Telegram мессенджери: янги имкониятлар, янги таҳдидлар

Дата: 27.10.2016    

Telegram мессенджери бугунги кунда мобил алоқа, интернет фойдаланувчиларини ўзига тобора кўп жалб қилиб бораётган ахборот дастури ҳисобланади.

Мазкур дастур ҳозирда АҚШда яшовчи россиялик дастурчи Павел Дуров томонидан яратилган смартфонлар ва бошқа алоқа қурилмалари учун турли хил форматдаги матнли хабарлар ва медиафайлларни ўзаро алмашиш имкониятини берадиган мессенджер. У дастлаб 2013 йил август ойида ишга туширилган. Турли маълумотларга кўра ҳозирда 100 млн.дан ошиқ одам бу мессенджердан фойдаланади, унинг воситасида кунига 15 млрд.га яқин хабарлар, медиафайллар жўнатилади.

Telegram мессенджери (кейинги ўринларда мессенджер) 2015 йилнинг ноябрь ойидан 200 гача киши иштирок этиш бўлган мультичат тузиш ёки 1000 кишигача иштирок этиш мумкин бўлган супергуруҳ тузиш мумкин. 2016 йилнинг март ойидан супергуруҳ иштирокчиларининг чекланган сони 5000 кишигача кўпайтирилди.

2015 йилнинг сентябрь ойида мессенджерда чекланмаган сондаги обуначилар учун хабарлар, медиафайллар жўнатиш имкониятини берувчи каналлар – чатлар очила бошланди. Канални интернетдаги янгилик лентаси ва блогга ўхшаб кетадиган ахборот тарқатиш воситаси дейиш мумкин. Каналда тескари алоқа қилиш иложсиз, фақат жўнатилган хабарни қанча киши томоша қилганини билса бўлади.

Мазкур мессенджернинг фуқароларимиз, айниқса ёшларимиз маънавиятига, алалхусус барқарорлигимизга таҳдиди эҳтимолини ўрганиш мақсадида айрим каналларда тарқатилаётган маълумотлар ўрганилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистонда интернет, мобил алоқада ушбу мессенджер фойдаланувчилари ўртасида канал юритиш оммалашиб бормоқда.

Мессенджернинг шасхларни ўзига кўпроқ жалб қилиш омиллари сифатида у орқали нафақат ўқиладиган, балки эшитиладиган, томоша қилинадиган маълумотларни тезкор суръатларда жўнатилишини кўрсатиш мумкин.

Мессенджерда республикамизнинг бир қатор юридик ва жисмоний шахслари, жумладан оммавий ахборот воситалари, тижорат ташкилотлари, қўшиқчи, актёрлари, машҳур шахслари ўз каналларини очган. Улар қаторида айрим нотаниш бўлган шахслар ҳам канал очиб турли маълумотларни жойлаштирмоқда.

Айрим каналларнинг обуначилари сони 50-100 минг атрофида. Мисол учун 12.10.2016й. санасига “DUBSMASH UZ” каналининг обуначилари сони 100 000 мингдан, “FAXRIM” каналининг обуначилари сони 85 000 дан, “UzNewVideo” каналининг обуначилари 70 000 дан, “EngQiziqarli TV” каналининг обуначилари 66 000 дан, “MyTubeUz”, “Video.uz”, “Millioner_Uz”, “Uz_Music Bass” каналларининг обуначилари сони 50 000 дан кўп.

Ахборот тарқатиш имконияти, тезлиги, обуначилари сони жиҳатдан мессенджер каналлари республикамиздаги аксарият журнал ва газеталарга нисбатан солиштириб бўлмайдиган даражада устунликка эга. Мисол учун, мустақил газета саналадиган “Ҳуррият” газетасининг адади (тиражи) 2850 та ҳафтада бир марта чоп этилади, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг муассислигида чоп этиладиган “Туркистон” газетасининг адади 5218 та, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Хабар” газетасининг адади 8691 та ҳисобланади.

Мессенджер канали орқали келаётган маълумотларнинг ўзига хослиги уларнинг 24 соат давомида келиб тушиши, маълумот келиб тушганлиги ҳақида телефон экранида белги пайдо бўлиши, телефон қурилмаси одам ёнида бўлиши сабабли маълумот билан танишишнинг қулайлиги ва ҳ.к.да кўринади.

Санаб ўтилган ҳолатлар амалда мессенджер каналлари расман ОАВ ҳисобланмасада ОАВдан кўра катта таъсирга эга бўлиб бораётганлиги тўғрисида фикрларни келтириб чиқармоқда. Бироқ, қонунчикда ОАВ фаолияти ҳуқуқий тартибга солинган, мессенджер учун эса бундай деб бўлмайди.

Ҳеч ким ташқи кучлар томонидан ижтимоий тармоқлар, мессенджерлардан ўз мақсади йўлида фойдаланмайди, деб кафолат бера олмайди. Шундай гуруҳлар, каналлар борки, унда асосан фаҳш фоторасмлар, видео лавҳалар жойлаштирилмоқда. Бу маънавияти, маданиятида қуср бўлган шахсларни ўзига жалб қилиш учундир. Айнан шундай тоифа кишилар ўзларига жавоб бериша олмайди. Кейинчалик бундай каналларда сиёсий мавзуга тааллуқли маълумотлар тарқатилиши ва гуруҳ аъзоларининг фикрини ўзгартиришга, маълум бир йўналишга солишга ҳаракат қилиниши мумкин[1].

Мессенджерда тарқатилаётган айрим маълумотлар Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида” Қонунида назарда тутилган шахснинг, жамиятнинг, давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги талабларига мутлақо зиддир.

Ўтказилган кузатишлар шуни кўрсатадики, айрим каналларда қонунчилигимиз, маънавиятимиз, ахлоқимизга қарши материаллар, жумладан порнографик материаллар жойлаштирилмоқда.

Мессенджер шу пайтга қадар кенг оммага тарқатиш мумкин бўлмаган барча турдаги ижтимоий нормаларга зид бўлган “ҳикоялар”ни тарқатиш учун ҳам “ахборот майдони” сифатида шаклланиб улгурди.

Мисол учун, “EngQiziqarli TV” каналида (12.10.2016й.) жойлаштирилган ҳикоялардан бири “Hammaga salom Man ismim Diyora Man qizligim dan ayrlib qoldim” деб номланиб, унда бир ёш аёл қандай қилиб курсдоши уни қизлигидан жудо қилганини ҳикоя қилади.

“KamYob Fotolar TV” каналида жойлаштирилган “Akamni xotini Kenayim bilan” номли ҳикояда бир йигитнинг акасининг хотинига бўлган, “Ammam bilan...” номли ҳикояда эса бир йигитнинг аммасига нисбатан бўлган шаҳвоний муносабати баён қилинган.

Яна бир каналда жойлаштирилган “Boshlig'im bilan ishxonada” номли ҳикояда бир аёлнинг бошлиғи билан бўлган жинсий алоқаси ҳақида гап кетади.

Юқоридаги мазмундаги бошқа материаллар нафақат канал обуначилари сонини кўпайтиришга, балки ижтимоий онгга, маънавиятимизга қарши қаратилган. Келтирилган ҳикоялар тагмаъносида биз учун муқаддас ҳисобланган қадриятлар, фазилатларни, одоб-ахлоқ, қариндошлик алоқаларида, оила муҳитида ўзини тутиш меъёрларини нафақат бузиш, балки шундай ҳолатлар мумкин экан ва бу унчалик шармандали ҳолат эмас деган тасаввурни одамлар онгига сингдиришга қаратилган маънавий қўпорувчилик турибди. Бундай турдаги “ҳикоялар”ни тарқатиш замирида бизда шаклланган юриш-туриш тарзини (стереотипини) ўзгартириш, ўта жирканч ҳолатлар деб қабул қилинадиган ҳодисаларни оддий ҳолатга айлантиришга қаратилган тарғибот ётибди.

Санаб ўтилган ва бу ерда келтирилмаган кўрсатилганларга ўхшаш ҳикояларнинг деярли барчасида ҳикоянинг давоми борлиги ёзилиб бошқа каналга ҳавола кўрсатилади. Бу билан бошқа канал ҳам реклама қилинганга ўхшаб кетади.

Кузатув шуни кўрсатадики, аксарият ахлоққа зид бўлган ҳикоялар, расмлар, бошқа медиафайллар бир қанча каналларда жойлаштирилган, бир каналда такрор-такрор келтирилган ҳолатлар жуда кўп. Умуман материалларнинг, жумладан реклама хабарларининг каналларда жойлаштирилиши ва кўплаб такрорланишидан бу каналларнинг, хусусан уларни бошқараётган шахсларнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида тахмин қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддасида порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун, 1891-моддасида зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган. Бундай қилмишлар маъмурий жазо қўлланганидан сўнг содир этилган тақдирда Жиноят кодексининг 130 ва 1301-моддаларида жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” Қонунининг 5-моддасига кўра ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишдир.

Мессенджердан террорчи ташкилотлар алоқа, тарғибот воситаси сифатида фойдаланилганлик ҳолатлари маълум. Интернетда келтирилган маълумотларга кўра Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари террорчилар томонидан ёшларга асосан мессенджердан фойдаланиб таъсир этаётганлигини кўрсатишган. 2015 йил ИШИД (ДАИШ) террорчилик ташкилоти Россия Федерациясига нисбатан таҳдид ёзилган видеофайлни интернетга жойлаштиришда мессенджердаги аккаунтдан фойдаланган.

The Wall Street Journal нашри жорий йилнинг 20 октябрдаги сонида чоп этилган Стейси Мейхтри ва Сэм Шехнернинг мақоласида террорчилар Францияда содир этилган ва режалаштирилган террорчилик ҳаракатларида ушбу мессенджердан фойдалангани баён қилинган[2].

Мессенджер дастури асосчиси Павел Дуров ўз твиттерида террорчиларнинг 660 дан ошиқ каналлари ёпилганини ва маълумотлар келиб тушганда кунига 5-10 та каналлар ёпилаётганини таъкидлаган.

Бугун ҳеч кимга сир эмас айрим хорижий махсус кучлар томонидан ўзга мамлакатларда амалга оширилган давлат тўнтаришларида (“араб баҳори”, “рангли инқилоблар” ва бошқалар) замонавий ахборот технологияларидан, жумладан интернет, турли ижтимоий тармоқлар (фейсбук, твиттер), мобил алоқадан самарали фойдаланилган. Мамлакатимизга нисбатан салбий таъсир кўрсатиш ниятида бўлган кучлар ўз ғараз мақсадлари йўлида мессенджер имкониятларини ҳисобга олиши мумкин. Мисол учун, обуначилари кўп бўлган муайян бир каналда сиёсий масалаларга оид материаллар тарқатила бориб, кейинчалик уларни маълум бир жойга йиғишга чорлаш мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, республикамиздаги айрим давлат органлари хизматчилари томонидан иш фаолиятида мессенжердан фойдаланмоқда. Албатта бундан мақсад иш суръатларини ошириш. Бироқ айрим турдаги маълумотларни мессенджер орқали жўнатиш хавотирлидир. Айрим хорижий мамлакатлар махсус кучлари томонидан фуқароларнинг мессенджердаги аккаунтига махфий тарзда кира олганлик ҳолатлари мавжудлиги бу йўналишда маълум қоидалар ишлаб чиқилишини тақозо қилади.

Эрон ислом республикасида мессенджерда порнография материаллари тарқатилганда ва ҳукумат тўғрисида сатирик шарҳлар ёзилганда ҳукумат мурожаати билан мессенджер раҳбарияти томонидан айрим ботлар фаолияти чекланди, маълум бир тўпламдаги “стикер” – расмлар тарқалитилиши тақиқланди. 2015 йил октярь ойида мессенджер асосчиси Павел Дуровнинг баёнотига кўра Эрон ҳукуматига айрим фуқаролар ортидан кузатиш ва цензурада ёрдам берилмагани туфайли мессенджер иловасидан (дастуридан) фойдаланиш бу мамлакатда бир мунча вақтга чеклаб қўйилди[3].

Шунингдек мессенджердан ҳукуматга қарши намойишларни мувофиқлаштириш учун фойдаланишини олдини олиш мақсадида ҳокимият томонидан Хитойнинг айрим ҳудудларида унинг фаолияти чекланган.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

биринчидан, мессенджердан, жумладан очилган айрим каналлардан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланилмоқда. Айрим мавзуларда тарқатилаётган материаллар жамият маънавий-мафкуравий асосларини емиришга қаратилган;

иккинчидан, мессенджернинг республикамиз ҳудудида ахборот воситаси сифатида мавқеи кучайиб бормоқда;

учинчидан, террорчилар томонидан республикамизга нисбатан душманлик ҳаракатини амалга оширишда, жумладан тарғибот қилиш, одам ёллашда, мессенджердан фойдаланиши эҳтимоли истисно этилмайди;

тўртинчидан, мессенджердан хорижий кучлар томонидан сиёсий мақсадларда, жумладан ижтимоий онгга салбий таъсир қилиш, ҳатто сайловларга таъсир қилишда ишлатиш эҳтимоли йўқ эмас;

бешинчидан, мессенджерва унга ўхшаш ахборот воситаларини назорат қилиш стратегик вазифа сифатида қаралиши ва бунинг учун тегишли ҳуқуқий асослар, инфратузилма шакллантирилиши ва доимий тарзда такомиллаштирилиши зарур.

Мессенджер ва бошқа шунга ўхшаш ахборот дастурларидан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишни олдини олиш мақсадида давлат органлари томонидан комплекс чоралар кўрилиши лозим. Бу дастурда, жумладан қуйидагиларни кўзда тутиш мақсадга мувофиқ:

1. Масалага оид қонунчилик базасини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш. Хусусан, барча турдаги мессенжерларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш қоидалари ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши масаласини кўриб чиқиш.

2. Мессенджер орқали порнографик ва бошқа қонунга зид материаллар тарқатган, жумладан канал очиб тарқатган шахсларни қатъий жавобгарликка тортиш масаласида барча чораларни кўриш.

3. Мессенджердан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишни олдини олишга йўналтирилган кенг кўламли тарғибот ишлари амалга ошириш. Жумладан:

мессенджердан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланганлик учун жавобгарликка тортилган шахслар ва бундай ҳолатларни олдини олишга қаратилган махсус ҳужжатли фильм, видеороликлар ишлаб чиқиш ва уларни барча марказий телеканалларда бериш;

олий ўқув юртлари, ўрта-махсус, касб-ҳунар таҳлим муассасалари, мактабларда махсус йиғилишлар ўтказиш, мессенджердан салбий мақсадларда фойдаланишга мойил бўлган талабалар, ўқувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш.

4. Давлат хизматчилари томонидан мессенджердан хизмат фаолиятида фойдаланиш бўйича маълум талабларни ўрнатиш.

5. Мессенджердан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишни олдини олиш борасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва уни республикамизга фаол жорий этиш.

Х.Мелиев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи



[1] Ахборот хуружларига қарши қандай курашиш даркор, “Ҳуррият” газетаси, 28.09.2016й., 39(998)-сон

[3]https://ru.wikipedia.org/wiki/Telegram_(%D0%BC%D0%B5%D1%81%D1%81%D0%B5%D0%BD%D0%B4%D0%B6%D0%B5%D1%80)