳуқуқларини чеклайдиган 949 та норматив ҳужжати қонунга мувофиқлаштирилди ёки бекор қилинди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари бўйича эса 707 нафар мансабдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Марғилон шаҳар ички йўналишларида очиқ тендер танловларини ташкил этиш ва уни ўтказиш комиссиясининг 2016 йил 20 июлдаги 5-сонли қарорининг “Лочин” хусусий корхонаси билан тузилган тендер шартномасини бекор қилиш ҳақида”ги 3-банди қонун талабларига зид равишда қабул қилинганлиги ҳолатлари бўйича адлия органининг 2016 йил 19 августдаги тақдимномасига асосан қарорнинг мазкур банди бекор қилиниб Марғилон шаҳар ҳокимининг 10.09.2016 йилдаги 200-ф-сонли фармойиши билан шаҳар ҳокимлиги қошидаги йўловчи ташиш транспорти ишини бошқариш бўлим бошлиғи Н.Абиловга “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Шу билан бирга, тадбиркорларга етказилган зарарларни мансабдор шахсларнинг чўнтагидан ундиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган ҳисобот даврида судларга тадбиркорлар фойдасига 189 нафар мансабдор шахслардан 114,6 млн. сўм моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан даъво аризалари киритилди.

Адлия органларида ташкил этилган махсус 1-008 рақамли “ишонч телефони” тадбиркорларнинг ўз фаолиятига асоссиз аралашувлар ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди. Йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларидан “ишонч телефони” орқали қилинган мурожаатларнинг 79 фоизи кўриб чиқилиб, қонунан ҳал этилди.

Масалан, Наманган шаҳридаги ЯТТ М.Абдубаевнинг “Ишонч телефони”га қилган мурожаатини ўрганиш натижасида шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорга солиқ имтиёз қўлланилмасдан 850.582 сўм миқдорда солиқ ундирилганлиги аниқланиб, адлия органи томонидан 2016 йил 22 июнда киритилган тақдимномага асосан ундирилган маблағлар тадбиркорга қайтарилди ҳамда имтиёз қўллашни ғайриқонуний рад этганлиги учун инспекция ходими Ф.Хамроқуловга ЖИБ Наманган шаҳар судининг 2016 йил 12 августдаги қарори билан 390.720 сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинганлиги тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришда, уларни эмин-эркин иш юритишларида ҳамда мамлактимиз ривожи йўлида олиб бораётган сайи-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиришда, сифат ва сон жиҳатидан янги юксак натижаларни қўлга киритишимизга замин яратади.

О.Ибрагимов, Адлия вазирлиги ходими