Истиқлол ва Парламентализм

Дата: 17.10.2016    

“Парламент назорати тўғрисида”ги қонун шарҳи

Мамлакатда қонунийлик, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ижро интизомига риоя қилишда назоратнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Республикамизнинг ҳар бир жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида демократик институтларнинг аҳамияти ортиб, уларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни ва роли ортиб бормоқда. Бундай институтлардан бири олий вакиллик органи – парламент ҳисобланади. Жамият сиёсий тизимида парламент ролининг юксалиб бориши давлат бошқарувида халқ иродасини янада тўлиқроқ ифодалашга хизмат қилади. Парламент фаолиятининг асосий йўналиши қонун ижодкорлиги ҳисобланса, унинг яна бир муҳим вазифаси парламент назоратини амалга оширишда намоён бўлади.

Мамлакатимизда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши парламентга кўплаб вазифаларни юклайди, ушбу қонун 28-моддадан иборат бўлиб, Қонунда парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш кўрсатилган.

Парламент назоратининг бошқа назорат турларидан асосий фарқи, авваламбор, олий давлат вакиллик органи, қонун чиқарувчи ҳокимият томонидан, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлган халқ томонидан сайлаб қўйилган вакиллари томонидан амалга оширилиши, ҳокимиятлар ўртасидаги «бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш» тизими воситаси бўлиб хизмат қилиши; асосий объекти давлат органлари фаолияти эканлиги; ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этиши; ўзининг демократиклиги, очиқ ва ошкоралиги, партиялар ва электорат манфаатларини уйғунлаштирганлиги, жамоатчилик фикри ва кучига таяниши билан ажралиб туради.

Қонуннинг асосий мақсади Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона тизимга солинган қонунчилик базасини яратишдан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг, шунингдек, муҳим давлат дастурларининг рўёбга чиқарилиши юзасидан ушбу давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ҳамда жавобгарлигини оширишдан иборат.

Парламент назорати – мамлакатни модернизация қилиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у ҳуқуқий давлатнинг муҳим мезони ҳисобланган қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли рўёбга чиқаришга ҳамда жамиятда парламентнинг ролини юксалтиришга хизмат қилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари мустаҳкамланмоқда. Халқимизнинг ўз вакиллари – депутатлар олдига қўяётган талаблари ҳам ортиб бормоқда. Бу охирги маротаба бўлиб ўтган сайлов жараёнларида, депутатликка номзодлар билан учрашувларда яққол намоён бўлди. Эндиликда депутатлар, айниқса, олий вакиллик органи – парламентга сайланган депутатлар сайловчилар талаб ва истакларини рўёбга чиқариш учун қонуний ваколатларни тўлиқ ишга солиши, хусусан, парламент назоратини кучайтириши тақозо этилади. Демак, парламент назорати мазмун-моҳиятига кўра, энг аввало, халқ назоратидир.

Ҳар қандай назорат унинг объекти аниқ белгилаб олингандагина мақсадли ва самарали бўлади ҳамда бошқа субъектларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятларига аралашмасликни кафолатлашга хизмат қилади. Қонунда парламент назоратиниг объекти аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир».

Парламент назорати соҳасида нафақат хорижий мамлакатлар парламентларида, балки ўзбек миллий парламентаризми тарихида ҳам ўзига хос тажриба тўпланган. Мазкур институт мамлакатимиз парламенти икки палатали шаклда фаолият юрита бошлаганидан сўнг янада такомиллаштирилди.

Маълумотларга кўра, дунёнинг ривожланган давлатларида ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назорати турли хил шаклда амалга оширилади. Бундай назорат аксарият ҳолларда ҳукумат олдига масала қўйиш, унинг сиёсати юзасидан мунозаралар ўтказиш, ҳукумат аъзоларининг фаолияти бўйича ҳисоботини тинглаш ҳамда парламент текшируви, махсус мажлиси ва сўрови каби кўринишларда намоён бўлади. Аҳамиятли жиҳати, бугунги кунда ушбу механизмларнинг аксарияти миллий қонунчилигимизда ўз аксини топди. Сўнгги йилларда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, мамлакатимизда парламент назорати институтига конституциявий мақом берилди.

Ушбу назорат давлат ва жамият ҳаётига оид энг муҳим масалалар юзасидан парламентнинг муносабатини, қараш ва ёндашувларини акс эттирадиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён ҳисобланади.

Парламентнинг назорат функциясини такомиллаштириш орқали қонунларнинг ижро ҳокимияти томонидан қай даражада амалга оширилаётганлиги ўрганилади, ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун яна қандай қонунлар зарурлиги аниқланади. Шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қандай муаммолар мавжудлиги намоён бўлади ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади, конституция ва қонунларнинг устуворлиги таъминланган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалда тўлиқ ўз ифодасини топишига эришилади.

Давлатимизнинг биринчи президенти таъбири билан айтганда, «...парламентимиз олдида турган ғоят муҳим вазифа – бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир».

Таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг 78-моддаси 21-бандига киритилган парламент назоратини амалга ошириш ҳақидаги қоида ҳар икки палатанинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат қилиш ваколатларини конституциявий даражада мустаҳкамланганлиги билан аҳамиятлидир.

Албатта, парламент халқнинг вакиллик органи бўлганлиги боис давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари устидан, айниқса, ўзи сайлайдиган, таъсис этадиган ва тайинлайдиган идоралар ва мансабдор шахслар фаолияти устидан муайян назоратни амалга ошириши зарур.

Қонунда кўрсатиб ўтилган назорат шаклларининг барчаси парламентга жуда катта имкониятлар беради.

Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳи парламент назоратини Қонунчилик палатаси мажлисида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг тасарруфига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мурожаат этиш, ҳукумат аъзоларини уларнинг фаолияти масалалари юзасидан эшитиш тўғрисида масала қўйиш, фракциянинг ва депутатлар гуруҳининг фаолияти учун зарур материаллар ва ҳужжатларни давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан талаб қилиб олиш орқали амалга ошириб келмоқда.

Парламент назорати функциясининг аҳамияти, энг аввало, қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши даражасини ўрганиш, қонунларнинг амалиётда қўлланилишига салбий таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, тегишли қонунларга назорат-таҳлил натижаларига асосан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг қонун ҳужжатлари қоида-талабларига сўзсиз амал қилиш масъулияти ва мажбуриятини ошириш билан белгиланади.

Юқорида қайд этилганларга кўра, лўнда қилиб айтганда парламент назорати – парламент томонидан амалдаги қонунлар ижросини текшириш, таҳлил қилиш, қонунчиликдаги камчиликлар, қонун нормалари ҳамда амалиётдаги қарама-қаршиликларни ўрганиш ва бартараф этишга қаратилган фаолиятдир.

Маълумки, парламент назорати барча мамлакатларда бир хил амалга оширилмайди. Бу вазифа ҳар бир давлат сиёсий тизимининг ўзига хослигидан келиб чиқиб бажарилади.

Бугунги кунда кўпгина ривожланган давлатларда парламент назоратининг мунозаралар ёки дебатлар, ҳукумат ва вазирларнинг парламент палаталари ялпи мажлисларида маърузаси ва ҳисоботини тинглаш, ишончсизлик вотуми билдириш, парламент тинглови, интерпелляция, парламент текшируви (тергови), парламентнинг махсус мажлислари, ҳукумат олдига масала қўйиш ёки “парламент соати”, парламент комиссарлари фаолияти (Омбудсман), парламент (депутат) сўрови сингари шакллари мавжудки, уларнинг айримлари Ўзбекистон парламентизмида ҳам қўлланилади.

Чунончи, Ўзбекистон Республикасида Олий Мажлиси палаталари томонидан амалга оширилаётган парламент назоратининг асосий йўналишлари бўлиб Ўзбекистон қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари ижроси устидан назоратни, Ўзбекистон Президентининг муҳим сиёсий масалалар бўйича фармонларини тасдиқлаш орқали назоратни амалга оширишни, давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилишни, инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳасидаги назоратни, давлат органларини шакллантириш ва мансабдор шахсларни сайлаш, тайинлаш ёки тасдиқлаш йўли билан назорат шаклини амалга оширишни, парламент олдида ҳисобдор органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини тинглаш ва улар фаолияти юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш орқали назоратни амалга ошириш ҳисобланади.

Буларнинг барчаси давлат ҳокимиятини амалга оширишда, қонун устуворлигини таъминлашда, халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишда парламентнинг устувор аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқади.

Олий Мажлис палаталарининг Конституцияда белгиланган биргаликдаги ва мутлоқ ваколатларидан келиб чиқиб, уларнинг назорат-таҳлил фаолияти қуйидагиларда намоён бўлади:

- Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатларидан келиб чиқадиган парламент назорати;

- Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган парламент назорати;

- Олий Мажлиснинг Сенати томонидан амалга ошириладиган парламент назорати.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонунга асосан парламент юқори палатаси ваколатларини кенгайтириш ҳамда бюджетни шакллантириш ва ижро этиш устидан парламент назорати самарадорлигини ошириш мақсадида Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Президент Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги қоида Конституциянинг 80-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари томонидан парламент назоратини амалга оширишдаги ваколатлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги конституциявий қонунлар билан янада такомиллаштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг Қарори билан тасдиқланган “Парламент сўровини амалга ошириш тартиби”да Қонунчилик палатаси томонидан парламент сўровини амалга ошириш тартиб қоидалари белгилаб берилган.

Мавжуд қонунчилигимиз билан парламент назоратини амалга оширишнинг умумий шакл ва услублари, субъектлари кўрсатилган бир пайтда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мантиқи парламент назоратининг қонунчилик базасини янада ривожлантиришни, уни унификациялашни ва замонавий парламентаризмнинг умум эътироф этилган стандартлар ва талабларига яқинлаштиришни, ривожланган демократик давлатларнинг парламент назоратига оид самарали ва таъсирчан шакл ва услубларни миллий амалиётга имплементация қилишни талаб этганлиги сабабли, қабул қилинган парламент назорати фаолиятини тўлалигича қамраб оладиган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун келгусида мамлакатимизда мазкур фаолиятнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича жиддий ҳуқуқий қадам бўлиши баробарида янгидан-янги ижобий амалий ўзгаришларнинг асоси бўлади.

Табиийки, фуқаролик жамиятини шакллантириш, ислоҳотларни собитқадамлик билан амалга оширишда парламент назоратининг роли катта. Боиси жамиятда парламент назоратини кучайтириш орқали мамлакат ҳаётини янада демократлаштириш, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини янада юксалтиришга эришиш мумкин. Қолаверса, ривожланишнинг ҳозирги модернизация босқичида мамлакат сиёсий саҳнасида парламентнинг ўрни ва нуфузини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган бош мақсад халқимиз манфаатларига мос қонунларни яратиш ва улар ижросини назорат қилиш орқали амалда қонунийлик муҳитини қарор топтириб, эркин фуқаролик жамияти сари дадил қадам ташлашдир.

Қонуннинг қабул қилиниши ҳокимият бўлиниши конституциявий принципини рўёбга чиқаришни давом эттиришда, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини яратишда, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини кучайтиришда, қонун устворлигини, қонунийликни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари ижросини таъминлашда, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари зиммасига юклатилган вазифаларни ижро этиш учун уларнинг жавобгарлигини оширишда муҳим омилдир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда парламент назорат функциясини янада такомиллаштириш жамиятда олий вакиллик органи ҳисобланган парламентнинг нуфузини янада юксалтириш, амалдаги қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминланиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, энг асосийси, мамлакатимиз ўз олдига қўйган энг олий мақсад – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишдаги саъй-ҳаракатларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қ.Аҳмаджонов Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси шўъба мудири