Фарзандликка олиш

Дата: 03.10.2016    

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бунга доир белгиланган вазифаларни амалга оширишда оила институти зиммасига катта маъсулият юкланган. Оила бу борада зарур имкониятлар ва салоҳиятга эга.

Конституциямизнинг 64-моддасида давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши кафолатлаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида", "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида" ва "Таълим тўғрисида"ги қонунлар, Оила, Меҳнат ва Фуқаролик кодекслари каби қатор қонун ҳужжатларида ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш, уларнинг ташаббусларини, интилиш ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, болаларга ўз иқтидорини намоён этишларига кенг имкониятлар яратишнинг ҳуқуқий асослари акс этган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида конституциявий нормаларга мувофиқ боланинг оилада тарбияланиши оила қонунчилигининг устувор тамойилларидан бири сифатида тан олинган.

Фарзандликка олиш институти ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг асосий кафолатларидан бири ҳисобланишини назарда тутган ҳолда ушбу масалани ҳал қилиш ваколати судларга берилиши оила институтини янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялашда оиланинг аҳамиятини кучайтириш ҳамда оилавий муносабатларда қонунийликни таъминлашда суд ҳокимиятининг нуфузини оширишга хизмат қилади.

Маълумки, фарзандликка олиш — оила қонунчилигининг муҳим масалаларидан бири бўлиб, мураккаб ҳуқуқий институтдир. Уни ҳал қилишда қонунийликни таъминлаш катта аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида 2013 йилнинг 1 май кунидан бошлаб фарзандликка олиш суд тартиби орқали расмийлаштирилиши амалиётга жорий этилди. Фарзандликка олишни истаган шахс ариза билан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиши мумкин.

Фарзандликка олиш деганда, вояга етмаган шахсни ота-она томонидан болага ўз насл-насабини бериш йўли билан унга нисбатан ота-оналик ғамхўрлиги асосида вояга етказиши, унинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, ўз авлодини давом эттириши тушунилади.

Фарзандликка олиш бу ўзганинг фарзандини ўз фарзандига тенглаштириб олишдир. Фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида туққан ота-она билан болалар ўртасидаги каби хуқуқий муносабатлар вужудга келади.

Вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун уларни фарзандликка олишга йўл қўйилади. Болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш фарзандликка олишнинг асосий шартидир. Бола манфаатлари дейилганда, биринчи навбатда унинг жисмоний, рухий ва маънавий ривожланиши учун тўлақонли шароит яратиш тушунилади.

Фарзандликка олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига асосан қайд этилади. 2013 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг “Фарзандликка олиш” деб номланган 20-бобига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига кўра, фарзандликка олиш фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади.

Қонунчилигимизда фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилиниши ҳам белгилаб қўйилган.

Хусусан, ФҲДЁ органи ва унинг масъул шахслари фарзандликка олиш сирини ошкор қилмасликлари лозим. Ушбу ҳолатлар эса ФҲДЁ органининг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси, ўз навбатида, фуқаролик ҳуқуқи субъекти эканини англатади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги ва бошқа ҳужжатлардаги фарзандликка олувчилар фарзандликка олинганларнинг ота-онаси эмаслигини билдирадиган мазмундаги ёзувлар билан таништириш, бу ёзувлардан кўчирмалар ва бошқа маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, агар улар вафот этган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.

Шунингдек, судда фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари ҳамда прокурорнинг иштирок этиши мажбурийдир. Васийлик ва ҳомийлик органларига бундай масъулиятли вазифанинг юклатилиши, судда прокурорнинг иштирок этиши — болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида нафақат суд органлари, балки васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда прокурор ҳам масъул эканидан далолат беради. Қолаверса, бу билан судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишларнинг қонунийлиги ҳар томонлама таъминланади.

Миллий қонунчилигимизда болани фарзандликка олишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, Оила кодексининг 152-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар; қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар; асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар; ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаган ёки уларни лозим даражада бажармаган — фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар; қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар болаларни фарзандликка олишлари мумкин эмас.

Шу билан биргаликда чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган болани фарзандликка олишга агар болани Ўзбекистон Республикасининг унинг ҳудудида доимий яшаётган фуқароларига фарзандликка бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳоллардагина йўл қўйилиши мумкин

Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий аҳамияти шундаки, фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига ҳеч бир мустасносиз тўлиқ тенглаштирилади.

Фарзандликка олиш ҳақидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ФҲДЁ органида ижро этииб, фарзандликка олинган болага нисбатан белгиланган тартибда туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилган пайтдан бошлаб, ҳуқуқий оқибатлар туғдиради.

Фарзандликка олганларнинг ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин тортганлари ёки уларни лозим даражада бажармаганликлари суд томонидан фарзандликка олишни бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Боланинг манфаатлари учун зарур бўлган бошқа ҳолларда ҳам фарзандликка олиш суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Фарзандликка олишнинг бекор қилинишига фарзандликка олинган бола вояга етгунига қадар, яъни ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар йўл қўйилади.

Ўз оиласига ўзга оиланинг ёки ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қабул қилишдек савобли ишга қўл урган инсонларни ҳақиқий маънода олийжаноб инсонлар қаторига қўшиш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қонун йўли билан муҳофаза қилиш, фарзандликка олинувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни оила бағрида тарбия топишлари учун шарт-шароитларни яратиш бугунги кунда давлатимизнинг устувор вазифалари қаторига киради, десак хато бўлмайди.

М.Акрамова, Сирдарё тумани1-сон ФҲДЁ бўлими мудири