Қонуннинг жойлардаги ижроси

Дата: 06.09.2016    

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга катта туртки бўлди.

Шу билан бирга 28 сентябрида қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазкур фармон билан амалга оширилиши назарда тутилаётган эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлди дейиш мумкин.

Фармон ва қарорда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларни хизмат кўрсатувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Юқоридаги Фармон ҳамда қарор ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 турдаги давлат хизматлари фақат “ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилди.

Шу билан бирга, адлия органлари зиммасига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Юқоридаги фармон ва қарорлар ижроси бўйича вилоятимизнинг 11 та туман (шаҳар)ларида ахоли ва тадбиркорларга ҳар томонлама қулай бўлган бинолар таъмирланиб керакли мебл ва оргтехника жихозлари билан тўлиқ таъминланди ва 2016 йил 1 январдан бошлаб “ягона дарча” маркзлари фаолияти йўлга қўйилиб улар камида 1 Мб/с тезлигида бўлган интернет тармоғининг миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига уланди.

Шунингдек, вилоятда ташкил этилган 11 та туман (шаҳар) “ягона дарча” марказларига 77 нафар, шундан 11 нафар туман (шаҳар) марказ раҳбарлари ва 66 нафар марказ мутахассислари тўлиқ суҳбатдан ўтказилиб, 12 нафар ҳуқуқшунос, 20 нафар иқтисодчи, 10 нафар молия банк ҳамда 35 нафар солиқ ва бошқа мутахассисликларга оид малакали ходимлар ишга қабул қилинди.

Вилоятдаги барча марказлар бинолари тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари асосида марказлар балансига ўтказилди. Замонавий талаблар асосида тўла таъмирланди ва жиҳозланди.

Шунингдек, марказга ташриф буюрган тадбиркорлик субъектлари учун компьютер хизмати хоналари ташкил этилиб, унда LEX.UZ қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилди.

Хусусан, 2016 йилнинг ўтган даври давомида вилоятдаги марказлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан жами 1.772 та ариза қабул қилиниб, уларга давлат хизматлари кўрсатилди. Мазкур кўрсатилган хизматлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг 1.734 та мурожаати қаноатлантирилиб, лицензиялар, рухсат берувчи гувоҳномалар, техник шартлар ва хулосалар олиб берилди.

Президентимизнинг 2006 йил 24 майдаги Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда “ягона дарча” марказлари томонидан ҳисобот даврида жами 4.735 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилди. Шундан, 601 тасининг электрон тарзда интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтказилиши таъминланди. Мазкур кўрсатилган хизматлардан “ягона дарча” марказлари ҳисоб рақамига 714 970 525 сўм маблағлар келиб тушиб, ушбу маблағлар белгиланган тартибда Низом талаблари асосида фақат “ягона дарча” марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, иш ҳақи тўлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиб келинмоқда.

Ҳозирда “ягона дарча” марказлари билан ташкилотлар ўртасида ҳужжатларни электрон алмашиш тизими орқали давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнининг тезкорлигини таъминланиб, рўйхатдан ўтказишда ҳужжатлар расмийлаштириш амалиётини бирхиллаштиришга эришилди ва ваколатли ташкилотлар томонидан хар-ҳил бюрократик тўсиқларга йўл қўйиш ҳолатларининг олди олинди.

“Ягона дарча” марказларида яратилган яна бир қулайлик шуки, бу ерда кўрсатиладиган хизматлар фақат давлат божидан иборат бўлиб, фаолият турига қараб, у энг кам ойлик иш ҳақининг ярми ёки бир бараварини ташкил қилади. Қолган барча маълумот ҳамда маслаҳатлар – бепул.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларга давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатларини янада соддалаштирилмоқда ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар самараси халқаро миқёсда ҳам эътирофини топаётганининг боиси ана шунда. Жумладан, Жаҳон банкининг “Янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган мезони бўйича Ўзбекистон аввалги йилдагига нисбатан 22 поғона кўтарилиб, дунёда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни эгаллаб турган бўлса, мазкур халқаро иқтисодий идоранинг маърузасида эса, юртимиз кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган жаҳондаги ўнта давлат қаторидан жой олгани эътироф этилди.

Б.Абдуллаев, Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси масъл ходими