Жамоа шартномаси - иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат

Дата: 03.10.2016    

Бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида корхоналарда ходимлар билан иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни шартномалар асосида тартибга солиш, ижтимоий шерикчилик тамойилини ривожлантириш жамоа шартномаси ва келишувлари орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 29-моддасига кўра Жамоа шартномаси — корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир.

Жамоа шартномаси корхонада иш берувчи билан касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасида биргаликда ёки келишиб қабул қилинадиган норматив ҳужжатлар орасида юридик аҳамияти жиҳатидан юқорироқ ўринда туради.

Жамоа шартномалари ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатларини шартнома асосида тартибга солишга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш мақсадида тузилади.

Жамоа шартномалари тузишнинг асосий принциплари қуйидагилардир:

қонун ҳужжатлари нормаларига амал қилиш;

тарафлар вакилларининг ваколатлилиги;

тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

жамоа шартномалари, келишувлари мазмунини ташкил этувчи масалаларни танлаш ва муҳокама эркинлиги;

мажбуриятлар олишнинг ихтиёрийлиги;

олинаётган мажбуриятларнинг ҳақиқатда бажарилишини таъминлаш;

текшириб боришнинг мунтазамлиги;

жавобгарликнинг муқаррарлиги.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 27-моддасига биноан, корхонада иш берувчи номидан вакилликни меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа ҳужжатлар ҳамда корхона низомларида кўзда тутилган ваколатлар доирасида маъмуриятнинг мансабдор шахслари амалда оширади. Айни шу мансабдор шахслар корхонада раҳбарлик қилади. Мазкур шахслар билан корхона ўртасида тузилган меҳнат шартномаси туфайли улар ҳам меҳнат жамоаси таркибига қўшилади. Албатта меҳнат жамоаси меҳнат ҳуқуқининг субъекти сифатида бутун корхона ҳамда унинг таркибий бўлинмаларида фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 35-моддасига кўра иш берувчи билан жамоа шартномасини тузиш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига касаба уюшмаси ўз вакиллик органи орқали, ходимлар томонидан ваколат берилган бошқа вакиллик органи ёки бевосита меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) эга.

Жамоа шартномалари корхоналарда, уларнинг юридик шахс ҳуқуқи берилган таркибий бўлинмаларида тузилади.

Жамоа шартномаси, бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан — бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 36 моддасига асосан жамоа шартномаси, бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан — бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 37-моддасида Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилиши кўрсатилган. Ушбу моддага кўра, Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди.

Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:

меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;

ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиб олиш шартлари;

иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари;

ходимларнинг, шу жумладан аёллар ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш;

ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар;

ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта;

иш берувчи томонидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;

жамоа шартномасининг бажарилишини текшириб бориш, тарафларнинг жавобгарлиги, ижтимоий шериклик, касаба уюшмалари, ходимларнинг бошқа вакиллик органларига фаолият кўрсатиш учун тегишли шароит яратиб бериш.

Жамоа шартномасида корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа шартлар, шу жумладан қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган нормалар ва қоидаларда кўрсатилганига қараганда имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатдан илгари пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар, бошқа қўшимча имтиёз ва компенсациялар) ҳам киритилиши мумкин.

Башарти амалдаги қонунларда норматив тусдаги қоидалар жамоа шартномасида албатта мустаҳкамлаб қўйилиши шарт деб бевосита кўрсатма берилган бўлса, бундай қоидалар жамоа шартномасига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 38-моддасида Жамоа шартномасининг лойиҳаси корхонанинг бўлинмаларида ходимлар томонидан муҳокама қилиниши керак ва у билдирилган фикр ва таклифлар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб такомилига етказилади. Ишлаб такомилига етказилган лойиҳа меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) муҳокамасига қўйилади деб кўрсатилган.

Меҳнат жамоасининг йиғилиши, башарти унда ходимларнинг ярмидан кўпроғи иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Меҳнат жамоасининг конференцияси, башарти унда делегатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Жамоа шартномаларини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 4-моддаси билан тартибга солинган. Улар музокара жараёнлари тўғрисида умумий қоидалар ва жамоа шартномаси тузишга бўлган алоҳида талаблардан таркиб топади.Жамоа шартнома ҳужжати жамоа музокаралари ўтказилгандан кейин тузилади. Шунинг учун жамоа шартномаларини тўғри тузиш жараёни муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 40-моддасига кўра Жамоа шартномаси, башарти уни умумий йиғилишда (конференцияда) иштирок этаётганларнинг эллик фоизидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, маъқулланган ҳисобланади. Агар жамоа шартномасининг лойиҳаси маъқулланмаса, тарафларнинг вакиллари уни умумий йиғилишда (конференцияда) билдирилган таклиф-истакларни эътиборга олган ҳолда ишлаб такомилига етказадилар ҳамда ўн беш кун ичида умумий йиғилиш (конференция) муҳокамасига қайта тақдим этадилар. Умумий йиғилишда (конференцияда) маъқулланганидан кейин тарафларнинг вакиллари жамоа шартномасини уч кун ичида имзолайдилар деб кўрсатилган.

Барча ҳуқуқ соҳаларининг, хусусан, меҳнат ҳуқуқининг манбалари ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиш вақтининг бошланиши ва тугаш муддати аниқ белгилаб қўйилиши муҳим аҳамиятга эга.

Меҳнат кодексининг 41-моддасига асосан Жамоа шартномаси имзоланган вақтдан эътиборан ёки жамоа шартномасида кўрсатилган кундан бошлаб кучга киради ҳамда тарафлар белгилаган муддат давомида амал қилади. Белгиланган муддат тугагач, жамоа шартномаси тарафлар янги шартнома тузгунча ёки амалдаги шартномани ўзгартиргунча, тўлдиргунча амалда бўлади.

Жамоа шартномаси иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 34-моддасида жамоа шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланган. Унга кўра иш берувчининг манфаатларини ифода этувчи шахслар қуйидагилар учун жавобгар бўладилар:

1) жамоа шартномаси, келишувини тузиш, ўзгартириш ёки тўлдириш юзасидан олиб борилаётган музокараларда қатнашишдан бўйин товлаганлик ёки уларни ишлаб чиқиш ва тузиш муддатини бузганлик ёхуд тарафлар белгилаган муддатда тегишли комиссиянинг ишини таъминламаганлик учун;

2) музокаралар олиб бориш ва жамоа шартномаси, келишувига риоя этилиши устидан текшириш олиб бориш учун керакли ахборот тақдим этмаганлик учун;

3) жамоа шартномаси, келишуви мажбуриятларини бузганлик ва бажармаганлик учун. Касаба уюшмаси, ходимларнинг бошқа вакиллик органи талабига кўра мулкдор ёки у вакил қилган шахс жамоа шартномаси мажбуриятлари бузилишида ёки бажарилмаслигида айбдор бўлган раҳбарга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 34-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши тариқасида баҳоланади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Жамоа шартномаси муҳим хўжалик ва ҳуқуқий ҳужжат сифатида бозор муносабатларига ўтиш даврида корхоналар мустақиллигини кенгайтириш ҳамда уларнинг юридик жавобгарлигини кучайтириш борасидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, корхоналарнинг молиявий жиҳатидан мустақилликка ўтгани, иқтисодий рағбатлантириш жамғармасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилгани, меҳнат ҳақи миқдори ва тизими, мукофот, қўшимча тўлов, устама ҳақ, рабатлантириш тарзидаги тўловларнинг асосан жамоа шартномаларида белгиланиши корхона фаолиятига оид кўрсаткичларнинг юқори бўлишининг муҳим омили бўлиши билан бирга, ходимлар манфаатдорлигининг ортишига ҳамда меҳнат жамоаси фаолиятининг янада активлашувига хизмат қилади, қолаверса, бу жамоа шартномасида қайд этилган тадбирларнинг изчиллиги ва самарадорлигига ҳам ижобий таъсир этади. Тажриба шуни кўрсатмоқдақи, иш берувчи билан меҳнат жамоаси томонидан жамоа шартномаси орқали яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ишлаб чиқариш унумдорлигининг ўсишига, ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларининг таъминланишига, шунингдек, меҳнат шартларининг такомиллашувига кўмаклашади.

А.Юсупбаева, Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари