Айрим ривожланган хорижий мамлакатларда ҳукумат ва давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан амалга ошириладиган парламент назоратинÐ

Дата: 30.08.2016    

Маълумки, парламент, унинг палаталари турли давлат органларини шакллантириш, мансабдор шахсларни тайинлашда иштирок этиш билан бирга, кадрлар сиёсати соҳасида ҳам назоратни амалга оширади. Масалан, парламентлар ҳукумат бошлиғини тайинлашни тўғрисидаги ҳужжатни тасдиқлайди. Шундай йўл билан ГФР канцлери, Италия, Голландия Бош вазирлари ва бошқа кўпгина давлатлар ҳукумати бошлиғи тасдиқланади.

Қатор давлатларда парламентлар давлат бошлиғини тайинлайди ёки уни сайлашда иштирок этади. ГФР Конституцияси 54-моддаси президентни Федерал мажлис томонидан сайланишини назарда тутади. Чехия парламенти президентни икки палата қўшма мажлисида сайлайди.

Тарихдан маълумки, қадимдан то бугунги кунгача мавжуд бўлган давлатларда, давлат бошқарув шакли икки шаклда: монархия ва республика шаклида олиб борилганлигини барчамиз яхши биламиз. Монархиябошқарувининг кўринишлари: мутлақ (абсолют), чекланганва дуалистик (аралаш)шакллари мавжуд. Бугунги кунда кўпгина монархия шаклидаги мамлакатларда давлат ҳокимияти ҳокимиятлар бўлиниши принципи асосида тақсимланган. Хусусан, бошқарувнинг парламентар монархия шаклидаги давлатларда, жумладан Буюк Британия, Дания, Испания, Норвегия, Япония, Швеция каби мамлакатларда парламентнинг устунлиги шунда намоён бўладики, одатда монарх тайинлайдиган ҳукумат парламентнинг (қуйи палата) ишончига сазовор бўлиши керак. Монарх эса ҳукумат раҳбари этиб қуйи палатада кўпчилик ўринни эгаллаган партиянинг раҳбарини тайинлашга мажбур.

Парламент монархиясининг асосий белгиси ҳукуматнинг ўз фаолияти учун парламент (қуйи палата) олдидаги сиёсий жавобгарлигидир. Борди-ю, қуйи палата ҳукуматга ишончнома беришни ёки ишонч билдиришни рад этса, ҳукумат истеъфога чиқиши ёки монарх уни вазифасидан озод қилиши керак. Лекин, кўпинча бу ваколат ҳукуматнинг монархга парламентни тарқатиб юбориш ва янги сайловларни таклиф қилиш ҳуқуқи билан мувозанатга солиб турилади.

Бундан кўзланган мақсад халқнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ўртасидаги низони ҳал қилишига эришишдир. Агар халқ ҳукуматни қўллаб қувватласа, парламентда ҳукумат тарафдорларининг сони кўпаяди, мабодо сайловчилар ҳукуматдан норози бўлса қуйи палата таркиби ҳам тегишлича ҳукумат билан бирга алмаштирилади. Монарх, парламент ва ҳукумат ўртасидаги бундай муносабатлар тизими парламентар режим ёки парламентаризм деб номланади.

Парламентар монархия ҳисобланувчи Испания Конституциясининг 66-моддаси 2-қисмига мувофиқ, парламент қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади, уни бюджетини қабул қилади, ҳукумат фаолиятини назорат қилади ва Конституцияда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Буюк Британиянинг “Парламент тўғрисида”ги 1911 йилги Қонунига кўра, парламент Ҳукумат фаолияти устидан назоратни амалга оширади. У қуйидаги шаклларда ташкил этилади: Жамоалар палатаси депутатлари ҳукумат аъзоларига саволлар йўллайдилар. Вазирлар Жамоалар палатаси мажлисларида ушбу саволларга жавоб қайтарадилар, шунингдек ёзма жавоб тайёрлайдилар, бу жавоб парламент ҳисоботларида нашр этилиб, жамоатчиликка эълон қилинади. Буюк Британияда парламент умумий ва махсус судлов функцияларига эга. Умумий судлов функциялари бу нормал судлов функцияларини амалга оширишидир. Масалан, Буюк Британия Лордлар палатаси олий суд инстанцияси ҳисобланади, яъни конкрет жиноий ёки фуқаролик ишлари бўйича охирги қарорни чиқаради. Буюк Британия парламентининг қуйи палатаси олий мансабдор шахслар қилмишини кўриб чиқиш ва ҳокимиятдан четлаштириш мақсадида импичмент эълон қилади ва коллегия тартибида айбдорлик ёки айбсизлик ҳақида қарор чиқаради.

Япон парламенти бошқа мамлакатлар, айнан, монархия шаклидаги давлатлардан назорат фаолиятинингўзига хос бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради.

Мамлакат Бош вазири Миллий мажлис аъзолари резолюцияси асосида унинг аъзолари ичидан сайланади. Палаталар ўртасидаги ихтилофлар ва маслаҳат қўмитасида муроса қарорига эришишнинг иложи йўқлиги ҳолларида ёки агар Маслаҳатчилар палатаси Вакиллар палатаси қарори қабул қилинганидан сўнг 10 кун давомида аниқ қарорга келолмаса, унда Вакиллар палатасининг қарори Миллий мажлиснинг қарори саналади. Япон парламенти ижро ҳокимияти устидан амалга оширидиган назорани асосан тўртта йўналишда амалга оширади. Буларга, Ҳукуматга нисбатан ишонч ва ишончсизлик билдиришлар, Ҳукуматдан сўровлар, Хукуматга нисбатан текширишлар ҳамда мансабдор шахсларга нисбатан импичмент қўллаш. Бунда, импичмент жараёнини қўзғатиш парламентнинг бутун таркиби ёки фақат қуйи палата томонидан ҳал этилади. Мансабдор шахсни лавозимидан четлатишдан сўнг ишни кўриб чиқиш юқори палата томонидан эмас, балки махсус суд томонидан кўриб чиқилади.

Конституциявий монархия шаклига эга бўлган Бельгияда ҳам парламент ўзининг алоҳида ўрнига эга эканлигини қайд этиш лозим. Парламент қонун қабул қилишдан иборат асосий вазифасидан ташқари яна қуйидаги ваколатларга эгадир: бюджетни, давлат зиммасига қандайдир мажбуриятлар юклайдиган савдо шартномалари ёки битимларни тасдиқлайди. Олий суд аъзоларини тайинлайди; Қирол авлодида эркак киши бўлмаган тақдирда, парламентнинг розилигисиз ўзига ворис тайинлай олмайди, шунингдек бошқа давлат раҳбарлари ҳам бўлолмайди. Парламент қатор мансабдор шахсларга парламент сўровлар ва саволлар йўллаш орқали ҳам назорат функциясини амалга оширади.

Бельгияда Ҳукумат тузилиши билан қонун чиқарувчи олий органга ҳукумат дастури (декларация) тақдим этилади. Агар дастур борди-ю, битта палата томонидан маъқулланмаса ҳам, ҳукумат ишонч вотумини ололмайди, бундай ҳолда Ҳукумат истеъфо беришга мажбур (Бельгия Конституциясининг 96-моддаси).

Парламент назорати ГФРда ўзига хос бўлган алоҳида хусусиятлари билан бошқа мамлакатлар парламентидан ажралиб туради. Бундестагнинг қўшимча органи сифатида ва асосий ҳуқуқларнн ҳимоя қилиш учун мудофаа қўмитасини ва ташқи ишлар қўмитасини тайинлайди. Тафсилотлари федерал қонун билан белгиланади.

Федерал Президент конституциявий ёки бошқа федерал қонунни қасддан бузса, Бундестаг ёки Бундесрат Федерал Конституциявнй суд олдида унга қарши айбловни илгари суриши мумкин. Айблов кўрсатиш таклифи Бундестаг аъзоларининг тўртдан биридан кам бўлмаган қисми ёки Бундесрат овозларининг тўртдан бир қисми томонидан киритилиши мумкин. Айблов кўрсатиш ҳақидаги қарор учун Бундестаг аъзоларининг учдан икки қисмидан кўпроғи ёки Бундесрат овозларининг учдан икки қисми талаб этилади. Айблов илгари сурилган орган вакили томонидан тақдим этилади.

Агар Президентнинг Асосий Қонун ёки бошқа федерал қонунни қасддан бузганлиги Федерал Конституциявий суд томонидан аниқланса, Президент лавозимидан бўшатилади. Федерал Конституциявий суд вақтинчалик фармойиш билан, илгари сурилган айблов Президент кейинги вазифаларини бажаришига ҳалақит беради, деган аниқлов киритишга ҳақли.

Шунингдек, Федерал Парламент Ҳукуматга нисбатан ишончсизлик билдириши ҳам мумкин. Германия Федератив Республикаси Асосий Қонунининг 68-моддасига кўра, Федерал Канцлернинг ўзига ишонч билдириш тўғрисидаги мурожаати Бундестаг аъзоларидан кўпчилигининг розилиги билан Федерал Концлерга ишонч билдирмаслиги мумкин. Бундестаг ўз аъзоларининг кўпчилик овози билан бошқа Федерал Канцлерни сайлаши мумкин. Бундестаг тергов қўмитасини ташкил қилиш ҳуқуқига ҳам эга, ўз аъзоларини тўртдан бир қисмининг таклифига кўра эса, уни ташкил этиши шарт. Бу қўмита очиқ мажлисларда талаб қилинган далилларни тўплайди. Судлар ва маъмурият органлари ҳуқуқий ва маъмурий ёрдам кўрсатишлари шарт. Тергов қўмиталарининг қарорлари судлар томонидан талқин этилмайди.

Парламентар республикаларда парламент қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга ошираётган парламентнинг устунлигини ифодалайди. Ҳукумат парламент томонидан шакллантирилиб унинг олдида ҳисобдордир. Мисол учун, Австрия парламентар республика ҳисобланиб, Австрия Конституциясининг 52-моддасига асосан, Миллий кенгаш ва Федерал кенгаш Федерал ҳукумат томонидан ишларни олиб борилишини текшириш, ҳукумат аъзоларига ижроия фаолияти­нинг деярли барча жабҳаларига оид сўров билан мурожаат қилиш, ижро фаолияти бўйича барча зарур маълумотларни талаб қилиб олиш, қарорларида ижро фаолиятини амалга ошириш бўйича тавсияларни бериш ваколатига эгадир. Шунингдек, Миллий кенгаш ва Федерал кенгашнинг ҳар бир аъзоси ушбу органларнинг мажлисларида Федерал ҳукумат аъзоларига қисқа оғзаки сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

Конституциянинг 53-моддасига биноан, Миллий кенгаш ўз қарори билан тергов қўмиталарини ҳам шакллантириши мумкин. Судлар ва бошқа органлар ушбу қўмиталарнинг далиллар тақдим этиш бўйича талабларини қондиришлари, барча оммавий муассасалар уларнинг талаблари бўйича ўз ҳужжатларини тақдим этишлари шарт. Конституциянинг 74-моддасига асосан, Миллий кенгаш Федерал ҳукуматга ёки унинг аъзосига ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилса, ҳукумат ёки тегишлича вазир ўз вазифасини бажа­ришдан четлаштирилиши лозим. 76-моддага кўра, Федерал ҳукумат аъзолари Миллий кенгаш олдида ҳисобдорлиги белгиланган бўлиб, Миллий кенгаш уларга айблов эълон қилиши мумкин.

Чехия парламентининг назорат фаолияти бошқа кўплаб мамлакатлар назорат фаолиятидан ажралиб туради. Жумладан, Чехия парламенти икки палата қўшма мажлисида Республика Президентини сайлайди. Президент давлатга хиёнат қилган даврида Сенат томонидан тақдим этилган далиллар асосида жавобгарликка тортилади. Ушбу жинояти учун унга нисбатан Президентлик лавозимидан озод этиш ва қайтадан сайланмаслик жазоси қўлланилади.

Чехия ҳукумати аъзоси ўз ваколати доирасига кирмайдиган ишлар билан шуғилланиши тақиқланади. Ҳукумат парламентдан ўзига нисбатан ишонч билдирилишини сўраши шарт бўлиб, агар депутатлар томонидан ишончсизлик билдирилса, Ҳукуматга ишончсизлик депутатлар Палатаси томонидан камида 50 та депутат иштирокида ёзма равишда билдирилиши керак бўлиб, бунинг учун депутатлар сонининг ярмидан кўпи талаб қилинади. Эътиборли тарафи шуки, Чехия парламентининг юқори палатаси бўлмиш Сенат Конституциявий суд судяларининг жавобгарлик масаласини ўз мажлисида ҳал қилади.

Маълумки, давлат ва жамият ҳаётида парламент ва унинг таркибий тузилмалари жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган давлатлардан бири Италиядир. Италиянинг 1948 йилда қабул қилинган амалдаги Конституциясига асосан мамлакат парламентар республика ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда парламентнинг ўрни ва аҳамияти нечоғлик юқори эканлигидан далолат беради.

Италия Республикасининг парламенти икки палатадан (Сенат ва Депутатлар палатасидан) иборат бўлиб, палаталар фаолиятида парламент назорати муҳим аҳамият касб этади. Парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси Италия Конституцияси ҳамда палаталарнинг регламентларида ўз ифодасини топган бўлиб, уларда парламент назоратини амалга оширишнинг деярли барча ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва тартиби аниқ белгилаб қўйилгандир.

Мамлакат конституциясидан келиб чиққан ҳолда, Италия парламенти томонидан амалга ошириладиган назорат фаолиятининг қуйидаги асосий йўналишларини кўрсатиб ўтиш мумкин:

а) қонунлар ижросининг назорати;

б) бюджет-молиявий назорат;

в) давлат бошқаруви соҳасидаги назорат;

г) мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги назорат;

д) ташқи сиёсат соҳасидаги назорат.

Кўплаб давлатларда бўлгани каби Италияда ҳам парламент назорати асосан ҳукумат фаолияти ва у томонидан қонунларни ижро этишга қаратилгандир. Парламент бу соҳада ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида қуйидаги васиталардан фойдаланади: сўровлар, интерпелляция, баҳс-мунозаралар, ишонч ва ишончсизлик резолюциялари, иқтисодий ва молиявий фаолиятга оид резолюциялар, докладлар ва бошқалар.

Юқорида санаб ўтилган воситалар ичида энг кўп тарқалгани ҳукуматга йўлланган сўров ва интерпелляциядир. Одатда, у ёки бу масала юзасидан парламентнинг тегишли комиссияси томонидан ҳукуматга сўровлар юборилади. Сўров, депутатлар палатаси регламентига биноан, “ҳукуматга у ёки бу фактнинг ҳақиқийлигига нис­батан, ҳукумат томонидан олинган у ёки бу маълумотлар ва уларнинг аниқлигига нисбатан, ҳукумат томонидан муайян масалалар бўйича қабул қилинган ёки қабул қилинадиган чора-тадбирларга нисбатан ёзма равишда берилган оддий масала”дир. Сўров натижасига кўра, ҳукумат вакили (Бош вазир, вазир, идора раҳбарлари ва бошқа масъул шахслар) сўровлар учун махсус бағишланган йиғилишда депутатлар олдида жавоб берадилар. Таклиф қилинган ҳукумат вакилининг йиғилишда иштирок этишга мажбурлиги Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган (Италия Республикаси Конституциясининг 64-моддаси). Саволлар олдиндан ёзма равишда тақдим қилинади ва йиғилишда ўқиб эшиттирилади. Улар шахсий тусга эга бўлиши, айб­ловларни ўзида акс эттириш мумкин эмас бўлиб, фақат кўрилаётган масалага оид бўлиши керак. Вазир берилган айрим саволларга, улар­нинг давлат сири эканини ёки жавобни тайёрлаш катта миқдордаги маблағни талаб этишини инобатга олиб, жавоб бермаслиги мумкин.

Интерпелляция назоратнинг нисбатан кучлироқ воситаси ҳисобланиб, у ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва тегишли сиёсатнинг мазмуни, моҳияти ва уни рўёбга чиқаришнинг истиқболлари юзасидан парламент томонидан ҳукуматга юборилган ёзма мурожаатдир (депутатлар палатасининг регламенти 136-модда). Айтиб ўтиш жоизки, агар ҳукумат тегишли асослар ва далилларга эга бўлган тақдирда парламент томонидан йўлланган сўров ва интерпелляцияга жавобан раддия қайтариши мумкин.

Ўтказилган сўровлар, интерпелляциялар ва уларнинг натижалари ҳақида кенг оммани хабардор қилиш мақсадида Италия парламентининг ахборотномасида тегишли маълумотлар мунтазам равишда чоп этиб борилади.

Ташқи ва ички сиёсатнинг олдиндан белгилаб олинган масала­лари юзасидан тегишли баҳс-мунозараларни ўтказиш ҳам парламент назоратининг алоҳида бир шаклини ташкил этади. Бундай баҳс-мунозаралар депутатлар ёки ҳукуматнинг таклифи билан ташкил қилинади. Баҳс-мунозараларнинг асосий мақсади муайян муаммони ҳал қилиш йўлларини белгилаш бўлиб, улар аксарият ҳолларда, ижтимоий фикрга таъсир ўтказиш мақсадида ўтказилади.

Италияда парламент назоратини амалга оширишда палаталар комиссияларининг ўрни беқиёсдир. Комиссиялар ўз ихтисослашувига кўра давлат фаолиятининг алоҳида соҳаларини чуқур ва асосли назорат қиладилар ҳамда тегишли чоралар кўрадилар. Улар, шунингдек, ўз йўналишларида ҳукумат томонидан қонунларни ишлаб чиқиш жараёни устидан назоратни амалга оширади ва керакли ҳолларда тегишли қарорлар (резолюциялар) қабул қилади. Бундай резолюцияларни бажармаслик, айрим ҳолларда, баъзи вазирларни ва ҳатто, Вазирлар Маҳкамасининг истеъфога чиқиб кетишга олиб келиши мумкин. Шу ўринда Италия ҳукумати учун хос бўлган ҳолат, яъни ҳукуматнинг тез-тез алмашиб туришига назар ташламоқ даркор. Мамлакат ҳукуматининг барқарор эмаслигини Италиядаги кўп партиявийлик шароитида ҳукумат коаллициялари ичидаги зиддиятларнинг мураккаблиги ҳамда парламент томонидан назорат ваколатларининг кенг доирада қўлланилиши билан изоҳлаш мумкин.

Италия парламентининг ўзига хос жиҳати шундаки, мамлакат Конституциясининг 72-моддасига асосан, палаталарнинг комиссиялари қонун қабул қилиш ҳуқуқига эгадир. Конституциявий ва сайлов масалаларига оид, қонунчилик ваколатини тақдим этишга оид, халқаро шартномаларни ратификация қилишга, бюджетни тасдиқлашга оид қонун лойиҳалари бундан мустасно. Уларни қабул қилишда одатий тартиб қўлланилади.

Парламент назоратини амалга ошириш борасида Италия Конституцияси яна бир муҳим қоидани белгилаб берган. Унга кўра ҳар иккала палата ҳам давлат манфаатига оид масала юзасидан тергов ўтказиши мумкин (82-модда). Бу мақсадларда палаталар ўз аъзоларидан иборат таркибда махсус комиссия ташкил этади. Ушбу комиссия суд ҳокимияти эга бўлган барча ваколатларга ва чекловларга эга бўлади. Бундай комиссиялар томонидан ҳукумат аъзолари ва бошқа шу каби мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қилмишлари тергов қилиниб, тегишли жавобгарликка тортилади. Италия парламентида иккала палаталарнинг аъзоларидан иборат тергов комиссиялари фаолият юритган. Радио ва телевидение устидан назорат (1949 й.), давлатнинг иқтисодий фаолиятда иштироки тўғрисидаги (1977 й.), махфий хизматларнинг фаолияти бўйича (1977 й.) комиссияларнинг тузилиб, фаолият кўрсатганини бунга яққол мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Италияда, ҳатто, мамлакат Бош вазирининг пора олганликда парламент томонидан айбланиб, кейинчалик суд томонидан жавобгарликка тортилганлик ҳолати рўй берганлигини таъкидлаш жоиз. Бу эса ўз навбатида, мамлакатда конституциявий жавобгарлик институтининг мукаммал даражада ишлаб чиқилганлигидан далолат беради.

МДҲ малакатлари ичида ўзининг алоҳида парламент назоратига эга бўлган давлат Беларусь Республикасидир.

Беларусь Конституциясининг 97-моддасига асосан, Парламент қуйидаги назорат функциясини амалга оширади:

- Президентга Бош Вазирни тайинлашга розилик беради;

- Бош Вазирни ҳукумат фаолияти дастури ҳақидаги маърузасини тинглайди ва дастурини мақуллайди ёки рад этади. Дастурнинг иккинчи марта рад этилиши ҳукуматга ишончсизлик олиб келади;

- Бош Вазир таклифига кўра ҳукуматга ишонч масаласини кўриб чиқади;

- Вакиллар палатасининг тўлиқ таркибини 1/3 қисмидан кам бўлмаган аъзоларнинг таклифига кўра ҳукуматга ишонсизлик билдиради. Ҳукуматнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масала унинг фаолияти дастури тасдиқлангандан кейинги бир йил ичида қўйилиши мумкин эмас;

- Президент истеъфосини қабул қилади;

- Вакиллар палатасининг тўлиқ таркибини кўпчилик қисми билан Президентга қарши давлатга ҳиёнат ёки бошқа оғир жиноят содир этганлиги ҳақидаги айбловни қўяди. Республика кенгашининг мувофиқ қарори остида тўлиқ таркибнинг 2/3 қисмидан кам бўлмаган овоз билан Президентни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Белорусь Республикаси Конституциясининг 98-моддасига кўра Республика Кенгашининг назорат ваколатларига қуйидагилар киради:

- Президентга Конституциявий суд раиси, олий суд раиси ва судъялари, олий хўжалик суди раиси ва судъялари, Бош прокурор, Миллий банк раиси ва аъзоларини, сайловлар ва республика референдумларинин ўтказиш бўйича Марказий Комиссия Раисини тайинлашга розилик беради;

- Қонунчилик талабларини мунтазам ёки қўпол тарзда бузиш ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳолатларда депутатлар маҳаллий кенгашини тарқатиб юбориш;

- Вакиллар палатаси томонидан Президентга қарши давлатга ҳиёнат ёки бошқа оғир жиноят ҳақидаги айбловни кўриб чиқади ва уни тергов қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Тегишли қарор асосида тўлиқ таркибининг 2/3 қисмидан кам бўлмаган овоз билан Президентни лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор чиқаради.

МДҲ мамлакатлари орасида Парламент назоратининг алоҳида хусусиятига эга бўлган давлат Қозоғистон Республикаси ҳисобланади. Парламент республика бюджетини, ҳукумат ва Республика бюджетининг ижросини назорат қилувчи ҳисоб қўмитаси ҳисоботларини тасдиқлайди, шунингдек, бюджетга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади. Президентнинг Қозоғистон Бош вазири ва Марказий Банк раисини тайинлашига розилик беради.

Бош вазирнинг ҳукумат дастури ҳақидаги маърузасини эшитади, уни маъқуллайди ёки рад этади, ҳар бир палата депутатларининг умумий сони 2/3 қисмидан кўпининг овозига кўра ҳукуматга нисбатан ишончсизлик билдиради. Конституциявий Кенгашнинг Қозоғистонда қонун ҳужжатларининг қай даражада конституциявийлиги ҳақида йиллик мактубини эшитади.

Ф.Гулямов, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Â