Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ННТ ва давлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда давлат грантлари билан қўллаб-қуватлашнинг долзарб вазифалари

Дата: 19.10.2016    

Кейинги йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу бўйича кенг қамровли тизим яратилди. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса юртимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини яхшилашдек устувор вазифалар билан чуқурроқ шуғулланиш имконини берди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарорига асосан адлия вазири раислигида 23 та давлат бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари раҳбарларидан иборат Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тузилган.

Кенгаш томонидан соҳа бўйича меморандумлар имзоланди.

Конференция, семинар, давра суҳбатларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий қўлланма тайёрланиб, ижрога қаратилди.

Аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

Ўтган 2015 йилда Адлия органлари томонидан 1 миллион 256 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилиб, уларда қарийб 13 миллионга яқин киши қатнашди.

Бугун республикамиз аҳолисининг қарийб 34 фоизи 18 ёшгача бўлган болалар, 58 фоизи эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилмоқда. Бу рақамлар ўз-ўзидан ҳуқуқий таълим-тарбия билан боғлиқ фаолиятни янада кучайтиришни тақозо этади.

Демократик давлат қуришда айнан кучли, эркин ва ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Нодавлат нотижорат ташкилотлар эса фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмидир.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг аксарият жиҳатлари ушбу ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ бўлиб, айнан улар фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ёрдам бермоқда, давлат ва жамият ўртасида ўзига хос бўғин бўлмоқда.

Таъкидлаб ўтиш керакки, фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий талабларидан бири бу фуқаролик жамияти барча институтларининг қонун ҳужжатлари асосида фаолият юритишини, уларнинг талабларига сўзсиз риоя этилишини, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва қонунийлигини таъминлаш ҳисобланади.

Бунинг учун эса мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатишининг тўлиқ ҳуқуқий асослари ва тартибга солиш механизмлари яратилган ҳамда қонун ҳужжатларида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қатъий белгилаб берилган.

“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасида ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган бўлиб, бу борада 2015 йил 4 сентябрда Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди ўртасида давлат ижтимоий буюртмасини бажариш бўйича икки томонлама шартнома имзоланди.

Шартнома мазкур Фонд томонидан “Турли аҳоли қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда ННТлар иштирокини фаоллаштиришга кўмаклашиш” номли лойиҳани амалга оширишга ва ушбу лойиҳа доирасида бир қатор ишларни бажариш ва тадбирларни ўтказишга қаратилган.

Бугунги кунда Адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида ҳуқуқий ислоҳотлар давом этмоқда.

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳам муҳим ўрин эгаллашини унутмаслик керак.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокими қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этиши қайд этилган.

Ушбу ҳолат нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини ҳам қамраб олган бўлиб, давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2005 йил 23 июндаги ПҚ-107-сонли “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига фуқаролик жамияти институтларининг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини юксалтириш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожлантиришга қаратилган фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш мажбуриятлари юклатилган.

Бизнинг назаримизда, фуқаролик жамиятининг барқарор ва умумхалқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий талабларидан бири бу фуқаролик жамияти барча институтларининг қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини, улар фаолиятининг очиқлиги ва қонунийлигини таъминлаш ҳисобланади.

Биз шуни яхши тушуниб етишларингизни хоҳлардик, ННТлар адлия органлари учун фақат назорат объекти эмас, балки бизларнинг энг фаол ҳамкорларимиз. Адлия бошқармаси ННТ лар билан ҳамкорлик тўғрисидаги бир қатор шартномаларни имзолаб, мамлакатдаги ислоҳотларни самарали амалга оширилишига хизмат қилмоқда.

Адлия бошкармаси ўзининг барча асосий фаолият йўналишлари бўйича ННТлар билан ҳамкорлик режалаштирган: бу ҳуқуқий тарғибот бўладими, инсон ҳуқуқларини, тадбиркорлар, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, уларни экспертиза қилишми, барчаси бўйича жамият манфаатларидан келиб чиқиб фаол ҳамкорлик қилмоқчимиз. Бу йўналишларнинг айримлари бўйича вазирлик йирик ННТлар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаган.

Адлия бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотларга юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, ННТлар соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар бундан буён ҳам давом этади.

Бизнинг асосий мақсадимиз – ННТлар салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш учун фойдали ҳуқуқий тизим яратиш, давлат органларининг ННТлар билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришдир.

Ж.Махсудов, Адлия вазирлиги масъул ходими