Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги босқичда

Дата: 25.06.2013    

Кейинги йилларда юртимизда ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган том маънодаги суд-ҳуқуқ тизими шакллантирилди.

Қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мамлакатимизда истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳиятига сингдирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузаларида мамлакатимизни демократик янгиланишнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришнинг ҳал қилувчи вазифаси бўлиб келаётганлиги хусусида тўхталиб ўтилди.

Концепцияда давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш юзасидан билдирган таклифлари ижроси бўйича судга қадар иш юритиш босқичида қўлланадиган чоралар, яъни лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари ваколатлари прокурордан суд органларига ўтказилди, айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбурияти прокурор зиммасига юкланди ҳамда судлар ваколатидан жиноий иш қўзғатиш ваколати чиқариб ташланди, шунингдек, қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратиш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишига хизмат қилувчи Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишга йўналтирилган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, авваламбор, ички ишлар идораларининг бу соҳадаги фаолияти янада либераллашувини таъминлашга хизмат қилувчи “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Бундан ташқари, мазкур йўналишдаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бир қисми сифатида адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини амалга оширишдаги ролини кучайтириш учун уларга зарур бўлган тегишли ваколатларни бериш, мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш белгилаб берилди.

Ушбу ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 17 июндаги “Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида адлия органларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиш устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг жойларда ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Ҳозирги кунда Юртбошимизнинг юқорида кўрсатилган қарорида белгилаб берилган вазифа ва функциялардан келиб чиққан ҳолда Бош бошқарманинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими томонидан вилоятдаги давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонунийликни таъминлаш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда.

Ҳудудий бўлим томонидан жорий йилнинг январь-май ойларида 
2 та ўрганиш ва 2 та мониторинг, жами 4 та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларда давлат органи тизимидаги 88 та идоралар фаолияти қамраб олинди.

Назорат тадбирлари натижасида 1000 га яқин турли хил тизимли қонунбузилиш ҳолатлари ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида ўрганилган идораларга тегишли таъсир чоралари киритилди.

Ҳудудий бўлим томонидан мазкур қонунбузилишлар ҳолатларини бартараф этиш билан бирга, энг аввало уларни келтириб чиқараётган сабаблар ва шарт-шароитларни олдини олишга эътибор қаратилмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Президентимиз ташаббуслари билан суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар самараси сифатида фаолиятини бошлаган Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари жамиятимизнинг барча жабҳаларида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонунийликнинг сўзсиз таъминланишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, ушбу янги тузилма давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларида қонунларга ҳурмат, масъулият ҳиссини ошириб, фуқароларимизда келажакка бўлган ишонч руҳини юксалишини таъминлайди.

Элдор Махкамов,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Қонунчиликка риоя этилиши устидан

назорат қилиш бошқармаси Сирдарё

вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи