Адвокатура институти–юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида

Дата: 19.09.2016    

Жаҳон ҳамжамияти олдида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ушбу масала билан жаҳон миқёсида бир нечта халқаро ташкилотлар шуғулланишади. Бундан ташқари, ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос механизмлар яратилган.

Мамалакатимизда,мустақиллик йилларида инсон эркинлиги, ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, адвокатура институти ва адвокатлар ваколатини ошириш, ҳуқуқини мустаҳкамлаш бўйича қатор амалий ишлар қилинди.

Дарҳақиқат, адвокатура институти шахсларнинг кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллаганлиги сабабли, фуқаролар ва ташкилотларнинг адвокатура томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (116-модда) билан кафолатланди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, биринчи марта 1996 йил 27 декабрда “Адвокатура тўғрисида”ги ва 1998 йил 25 декабрда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши адвокатура тизимини такомиллаштиришда ҳуқуқий асос бўлди.

Президентимизнинг 2008 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эса тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган кон¬сти¬туция¬вий меъёрни амалга ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, бу касб¬нинг жамиятимиздаги обрў ва нуфузини оширишда, бир сўз билан айтганда, адвокатура институти фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштиришда тарихий қадам бўлди.

Сирдарё вилояти ҳудудидаги адвокатлик тузилмаларида юзга яқин адвокат фаолият юритаётир. Уларнинг барчаси қатъий талаб ҳамда шартлар асосида малака имтиҳонидан ўтган ва лицензия олган адвокатлардир. Зеро, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатдан катта билим, тажриба ва маҳорат талаб этилади. Адвокатлик тузилмаларига юридик ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар сони ошаётгани ҳам соҳадаги ислоҳотлар самарасидир. Вилоятда 2015 йилда фуқароларга 2700 дан ортиқ оғзаки ҳуқуқий маслаҳат берилган бўлса, жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ 5037та битим тузилган. Жиноят, фуқаролик, хўжалик ишлари бўйича судларда адвокатлар фаол иштирок этиб, даъволарнинг қисман ёки тўлиқ қаноатлантирилишига эришди. Адвокатлар вакил, гувоҳнинг адвокати сифатида ҳам судларда иштирок этди. Шу билан бирга, адвокатлар тадбиркорлик субъектларига 346 та турли ҳуқуқий ҳужжатни тузишда яқиндан ёрдам берди. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида фуқароларга 1380 дан ортиқ оғзаки ҳуқуқий маслаҳат берилди. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ 3011та битим тузилган. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига 494та турли ҳуқуқий ҳужжатларни тузишда кўмаклашилди.

Адвокатура институтининг тобора такомиллашаётгани кўрсатилаётган юридик ёрдам сифатининг яхшиланишига хизмат қилиб, адвокатларга касб вазифаларини бажариш пайтида зарур имкониятлар яратилаётгани фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқи кафолатини янада мустаҳкамлашни таъминлашга кўмаклашмоқда.

Ж.Шерназаров, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси