Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш!

Дата: 26.09.2016    

Ҳаммамиз учун қадрли ва эъзозли бўлган биринчи Президентимиз И.Каримов томонидан илгари сурилган давлатимиз ривожига асос бўлган, кейинчалик жаҳонда ривожланишнинг “Ўзбек” модели деб топилган беш тамойил асосида мамлакатимиз ривожланмоқда.

Агар мазкур тамойилларнинг мазмун-моҳиятини тушуниш учун мушоҳада қилинса, барча жараёнлари тадбиркорликни ривожлантириш, унга кўмак бериш ва имтиёзларни тадбиқ этиш билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида сўзлайди.

Хусусан, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш, яъни ҳеч бир давлат ўзининг ривожида бозор муносабатларига бирданига ўтмаган ва бунинг иложи ҳам йўқ.

Авваламбор, собиқ иттифоқ давридаги инсонлар онгини ўзгартириш кераклигини барча маърузаларида таъкидлаб келган биринчи Президентимиз И.Каримов нақадар ҳақ эдилар. Аста секинлик билан инсонлар онги ўзгарди, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга бўлган иштиёқлари ошди.

Биргина мисол, 1993-1994 йиллардаги фермерлик харакатининг бошланиши даврида одамлар уйларига кириб, фермер хўжалиги фаолияти билан шуғулланиш таклиф қилинганида 20 та оиладан 19 таси рад жавобини берган бўлса, 2003-2007 йиллардаги ҳукуматимиз қарорлари билан ширкат хўжалигини тугатиш жараёнидаги ер ажратиш жараёнига тугатиш комиссия аъзоси сифатидаги иштироким орқали ўзим гувоҳ бўлганман. Бундан, шу ўтган 1991 йилдан 2003 йилгача муддатда одамлар онгидаги туб бурилишга эришилди, дейиш мумкин.

Дастлаб, кам миқдордаги ер майдонларида ташкил этилган фермер хўжаликлари йилдан йилга ўз техникасига ва тажрибасига эга бўлгани ҳолда 2010-2014 йиллардаги ҳукумат қарорлари билан фермер хўжаликларини кенгайтириш (оптимизация) жараёни ҳам бозор муносабатларига ўтишнинг босқичма-босқич шакли эканлиги яққол кўринди.

Юқорида санаб ўтилган мисолга хулоса берилганда, ҳаёт қонуни сифатида янги туғилган болага 10 килограмм юкни кўтариш таклиф қилиб бўлмаганидек, янги ташкил этилган на техникаси ва на амалий тажрибасига эга бўлмаган фермер хўжалигига ҳам жуда кўп миқдордаги ерни топшириб бўлмаслиги чуқур англаган биринчи Президентимиз И.Каримов олдинни кўра билиб ва оқилона сиёсат олиб борганликларидан далолат беради.

Шунингдек, босқичма-босқич ўтиш учун давлат монополиясидаги секторларнинг хусусийлаштириш жараёнини бирданига амалга ошириб бўлмас эди. Шу боис, аста секинлик билан айрим соҳалар хусусийлаштирилди ва ривожлантирилди.

Бундан ташқари, қонунларни бозор муносабатларига мослаштириб бориш тақазо қилинган бўлиб, шундай ҳам қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида биринчи маротаба хусусий мулк шакли тилга олинди.

Шунингдек, жуда қисқа муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Фуқаролик кодексининг биринчи ва иккинчи қисмлари 1997 йил 1 мартдан амалга киритилгани катта иш бўлди.

Айнан шу кодекс билан хусусий мулк, тадбиркорликка жуда катта аҳамият берилиб, бозор муносабатларига ўтишнинг биринчи ҳуқуқий босқичи деб ҳисобласак бўлади.

Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтишнинг ҳуқуқий асоси сифатида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, хусусий секторнинг ташкил қилинган бўлишига қарамай, уларнинг ижтимоий муносабатлардаги харакатига ҳуқуқий нормалар керак бўлди. Ёки, уларнинг фаолиятидаги ривожланиш даражасига қараб, ҳуқуқий нормаларни ўзгартириб, янгилаб бориш талаб этилди.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хусусий мулк тўғрисида”ги ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ Президент Фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари чиқарилди, янгиланди, такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, юқоридаги жараёнларни тартибга солиш ёки назоратини олиб бориш учун айрим давлат идораларини ташкил этиш ёки уларни мослаштириш ҳам талаб қилинди. Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таркибидаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйҳатидан ўтказиш инспекциялари, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки фермерлар кенгаши ва ҳоказо идораларни ташкил этилиши талаб этилди.

Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш жараёнлари ҳали-ханузгача якунлангани йўқ. Бундан кейин ҳам тегишли қонунларга ва давлат органларига ижтимоий зарурат туфайли ўзгартиришлар киритилиши давом этади.

Юқоридаги жараёнларнинг барчаси инсонлар турмуш ва яшаш шароитларини яхшилаш ва давлатимиз ривожи учун қилинмоқда.

Н.Бадалов, Гулистон шаҳар 4-сон ДНИ нотариуси