Одам савдоси - давр муаммоси

Дата: 17.06.2013    

Ҳозирги кунда ўз манфаатларини қўзлаб сизга чет давлатида иш ва турар жой топиб беришни ваъда қилиб лекин боргандан кейин паспорт ва бошқа ҳужжатларингизни олиб қўйиб, сизни бошқа одамларга қулликка сотиб юбораётган шахслар ҳамон учраб турибди.

Агар сиз ишлашга ёки ўқишга қонуний йўл орқали борсангиз, ҳуқуқларингиз паймол бўлиши ҳолатларининг олдини оласиз. Бунинг учун сиз энг аввало Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлигига ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига мурожаат қилинг. Агар сиз ушбу агентликнинг рухсатномаси билан меҳнат шартномаси асосида чет элга кетсангиз барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилади.

Агар чет давлатларга меҳмонга, дам олишга, даволанишга, ишлаш учун ёки бошқа мақсадларда бормоқчи бўлсангиз, аввало сизни хорижга жўнатаётган шахслар ёки фирмаларнинг фаолияти қонунийлигини аниқланг. Сиз жўнаб кетаётган мамлакатнинг тартиб қоидаларини билишингиз ва риоя қилишингиз зарур. У ерда сиз учун иш ва турар жой ҳақиқатдан мавжуд эканлигини аниқланг. Бошқа давлатга боргандан кейин у ердаги ҳолатингизни қонунийлаштириб олинг, чунки у ерда вақтинчасиз.

Энг муҳими паспортингиз ва бошқа ҳужжатларингизни хеч кимга берманг! Ҳеч ким уни сиздан олиб қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Чунки паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Сизга маслаҳатимиз хеч қачон сохта ҳужжатлар билан давлат чегараларини кесиб ўтишга ҳаракат қилманг.

Чегарани бузиш бу оғир жиноятдир, агар сизнинг ҳуқуқларингиз бузилаётган бўлса, дарҳол ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга хорижда бўлсангиз Ўзбекистоннинг мазкур мамалакатдаги элчихонаси ёки ваколатхонасига мурожаат қилинг.

Агар сиз чет эл фуқароси билан никоҳ қурмоқчи бўлсангиз, сизга никоҳ қайд қилишни таклиф қилган инсонни яқиндан билишга ҳаракат қилинг. Энг аввало унинг дунё қараши тўғрисида ўйлаб кўринг. Сизни нима мақсадида олиб кетаётганлигини аниқланг.

Азиз ватандошлар, ҳаётда адашмаслик нохуш ҳолатларга тушиб қолмаслик, қарам бўлмаслик, қолаверса бошқаларнинг қурбонига айланмаслик учун огоҳ бўлинг!

Дилбар Набиева, Мирзаобод туман ФҲДЁ бўлими мудири