Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш – уларнинг самарали фаолияти гаровидир

Дата: 30.09.2016    

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий база мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Шунингдек, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда ННТларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш, тартибларни соддалаштириш ва ННТлар учун қулайликлар ва енгилликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайганлиги, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи олинмаслиги, давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланганлиги, рўйхатдан ўтказишда таъсис ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш ва бошқа қўшимча талаблар бекор қилинганлиги, ННТлар томонидан ҳисоботлар топшириш ва тадбирларни келишиш тартиблари осонлашганлиги, ННТлар мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилганда жавобгарлик чоралари енгиллашганлиги ва бошқа нормалар бунга яққол мисол бўла олади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда халқаро шартномаларида мустаҳкамланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2016 йил 25 апрелдаги Қонунининг 5-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 239-2391-моддаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши ва жамоат фондининг харажатларни белгиланган энг юқори миқдордан ошириб юбориши ва йиллик ҳисоботни эълон қилмаганлик учун эллик бараваридан юз бараваригача жарима миқдори ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача ҳамда юз бараваридан юз эллик бараваригача жарима миқдорлари эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача камайтирилди.

Бунинг натижасида ННТларнинг ўрни ва нуфузи ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, таълим, соғлиқни сақлаш ва барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштироки сезиларли даражада ошди.

Мисол тариқасида, мустақилликка эришган вақтда Республикамизда 100 га яқин ННТ фаолият кўрсатган бўлса, бугун кунда юртимизда 8000 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 130 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг бошланғич ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда республикамизда 4 та сиёсий партия мавжуд бўлиб, мазкур партияларнинг 800 дан ортиқ бўлинмалари адлия органларидан рўйхатдан ўтиб фаолият олиб бормоқда.

Сиёсий партиялар соҳасидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам бошқа ННТлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар каби сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш, тартибларни соддалаштириш ва партиялар учун қулайликлар ва енгилликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2016 йил 25 апрелдаги Қонунининг 5-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 239-моддасига нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини ўтказишни рўйхатга олувчи орган билан келишмаганлик учун жавобгарликка тортиш бўйича қисми сиёсий партияларга нисбатан қўлланилмаслиги бўйича ўзгартириш киритилди.

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 13-моддасига кўра “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасидаги нодавлат нотижорат ташкилоти мажбурияти сифатида саналган рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиши ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериши бўйича талаблар сиёсий партияларга нисбатан қўлланилмайди.

Юқоридагиларга асосан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами: 2679, 04.06.2015 йил) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги асосий қонун ҳужжати бу 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган 617–II-сонли “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун ҳисобланади.

Ушбу Қонун 21 моддадан иборат бўлиб, Қонуннинг мақсади сиёсий партияларни молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги Қонунига кўра “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 ва 10-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонуннинг 6-моддаси эски таҳририга кўра сиёсий партияларга, уларнинг муассасалари ва ташкилотларига банк муассасаларида биттадан ортиқ ҳисоб-китоб варағига, шунингдек чет эл банкларида ҳисобварақларга эга бўлиш тақиқланар эди.

Киритилган ўзгартиришга асосан эса сиёсий партияларга, уларнинг ташкилотларига биттадан ортиқ банкда банк ҳисобварақларига, шунингдек чет эл банкларида ҳисобварақларга эга бўлиш тақиқланади.

Шунингдек, сиёсий партиялар битта банкда қуйидаги талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин:

асосий ҳисобварақ — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни назорат қилиш учун;

иккита иккиламчи ҳисобварақ:

а) аъзолик бадаллари, хайриялар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан келиб тушадиган маблағларни ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан келиб тушадиган маблағларни ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун.

Ушбу Қонуннинг 10-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра сиёсий партияларни молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари сиёсий партияларнинг банк ҳисобварақларига (муқаддам: ҳисоб-китоб варақларига) белгиланган тартибда ўтказилиши белгиланди.

Сиёсий партия томонидан молия йили мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмайди ва бу маблағлардан келгуси йилларда уларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланилиши қайд қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 январдаги 9-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, ушбу низомнинг 5-банди янги таҳрирда баён этилди. Хусусан, сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга ажратилган давлат маблағлари партия томонидан партиянинг уставда назарда тутилган вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилган мақсадларга сарфланади.

Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга ажратилган давлат маблағларини сарфлашда сиёсий партияларга нисбатан бюджет маблағларини сарфлаш талаблари, тартиби, нормативлари, шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар учун белгиланган бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини юритиш қўлланмайди.

Ҳар йили уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга давлат маблағлари оладиган сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тасдиқланган харажатлар сметасини, шунингдек ўзларининг банклар томонидан тасдиқланган ҳисоб рақамларини қуйидаги муддатларда тақдим этадилар:

янги чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг биринчи йилида — сиёсий партия давлат томонидан молиялаштириш ҳуқуқини оладиган ой бошлангунгача;

кейинги йилларда — навбатдаги молия йилидан олдинги йилнинг ўнинчи декабригача.

Харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритилган тақдирда партия Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида 10 кун муддатда ёзма хабар беради. Бунда жорий йил харажатлар сметасига жорий йилнинг 15 декабридан кейин ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, юқоридаги қарор билан Низомнинг 8-бандидаги “давлат бюджети” ва “Ўзбекистон Республикаси Қонунида” сўзлари тегишли равишда “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети” ва “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида” сўзлари билан алмаштирилди. Ушбу бандга “Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга Ягона ғазначилик ҳисоб рақамидан ажратиладиган бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметаси, сметада бюджет тизимининг бюджетлар харажатлари иқтисодий классификациясини бир сатрда акс эттирган ҳолда, умумий сумма учун тузилади” деган хатбоши қўшилди.

Ушбу ўзгартиришга сабаб “Бюджет тизими тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонуни билан ўз кучини йўқотган.

Низомнинг 15-банди ҳам янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра сиёсий партия томонидан молия йили мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмайди ва улардан келгуси йилларда уларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланилади.

Ушбу банднинг эски таҳририда эса сиёсий партиялар томонидан ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун олинган ва унинг учун ажратилган молиявий йил мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағлари молиявий йил тамом бўлгандан кейин бир ой мобайнида, кейинчалик давлат бюджетига қайтариш учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тегишли ҳисоб рақамига ўтказилиши керак, деган норма мавжуд эди.

Қонун ҳужжатларига ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларнинг киритилиши нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан сиёсий партиялар томонидан уларнинг уставда назарда тутилган мақсад ва вазифаларига эришиш, давлат маблағларини мақсадли сарфлашда кўплаб қулайликлар яратади.

З.Махмудов, Адлия вазирлиги масъул ходими