Виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартларидан биридир

Дата: 20.10.2016    

“Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон
хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод
қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран
сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 31-модда

Асосий қомусимизда мазкур ҳуқуқий норманинг белгиланиши биринчи навбатда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинликлари ҳамда уларнинг дин билан боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва манфаатлари соҳасидаги илк қадам – пойдевор бўлди. Бошқача қилиб айтганда, бу норма асосида ҳар бир шахснинг дин билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан расман кафолатланди.

Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам дин ва эътиқод масалалари инсон маънавиятининг узвий қисми ҳисобланади. Уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва асосланган билимларга эга бўлиш ҳаётий-амалий фаолиятни тўғри ташкил этишга хизмат қилади.

Хусусан, бу борада виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик масаласи ижтимоий ҳаётда ҳар доим муҳим ва долзарб масала бўлиб келган. Чунки, ушбу тушунчаларнинг негизида шахснинг ҳуқуқ ва эркинлиги, демократик принциплар, адолатпарварлик ва инсонпарварлик каби муҳим ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий тушунчалар ётади. Виждон эркинлиги кишиларнинг руҳий оламига, уларнинг соғлом ва баркамоллигига бевосита таъсир кўрсатади.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида белгиланганидек виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Дарҳақиқат, виждон эркинлиги – ҳар бир фуқаронинг динга эътиқод қилиши ёки қилмаслик, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этиш ёки этмаслик каби динга нисбатан ўз муносабатини мустақил аниқлайдиган шахсий ҳуқуқидир. Ҳар бир фуқаро ўз ихтиёри билан диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун фуқароларни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Давлатимиз томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиш қатъий кафолатланган.

Диний бағрикенглик эса – хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатадиган тушунчадир. Бугунги кунда мазкур ғоя жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутувчи, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартларидан биридир.

Бугунги кунга келиб республикамизда диний ташкилотларнинг сони 1990 йилга нисбатан 10 бараварга ошиб, ҳозирда турли диний йўналишларига оид 16 та ҳар хил диний конфессияга мансуб, адлия органларида рўйхатдан ўтган 2239 та диний ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг сирасига ислом, православ, яҳудийлик, буддизм, шунингдек Рим-католик ва Евангел лютеранлар, Евангел христиан-баптистлар, Тўлиқ инжил христианлари, Новоапостоль черкови, Христиан-пресвитериан черкови, Иегово шоҳидлари, Кришнаитлар, Бахоийлар ва бошқалар киради.

Уларга ўз диний маросимларини ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.

Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун билан диннинг юксак маданият ва маънавият воситаси эканлиги, беқиёс ахлоқий-тарбиявий қудрати, шунингдек, инсонларни камтаринлик, камсуқумлик, ҳалоллик ва покликка ундовчи қадриятлари миллий қадриятлар қаторида қонуний тан олинди. Диний қадриятларнинг миллатлараро можаролар, қонли тўқнашувларни қаттиқ қоралаши, турли дин ва миллатдаги одамларни ўзаро биродар, аҳил бўлиб, тинч-тотув ҳаёт кечиришга даъват этиши каби омиллари ҳисобга олиниб, мамлакатимизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароит ва қулайликлар яратиб берилди.

Мисол тариқасида айтаб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистонда динга эътиқод қилувчилар барча диний байрамларни эркин нишонлашмоқдалар. Йилдан йилга мусулмонларнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, христианларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пасха, Пурим ва Ханука байрамлари кенг кўламда нишонланмоқда.

Бундан ташқари ҳар йили Ўзбекистон Ресупбликаси ҳукуматининг ҳар томонлама кўмаги орқали мусулмонлар Хаж ва Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига, христианларни Россия, Грецияга, яҳудийлар эса Исроилга зиёратга юборилмоқда.

Шунингдек, давлат томонидан ҳар бир конфессия билан ўзаро алоқаларни амалга ошириш қуйидаги тамойилларига асосланади:

диний туйғуларни ҳурмат қилиш;

фуқароларнинг шахсий эҳтиёжи сифатида диний эътиқодни эътироф этиш;

диндан ғайриқонуний мақсадларни амалга ошириш учун фойдаланишга йўл қўймаслик;

фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч бир динган эътиқод қилмаслигидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ва уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик.

Мазкур тамойиллар асосида эса давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, шунингдек давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенглик доимо умумбашарий ва миллий қадрият ҳисобланган. Шу билан у сабр-тоқат, бошқаларга халал бермасдан яшашни билиш билан бирга жамиятдаги динлараро ҳамжиҳатликни ҳамда ахлоқий ва дунёвий асосларни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Х.Кличев, Адлия вазирлиги масъул ходими