Нодавлат нотижорат ташкилотларига оид қонун ҳужжатлари уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун кафолатдир

Дата: 31.10.2016    

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий база мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Шунингдек, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш, тартибларни соддалаштириш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қулайликлар ва енгилликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2013 йил 12 декабрдаги қарорида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ва молиявий ҳолатининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддасида белгиланган юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи қоида ННТларга жорий этилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Бу эса, ўз навбатида рўйхатдан ўтиб, кейинчалик маълум иқтисодий сабабларга кўра вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатилиши талаби мавжудлиги сабабли нодавлат нотижорат ташкилотларининг сонини камайиши мумкинлиги ҳолатларига чек қўйилди.

Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайганлиги, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи олинмаслиги, давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланганлиги, рўйхатдан ўтказишда таъсис ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш ва бошқа қўшимча талаблар бекор қилинганлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳисоботлар топшириш ва тадбирларни келишиш тартиблари осонлашганлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилганда жавобгарлик чоралари енгиллашганлиги ва бошқа нормалар бунга яққол мисол бўла олади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда халқаро шартномаларида мустаҳкамланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва нуфузи ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, таълим, соғлиқни сақлаш ва барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳатлардаги иштироки сезиларли даражада ошди.

Мисол тариқасида, мустақилликка эришган дастлабки даврда Республикамизда 100 тага яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатиб келган бўлса, бугун кунда юртимизда 8700 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 130 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг бошланғич ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, биргина жорий йил яъни 2016 йил 25 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормаларни эркинлаштириш бўйича қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунининг 22-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра рўйхатга олувчи органга нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тартибда тасдиқланган нусхасини тақдим қилиш талаби бекор қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ҳамда тугатилишининг ўзига хос хусусиятлари алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солиниши тўғрисидаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Бу эса, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватловчи асосий фонд ҳисобланган юридик шахсга нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашда ўзига хос янги имкониятларни кўзда тутувчи норма бўлди.

Ушбу қонуннинг 4-моддасига эса, нафақат республика миқёсидаги жамоат фондлари, балки халқаро миқёсдаги жамоат фондларини ташкил қилиш имконини берувчи янги норма киритилди.

Муқаддам “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-бандида республика ва маҳаллий жамоат фондларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ваколатхоналари ва филиаллари юридик шахс бўлмаслиги белгиланган бўлса, мазкур Қонуннинг 5, 13 – 16-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра республика ва маҳаллий жамоат фондларининг ҳам Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхона ва филиаллари юридик шахс мақомига эга бўла олиш имконияти юзага келди.

Шу билан бирга, 2016 йил 25 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 239 ва 2391-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлиги учун белгиланган жарималар миқдори тегишли равишда уч-тўрт баробаргача камайтирилди.

Хулоса қилиб айтганда ушбу қабул қилинган қонун ҳужжатлари ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилгандир. Бундан кўзланган мақсад уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат.

Р.Эшбоев, Адлия вазирлиги масъул ходими