Ногиронларни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таҳлили

Дата: 24.10.2016    

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан қимматлидир.

Зеро, Асосий Қонунимизнинг 13-14-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми бўлмиш ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласи долзарб масалалардан бирига айланди.

Шу мақсадда 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ногиронларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларга эга бўлиш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, ногиронларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига, ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратишни таъминлашда замин яратди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 11 июлдаги ЎРҚ-162-сонли “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Қонуннинг 5-моддасига асосан давлат ногиронлар турмуш фаолиятининг чекланганлигини баҳолаш асосида уларнинг ижтимоий ёрдам ҳамда ҳимоя чора-тадбирларига бўлган эҳтиёжлари ҳисобга олиниши таъминланишини, ногиронларни реабилитация қилиш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турларидаги дастурлар амалга оширилишини, ногиронларнинг жамият билан уйғунлашиши учун шароитлар яратилишини, ногиронларни камситишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилишини кафолатлайди.

Шу муносабат билан республикамизда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ягона институционал ва ҳуқуқий база яратилди, ногиронларга турли соҳаларда имтиёзлар белгилаб берилди.

Жумладан, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг22-моддасига асосан ногиронлар, шу жумладан ногирон болалар ва болаликдан ногиронлар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия мосламалари, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиш, шунингдек касб-кор эгаллаш ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Ногиронлар давлат соғлиқни сақлаш тизими, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ногиронлар ва сурункали руҳий хасталикларга чалинган ногиронлар эса ижтимоий таъминот муассасаларида яшаш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги 237-сонли “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш якка тартибда шакллантириладиган ижтимоий хизматлар дастури асосида амалга ошириш тартиби ўрнатилди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандига мувофиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган ва ижтимоий ёрдам оладиган кексалар ва ногиронлар тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган ва Ижтимоий ёрдам оладиган кексалар ва ногиронларни ҳисобга олиш бўйича ягона регистрга киритилади. Ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган ва ижтимоий ёрдам оладиган кексалар ва ногиронлар тўғрисидаги очиқ маълумотлар вазирликлар ва идораларнинг расмий веб-сайтларида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат интерактив хизматлари ягона порталида жойлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар  Тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандига кўра ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, ногирон боласи бўлган оилалар болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сон Фармонига биноан болаликдан ногиронлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар республика ихтисослаштирилган марказлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатишда имтиёзларга эга.

Қонун ҳужжатларида ногиронларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-25-моддаларига кўра ногиронлиги туфайли ногирон билан меҳнат шартномаси тузишни ёки иш юзасидан уни юқори лавозимга кўтаришни рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, ногиронни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди, тиббий-ижтимоий экспертизанинг хулосасига кўра ногироннинг соғлиғи касб вазифаларини бажаришга монелик қилган ёки ногироннинг ёхуд бошқа шахсларнинг соғлиғи ва меҳнат хавфсизлигига таҳдид қилган ҳоллар бундан мустасно. Ногирон ўз меҳнат қобилиятини тиклаганидан кейин илгариги ишига ёки шунга тенг ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сонини белгилайди ва захирада сақлайди.

Иш ўринларини банд қилиб қўйиш шартлари ва тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида ногиронлар ташкилотлари, уларга давлат томонидан яратиб берилган имтиёзлар ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасида ногиронлар ўзларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида ташкилотлар тузишлари мумкин.

Ушбу ташкилотлар эса нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида адлия органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган ва ногиронлар соҳасида фаолият олиб борувчи Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти, Касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда таълим олаётган кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандлари ва ногирон болаларни моддий қўллаб-қувватлаш “Меҳр ва мурувват” жамоат фонди, Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази каби ташкилотлар ва уларнинг ҳудудларда бўлимлари фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимизда бундай ташкилотларнинг эмин эркин фаолият юритиши учун барча имкониятлар яратиб берилган ва ушбу ташкилотларнинг олиб бораётган фаолиятлари ҳам эътибордан четда қолмайди.

Жумладан, ҳар йили ногиронларни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳамиятга молик лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб келинмоқда.

Бу каби ижобий ишлар давоми ўлароқ Вазирлар Маҳкамаси ташаббуси билан “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу Қонун лойиҳаси 2016 йил 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ушбу Қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини ошириш масалаларини белгилаб беради.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг мавжуд барқарор механизми яратилганлигидан, жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, ёлғиз кекса-қариялар, ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш давлатнинг муҳим мақсадларидан бир эканлиги билан изоҳланади. Мамлакатдаги ижтимоий ислоҳотлар асосини ташкил қилувчи аҳолининг муайян қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимига ўтилиши эса иқтисодий тараққиётнинг стратегик мақсадларига мос келади.

Албатта, юртимизда ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласи бундан буён ҳам долзарб масалалардан бўлиб қолади.

З.Махмудов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими