Адлия органлари фаолиятида “Ишонч телефони”нинг ўрни ва роли

Дата: 07.10.2016    

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2011 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурини бажариш юзасидан ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 мартдаги “Адлия органларида махсус “Ишонч телефони” ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида қонун ҳужжатларини қабул қилиш билан бир қаторда, алоҳида давлат идораларига, янгидан ташкил этилган тузилмаларга ушбу қонун ҳужжатларини амалда тўғри ва тўлиқ ижро этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузган ва манфатларига зиён етказган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар қўлланилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ташкил этилган махсус “Ишонч телефон”ларининг асосий мақсади давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан назорат органлари ва лицензияловчи органлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан,

– тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар беришнинг белгиланган муддатлари ва тартибига риоя қилинмаслиги масалалари бўйича,

– уларга кредит ва молия ресурслари беришнинг ноқонуний рад этилиши ёки бериш тартиб-қоидаларининг асоссиз чўзиб юборилиши юзасидан ва бошқа масалалар бўйича мурожаатларини қабул қилиш ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳисобланади.

Шундай мурожаатлардан Адлия органларида ташкил этилган махсус 1-008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ўзларинингбузилган ҳуқуқларини зудлик билан тўғридан-тўғри билдириш учун мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтирди.

Ўтган даврда тадбиркорлик субъектларидан 573 та мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 453 таси кўриб чиқилиб ҳал этилди. Қолганлари ижрода.

Жумладан, Наманган шаҳридаги ЯТТ М.Абдубаевнинг “Ишонч телефони”га қилган мурожаатини ўрганиш натижасида шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорга солиқ имтиёз қўлланилмасдан 850.582 сўм миқдорда солиқ ундирилганлиги аниқланиб, адлия органи томонидан 2016 йил 22 июнда киритилган тақдимномага асосан ундирилган маблағлар тадбиркорга қайтарилди ҳамда имтиёз қўллашни ғайриқонуний рад этганлиги учун инспекция ходимига ЖИБ Наманган шаҳар судининг 2016 йил 12 августдаги қарори билан 390.720 сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Шунингдек, Китоб туманидаги “Рўзимурод Очилов” хусусий фирмасининг кредит маблағлари ажратилмаётганлигидан норози бўлиб “Ишонч телефони”га қилган мурожаатини ўрганиш натижаси бўйича киритилган адлия органининг 
2016 йил 29 июлдаги тақдимномасига асосан тадбиркорга 25 млн сўм кредит маблағлари ажратилди ҳамда банк ходимига “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Бундан ташқари, Наманган вилояти, Норин туманида фаолият юритувчи “Биллур чашма” МЧЖ раиси Ж.Сойипов АТ “Халқбанки” Норин туман филиали томонидан 33 000 000 сўм миқдордаги кредит маблағлари ажратиш бўйича қилган мурожаати қаноатлантирилмаётганлигини билдириб “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат ижобий ҳал этилиб, банк филиали томонидан жамиятга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди ҳамда банк ходими томонидан ортиқча ҳужжат талаб қилинганлиги учун хуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 24110-моддаси асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Мазкур баённомага асосан жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг қарори билан банк ходимига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек хусусий секторнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва шакллантирилган ҳуқуқий ҳимоя тизими мамлакатимизда тадбиркорлар давлат ҳимоясида деб айтишимизга ҳамда уларни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишимизга тўлиқ имконият яратади.

М.Дарбишев, Адлия вазирлиги масъул ходими