Мерос мулкини қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш

Дата: 03.10.2016    

Мерос масаласи мулк билан боғлиқ бўлганлиги сабабли барча жараёнларда ўзининг аҳамиятлилиги билан ажралиб туради.

Судларда келиб чиқаётган аксарият низоларнинг мерос билан боғлиқлигини унутмаслик керак. Мерос масаласи ҳар бир давлатнинг қонунчилигида у ёки бу даражадаги чекловлари, имтиёзлари билан нормалаштирилган бўлиб, Германия давлатида мерос масалалари нотариуслар томонидан амалдаги қонунлар асосидаги тақсимоти, тегишли судлар билан келишилган холда, яъни уларнинг розилиги олинган ҳолда белгиланади. Бундан кейинчалик келиб чиқадиган низоларнинг олди олиниб, судларга қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи чекланиши назарда тутилганлигини инобатга олиш керак.

Албатта, бу давлатнинг ривожланиш тарихида мерос билан боғлиқ низоларнинг такрорланиши ёки мерос ишининг ечимида маълум бир тўҳтамларга келишдаги номутаносибликлар шундай иш тутишни тақазо қилган.

Лекин, мусулмон ҳуқуқи асослари мерос масаласида юқоридаги ҳолатнинг акси сифатида низолар кам учрашлиги билан ажралиб туради. Унда, мусулмон ҳуқуқи мерос масаласида Қуръон оятлари, ижмо ва қиёс асосида иш тутиб, масаланинг тез ва сифатли ҳал бўлишини таъминлаб келган.

Шунингдек, Буюк Британия давлатида асосий қонунларнинг йўқлиги кузатилсада, мерос масалалари ўхшашлик ёки адолат мезонидан келиб чиқиб тақсимланади. Шундан, мазкур давлатда ҳам низолар кам учраётганлиги кузатилган.

Мерос мулкининг қўриқланишига доир чора-тадбирларЎзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 52-моддасига мувофиқ мерос очилган жойдаги нотариус, башарти қонун бўйича меросхўрларнинг ёки васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг, кредиторлар ёки давлатнинг манфаатлари учун зарур бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарига кўра ёки ўз ташаббуси билан мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўрилиши белгиланган.

Агар қонун бўйича меросхўрлар бўлмаса ёки номаълум бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи меросни бошқарувчи тайинланишини сўраб нотариусга мурожаат этиши лозим.

Агар мерос қолдирувчининг мол-мулки ёки унинг бир қисми мерос очилган жойдан ташқарида бўлса, мерос очилган жойдаги нотариус бу ҳақда мерос мол-мулк жойлашган ердаги нотариусга мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисида топшириқ юборади.

Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўрган нотариус мерос очилган жойдаги давлат нотариал идорасига кўрилган чора-тадбирлар ҳақида хабар қилади ва мерос мол-мулк рўйхатининг нусхасини юборади.

Мерос мулкни муҳофаза қилиш, аввало, мерос очилган жойдаги нотариус зиммасига юкланади. Чет давлатларда бўлган мерос мулкни муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади.

Мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаб келаётган меросхўрлар ёки бошқа шахслар ўз хоҳишлари билан рўйхатга олиш учун мол-мулкни тақдим этган тақдирдагина, нотариус ушбу мол-мулкни рўйхатга олади.

Агар мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаб келаётган меросхўрлар ёки бошқа шахслар мол-мулкни рўйхатга олишга қаршилик қилишса, нотариус мол-мулкни хатлаш учун тақдим этишдан бош тортганлик тўғрисида далолатномани тузади ва меросхўрларни бу ҳақда хабардор қилади, уларга бу масала юзасидан даъво билан судга мурожаат этиш ёки даъвони таъминлаш мақсадида суд тартибида мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқларини тушунтиради.

Шунингдек, рўйхатга олиш учун жойига чиқилганда, рўйхатга олиниши лозим бўлган мол-мулк мавжуд бўлмаса ва меросхўрлар ёки бошқа шахслар томонидан олиб кетилган бўлса, нотариус мол-мулк мавжуд эмаслиги тўғрисида ёки мол-мулк олиб кетилганлиги тўғрисида далолатнома тузади ва бу ҳақда меросхўрларга ёки бошқа манфаатдор шахсларга хабар беради, уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мол-мулкни қайтариш талаби билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиш ҳуқуқини тушунтиради.

Вафот этган шахсдан қолган пул маблағлари меросхўрларга гувоҳнома берилгунга қадар ёки мерос олиш ҳуқуқи бўйича мерос мулкини давлат фойдасига ўтиш ҳолларида давлат нотариал идорасининг депозит ҳисобрақамига топширилади.

Олтин, кумуш, платина ва тангадаги, қуймадаги ва хом турдаги платина гуруҳдаги металларга, чет эл валютасига, чет эл валютасида берилган тўлов ҳужжатларига, ҳужжатли шаклдаги қимматли қоғозларга, қимматбаҳо металлардан, тошлардан ишлаб чиқарилган буюмларга, шунингдек қимматбаҳо тошларга алоҳида рўйхат тузилади, улар конвертга ёки юмшоқ идишга солинади, муҳрланади, пломбаланади ва рўйхатга олинган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай, меросхўрларга берилгунича ёки мерос олиш ҳуқуқи бўйича мерос мол-мулки давлатга ўтиш ҳолатида давлат фойдасига топширилгунга қадар, тегишли банкка сақлаш учун топширилади.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозлар депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар тарзида тегишли депозитарийларда сақланади.

Энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлган нархдаги қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган шахсларда қолдирилади.

Марҳумнинг мол-мулки таркибида бўлган барча турдаги қурол, шу жумладан, ов милтиғи ва портловчи моддалар махсус рўйхат бўйича ички ишлар органларига топширилади.

Мерос қолдирувчига тегишли бўлган орден, медаллар, фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари, шунингдек уларни тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжатлар эсдалик сифатида сақлаш учун мерос қолдирувчининг оила аъзоларида қолдирилади ёки меросхўрларнинг розилиги билан улар музейларга топширилиши мумкин.

Мерос мулкини қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўришдан мақсад нима деган савол туғилиши табиий?

Мерос мулкини қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўришдан мақсад мулкни талон-тарож қилинишини олдини олишдан иборат.

Мулкни қўриқлаш билан боғлиқ мерос мулки асосан яқин қариндошлар томонидан ташиб кетилиши ёҳуд талон-тарож қилиниши мумкинлиги инобатга олинади.

Шунингдек, мулкни қўриқлаш лозимлигининг аҳамияти яқин қариндошлар ўртасидаги низоларнинг олдини олишдан иборат. Айниқса, мерос мулкини уй-жиҳоз буюмлари бўлиши ва унинг аниқ бир жойда эканлиги ҳамда мазкур мулкка бошқа бегоналар қўли етмаслиги, мулкни йўқолиши билан боғлиқ низода, биринчи бўлиб мерос мулкини йўқолиши билан боғлиқ масалада яқин қариндошлар ўртасида низо келиб чиқишини инобатга олиш лозим.

Агар мулкни бошқариш лозим бўладиган мулк доирасидаги мерос бўлган тақдирда унга бошқарувчи тайинлаш билан бирга мулкни қўриқлаш чоралари кўрилади.

Айниқса, нотариуслар томонидан меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш учун тайинлаган шахснинг тажрибаси, уни обру-эътиборини, жамиятдаги мавқейини инобатга олиш мақсадга мувофиқдир. Тўғридан-тўғри бирон-бир инсонни меросни бошқарувчи қилиб тайинлаш, мероснинг нобуд бўлиш даражасини оширади ва меросҳурлар ўртасида турли норозилик муҳити келиб чиқишига сабаб бўлади.

К.Ботиров, Мирзаобод туман ДНИ стажёр нотариуси