Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида

Дата: 27.08.2016    

Ҳурматли Президентимиз И.Каримовнинг таъбири билан айтганда, фуқаролик жамияти қуриш, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали амалга оширилишини таъкидланаганлар ва ўзларининг асарларида давлатимизнинг ҳар бир аҳли ўз ҳуқуқларини билмас экан, фуқаролик жамияти қуриб бўлмаслигини билдириб ўтганлар.

Мамлакатимизнинг таълим тизимини изчиллик билан ислоҳ қилиш ва бу соҳадаги давлат сиёсатини мустаҳкамлаш борасида 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги ва “Таълим тўғрисида”ги қонунлари ёшлар тарбиясида катта аҳамиятга эга бўлди.

Асосий эътибор сифатида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга катта аҳамият берилди. Бунинг ёрқин кўриниши сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 4 январдаги “Конституцияни ўрганишни ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармони бўлди.

Мазкур фармон натижасида умумтаълим мактабларида Конституцияни ўрганиш фани жорий қилиниб, дарсликлар чиқарилди ва хозирги кунга қадар мазкур фан амалиётда қўлланиб келинмоқда.

Шунингдек, Конституцияни ўрганиш ўрта махсус ва олий ўқув юртларида ҳам ташкил этилиб, ҳуқуқий билимларни ўқитиш даражаси кучайтирилди.

Шунингдек, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини барча ҳуқуқ тартибот органлари томонидан амалга оширилиши вазифалари юклатилиб, уларнинг ҳар бирида бегишли шу соҳани назорат қилувчи ходимлар ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратураси тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги ёки Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунларида прокуратура органлари ходимлари, судъялар ва нотариуслар томонидан илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бу нимадан далолат беради? деган савол туғилиши табиий, албатта.

Тегишли органларда ишлаётган ходимлар томонидан илмий, ижодий ва айниқса педагогик фаолият натижасида аҳолининг ҳуқуқий маданиятига катта хисса қўшилиши инобатга олинганлигидан далолатдир.

Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 182-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомга асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ишлаётган ҳуқуқшунос маслаҳатчиларга ҳам белгиланган тартибда (иш режа асосида) жойларда тарғибот тадбирларини амалга ошириш вазифа қилиб белгиланди.

Ҳуқуқий тарғибот тизими ҳам йилдан йилга такомиллаштирилиб борилди. Хусусан, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошида Ҳуқуқий–маърифат ва тарғиботи маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида Ҳуқуқий–маърифат ва тарғиботи минтақавий бўлимлари ташкил этилди. Мазкур идоранинг асосий вазифаси сифатида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш этиб белгиланиб, кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинди.

Марказнинг молиялаштириш даражаси шу тарзда ташкил этилдики, маърузачиларни ҳар бир маърузасига қўшимча тарзда иш ҳақи тўланиши жорий қилинди. Молиялаштириш даражасининг бу тарзда ташкил этилиши шуни кўрсатмоқдаки, давлатимиз жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтирилишига катта эътибор билан қарамоқда.

Мазкур соҳада хозирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ҳуқуқий-маърифат ва тарғиботи бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида алоҳида ходимлар ишлаб келмоқда.

Ҳуқуқий тарғиботи тадбирлари ривожи жойларда ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини тармоқлаштирилишига олиб келинди. Жумладан, оммавий ахборот воситалари (телевидения, радио ва газеталар)да ва жойларда (маҳалла, коллеж ва хаказоларда) ўтказиладиган тадбирларга ажратилди.

Бундан ташқари, маърузалар оғзаки ёки ёзма шакллари жорий қилинди. Яъни, жойларда оғзаки маърузалар ўқиладиган бўлса, газеталарда ёзма тарзда мақолалар чоп этиш ёки турли ҳуқуқий тарздаги буклетлар тайёрлаш орқали тарғиботлар амалга оширилиб, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини янада кўпроқ эгаллаши мақсад қилинди.

Шуни алоҳида такидлаб ўтишим лозимки, тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқармалар ҳамда бошқарма тизимидаги идораларнинг ҳар олти ойда белгиланиб олинадиган режалари асосида ташкил этилиб, бундан ташқари мустақил тарзда маърузалар ўқиш орқали ўтказилиб келинмоқда.

Ҳурматли! Президентимиз И.Каримовнинг ҳуқуқ соҳасидаги олимлар билан бўлган учрашувларида ҳуқуқий билимларни ўз ичига олган китоб, рўзнома ва мақолаларини аҳоли тушунадиган қилиб етказилишини таъкидлаб келганлар.

Ўз тажрибамдан шуни такидлашим керакки, Президентимиз ўз маърузаларида нақадар тўғри тадбирни кўтарган. Жумладан, ҳуқуқий соҳадаги шундай терминлар борки, биз ҳуқуқшунослар айрим ҳолатларда ҳуқуқий терминларни тегишли юридик атамалар энсиклопедиясидан қайта эсга оламиз. Шу боис, ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини содда, аҳоли тушунадиган қилиб баён қилиниши катта аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида шуни айтишим керакки, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш жамиятимиз ривожига катта хисса қўшади. Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқларини билар экан, ҳуқуқ доирасида харакат қилади ва тегишли жавобгарликка тортилишлар даражаси камаяди ҳамда ҳуқуқларини талаб қилиш орқали жамият ривожига тегишли хиссасини кўшади.

Амалдаги қонунлар давлатимиз ривожи, фуқароларнинг фаравонлигини ошириш учун хизмат қилиш учун яратилган!

М.Юсупова, Сайхунобод тумани ДНИ нотариуси