Тижорат сирини муҳофаза қилиш

Дата: 24.10.2016    

Маълумки, бугунги даврда ахборот-коммуникация технологияларининг тараққий этиши ва жамиятнинг барча томонларини қамраб олиши натижасида ахборот ва махсус билимлар, инновация технологиялари, “ноу-хау, ишлаб чиқариш сирлари иқтисодиёт тараққиётида етакчи ўринни эгаллаб турибди. Жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг асосий бойлиги уларга энг кўп даромад келтираётган номоддий неъматларни яратиш, ҳимоя қилиш ва бозорга чиқариш орқали олинмоқда. Шу боис дунёнинг кўпгина давлатларида асримиз бошидан мазкур соҳада қонун ҳужжатларини иқтисодиёт талабларига мувофиқ такомиллаштириб бориш орқали ўз манфаатларни ҳимоя қилишга жиддий эътибор берилмоқда.

Бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам тегишли ҳуқуқий асослар белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 98-моддаси мазмунига кўра тижорат сири учинчи шахсларга номаълум бўлиши, ҳақиқий ёки нисбий тижорат қимматига эга бўлиши, ундан қонун йўли билан эркин баҳраманд бўлиш имконияти бўлмаслиги ҳамда ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлаш бўйича чоралар кўрган бўлиши шарт.

“Тижорат сири тўғрисида”ги Қонунга кўра, учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот тижорат сирини ташкил қилади. Ушбу Қонун билан тижорат сирини ташкил этиши мумкин бўлмаган маълумотлар белгилаб берилган. Масалан, ходимларнинг сони ва таркиби, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликлари кўрсаткичлари, бўш иш ўринлари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар тижорат сири бўлолмайди.

Ошкор этилиши шартлиги ёки фойдаланишни чеклашга йўл қўйилмаслиги бошқа қонунда белгиланган маълумотлар ҳам тижорат сирини ташкил этиши мумкин эмас. Масалан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни асосида мажбурий тартибда ошкор этиладиган ахборот жумласига йиллик хўжалик фаолият натижалари, охирги уч йилда муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар, уларнинг чиқарилиш ҳажми ва мақсади, улар бўйича ҳисобланган ва тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар киради.

Юқоридаги Қонунга кўра, ахборот эгаси тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг рўйхати ва ҳажмини, унинг муомалада бўлиш тартибини белгилаши, фойдаланишга ижозат олган ходимларни ҳисобга олиши, тижорат сири акс этган моддий жисмларга ёки тижорат сирини ўз ичига олган ҳужжатларнинг реквизитлари таркибига унинг мулкдорини кўрсатган ҳолда “тижорат сири” грифини қўйиши керак.

Шунингдек, иш берувчи ўз ходимини тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати билан ва тижорат сири режимини бузганлик учун жавобгарлик чоралари билан тилхат олган ҳолда таништириши лозим. Меҳнат муносабатлари тугатилганда ёки тижорат сиридан фойдаланиш бекор қилинганда ҳам ходим тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича зиммасидаги мажбуриятлардан озод этилмайди.

Таъкидлаш керакки, Фуқаролик кодексининг 1095-моддасига кўра, ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқи бу ахборотга нисбатан бирон-бир расмиятчиликни бажаришдан (уни рўйхатдан ўтказиш, гувоҳнома олиш ва ҳоказодан) қатъи назар вужудга келади. Шуни ҳам назарда тутиш керакки, худди шу каби ишлаб чиқариш сири учинчи шахслар томонидан ҳам мустақил тарзда яратилиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ патент олиш орқали ҳимояланиши мумкин. Бу каби ҳолларда патентланган ихтиро эгаси ундан фойдаланишда мутлоқ ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ходимлари тижорат сиридан фойдаланадиган корхоналар ва ташкилотлар учун тижорат сири режимига риоя этилиши бўйича намунавий низом (рўйхат рақами 2818, 2016 йил 28 июль) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, устав фондида давлат улуши эллик фоиздан кўпроқ бўлган корхоналар ва ташкилотларда тижорат сири режимига риоя этилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Бошқа ташкилотлар учун мазкур Низом нормалари тавсиявий хусусиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларида берилган ҳуқуқий механизмлардан оқилона фойдаланиш уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлайди ва муваффақият омили бўлиб хизмат қилади.

О.Ҳакимов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари