БИТИМ ТУШУНЧАСИ ВА ТУРЛАРИ

Дата: 21.06.2013    

Нотариуслар фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг талаблари асосида бир қанча турдаги нотариал ҳаракатларни амалга оширадилар бундай ҳаракатлардан бири битимлар ёки шартномалардир. Битимлар кундалик ҳаётимизда кўп учрайдиган ҳужжатлардан биридир, биз битимлар тўғрисида сўз юритар эканмиз, битим нима деган саволга жавоб беришимиз лозим.

Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.

Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин.

Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.

Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак.

Бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради. У бошқа шахслар учун қонунда ёки бу шахслар билан келишувда белгиланган ҳоллардагина бурчлар келтириб чиқариши мумкин.

Бир тарафлама битимларга нисбатан, башарти қонун ҳужжатларига, битимнинг табиати ва моҳиятига зид бўлмаса, мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий коидалар тегишинча қўлланилади.

Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларининг келиб чиқиши юз бериши ёки бермаслиги номаълум бўлган ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, битим кечиктириш шарти билан тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим бекор бўлиш шарти билан тузилган битим ҳисобланади.

Битимлар оғзаки ёки ёзма шаклда тузилади.

Сукут сақлаш қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида назарда тутилган ҳолларда битим тузишга бўлган хоҳиш-ироданинг ифодаси ҳисобланади.

Битимни нотариал тасдиқлаш қонун талабига мос келадиган ҳужжатда нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқловчи устхат ёзиб кўйиш йўли билан амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда битимлар нотариал тасдиқланади.

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича.

Битимларнинг қонунда кўрсатилган шаклига риоя қилмаслик, яъни қонунда битим нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт қилиб қўйилган ҳолларда битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабларига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз ўзидан ҳақиқий бўлмайди.


Х.Шодиева,

Янгиер шаҳар 3-сон давлат

нотариал идораси нотариуси