Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини тайёрлаш, ғамлаш харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизими

Дата: 26.09.2016    

“Ерни қанча қадрлаб, қанча эъзозласак, у бизга шунча кўп ризқу насиба ва неъмат бераверади”. Мана шу улуғ ҳикматни билган фермер ва деҳқонларимиз томонидан 2015 йилда юртимизда 10,128 миллион тонна сабзавот, 2,746 миллион тонна мева резавор, 2,696 миллион тонна картошка, 1,853 миллион тонна полиз маҳсулотлари ва 1,579 миллион тонна узум етиштирилди.

Юртимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари бугунги кунда нафақат ички бозорни балки жаҳон бозорини ҳам тўлдирмоқда.

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, жаҳон бозорларини маркетинг жиҳатдан чуқур тадқиқ қилиш асосида ташқи бозорларда харидоргир бўлган рақобатдош янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, шунингдек маҳсулотларни экспортга чиқаришнинг замонавий талабларга мос савдо-логистика инфратузилмасини жадал ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 7 апрелдаги қарори билан янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи акциядорлик жамияти шаклидаги ихтисослаштирилган “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси ташкил этилди.

“Ўзагроэкспорт” АЖ хорижий ҳамкорлар билан тузилган тўғридан-тўғри экспорт контрактлари, шунингдек фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ташкилотлари билан тузилган воситачилик шартномалари асосида янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширади.

Шунингдек, “Ўзагроэкспорт” АЖ таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларга хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳсулотларини экспортга чиқариш бўйича замонавий логистика тизимини кенг жорий этиш, халқаро стандартларга мос келадиган ҳолда саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш йўли билан экспортга чиқаришдан олдин тайёрлашни ташкиллаштириш ҳам компаниянинг вазифалари сифатида белгиланди.

Юқорида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июндаги қарори қабул қилинди. Унга кўра хўжалик юритувчи субъектларга мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узумни барча транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда экспорт қилишга, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узумни нақд хорижий валютага, маблағларни банкларнинг кассалари орқали белгиланган тартибда экспорт қилувчиларнинг ҳисоб рақамларига ўтказган ҳолда, шунингдек тўловни норезидентларнинг халқаро тўлов карталаридан қабул қилиш йўли билан экспорт қилишга рухсат этилди.

Мазкур қарор билан Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, мазкур низом янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, хорижий валютадаги тушумнинг кафолатли тушиши ва мажбурий сотилишини назорат қилиш тартибини белгилайди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш маълумотлари экспорт қилувчи томонидан Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилган экспорт контракти асосида амалга оширилади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари юзасидан экспорт контракти тузиш учун Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари «Ўзагроэкспорт» АЖга мурожаат қиладилар.

«Ўзагроэкспорт» АЖ тушган мурожаатларни уч кун муддатда кўриб чиқадилар, музокаралар олиб борадилар. Музокаралар якунлари бўйича, ҳар иккала томон розилик билдирган тақдирда, белгиланган тартибда экспорт контрактлари ва воситачилик шартномалари тузадилар.

Воситачилик шартномалари бўйича мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда «Ўзагроэкспорт» АЖнинг воситачилик ҳақи миқдори 1 фоиздан ортиқ бўлмаслиги керак.

Воситачилик ҳақи юзасидан воситачилик шартномалари бўйича фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ташкилотлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари билан узил-кесил ҳисоб-китоблар воситачилик шартномаси амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги ПҚ–2603-сон “Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатиладиган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилиши, қолган қисми учун тасдиқланган банк аккредитиви очилиши ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилиши белгилаб қўйилди.

Экспорт контрактлари жаҳон бозорларидаги конъюнктура нархларидан келиб чиқиб Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг, доимий ишлайдиган мева-сабзавот майдончаларининг ярмарка савдолари якунлари бўйича шаклланадиган ўртача нархлар ҳисобга олинган ҳолда талаб ва таклиф асосида шаклланадиган бозор нархлари асосида тузилади.

«Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан ҳар ҳафтада оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт нархлар даражаси тўғрисида ахборот эълон қилинади.

Шу билан бирга, ички истеъмол бозорини, энг аввало қиш-баҳор даврида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан барқарор таъминлаб туриш учун шундай маҳсулотларни тайёрлаш ва ғамлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий сақлаш технологияларини жорий этиш, омборхона хўжалиги ва совутиш омборларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш асосида маҳсулотлар нобудгарчилигини ҳар томонлама камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 апрелдаги қарори билан “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасини мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси – “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси этиб қайта ташкил этилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда агрофирмалар билан янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан ички истеъмол бозорини узлуксиз тўлдириб бориш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида уларни қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиш учун шартномалар имзолайди.

Бундан ташқари уюшма қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиладиган янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумнинг яхши сақланишини ташкиллаштириш, уларни сақлаш вақтида нобудгарчиликларни камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, маҳсулотни харид қилиш ва етказиб беришда замонавий логистика тизимини кенг жорий қилиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш ва уюшма таркибига кирган корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган махсус омборхоналар ва совутиш камералари қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялашни таъминлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларини ҳам амалга оширади.

Мазкур ишларнинг узвий давоми сифатида, мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги қарори билан 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилди.

Ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан барқарор таъминлаш, ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида захирага ғамлаш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир бўлган ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ушбу маҳсулотларга нисбатан талабдан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Давлат буюртмаси доирасида маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур қарорда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумнинг фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилиниши белгиланган.

Қарорда белгиланишича жорий йилда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси 4,077 миллион тоннани ташкил этади. Уларнинг, 2,545 миллион тоннаси фермер, 1,532 миллион тоннаси деҳқон хўжаликларидан харид қилинади.

Режага мувофиқ, маҳсулотлар умумий ҳажмининг 2,217 миллион тоннаси “Ўзбекозиқовқатхолдинг” корхоналарига қайта ишлаш учун йўналтирилса, 360 минг тоннаси “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси корхоналарида қиш-баҳор мавсуми учун сақлаб қўйилади. Яна 1,477 миллион тоннаси “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан экспорт қилинади.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 январигача мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган қайта ишлаш корхоналари Ягона ижтимоий тўловдан ташқари даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши белгиланди.

Бу соҳада олиб борилган мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад, мамлакатимизни экспорт салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, мева-сабзавот маҳсулотлари билан нафақат ички бозорни балки жаҳон бозорини тўлдириш орқали экспортдан тушадиган валюта оқимини кўпайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларининг барқарор нархини сақлаб қолиш, уларни етиштирган фермер ва деҳқонларимизга солиқ ва божхона тўловларида имтиёз ва преференциялар бериш, бир сўз билан айтганда мамлакатимизда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни етиштириш, харид қилиш ва экспорт қилиш бўйича ягона тизимни жорий этишдан иборатдир.

Э.Сайфуллаев, Адлия вазирлиги масъул ходими