Тиббий кўрикнинг аҳамияти

Дата: 11.08.2016    

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонқарори, “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 апрелдаги 78-сон қарорининг мақсад ва вазифалари соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.

Мазкур Низомнинг амал қилиши никоҳланувчи шахсларнинг фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади, 50 ёшдан катта шахсларнинг никоҳини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно, ушбу шахслар тиббий кўрикдан фақат уларнинг розилигига кўра ўтказилади.

Тиббий кўрик Оила кодексига мувофиқ амалга оширилади ва « Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида», «Психиатрия ёрдами тўғрисида», «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида», «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Никоҳланувчи шахслар мазкур Низомга мувофиқ ҳажмларда психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС юзасидан тиббий кўрикдан ўтади.

Никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ органлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли тиббиёт муассасаларига юборилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун берилган йўлланмалар ФҲДЁ органларида никоҳ тузиш тўғрисидаги аризаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида қайд этилади.

Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги уларнинг яшаш жойидаги психиатр врачлар, наркологлар, тери-таносил касалликлари врачлари, фтизиатрлар томонидан тиббий кўрик ўтказиш учун асос ҳисобланадиган ФҲДЁ органлари томонидан берилган йўлланма бўйича бепул ўтказилади Тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахслар тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак.

Кўрикдан ўтаётган шахсга белгиланган шаклдаги алоҳида тиббиёт картаси юритилади, унда кўрикдан ўтаётганнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар ҳамда текшириш натижалари тўлиқ ҳажмда акс эттирилади.

Агар никоҳланувчи шахс ўз хизмати ёки иши турига кўра муайян тиббиёт муассасасига бириктирилган бўлса, у мазкур муассасада кўрикдан ўтказилади.

Озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахсларнинг тиббий кўриги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт муассасаларида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳланаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтадилар.

Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги натижалари тўғрисида тиббиёт муассасасининг хулосаси маълумотномада акс эттирилади. Маълумотнома тиббиёт муассасасининг муҳри ва раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади (мазкур Низомга 3-илова) ҳамда алоҳида дафтарда рўйхатдан ўтказилади, дафтар белгиланган муддат мобайнида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг архивида сақланади. Маълумотноманинг амал қилиш муддати — уч ой. Инсоннинг соғлиғи унинг бугунги куни ва келажак авлоднинг баркамоллиги жамиятимизнинг энг катта бойлигидир. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ва уни мустаҳкамлаш вазифасини давлат ўз зиммасига олади.

Тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтаётган келин куёвларни кўриб ҳозирги кунда барча хурсанд бўлмоқда. Демак, текширув натижалари яхши чиқиши аниқ, мабодо бирор ташхис ижобий чиқмаса даволаниб олишга вақт бор. Зинҳор ва зинҳор даволанмасдан туриб никоҳга кириб бўлмайди. Касални яширсанг иситмаси ошкор бўлади.

Тўғри ҳар бир инсон, ҳоҳ аёл ва эркак, ҳоҳ қиз ва йигит у касалми ёки соғми бахтли бўлишга ҳақли, бироқ бировга бахтсизлик келтириб бахтга эришаман дейиш-бу одам ўлдириш билан тенглаштирилади.

Юқорида кўрсатилган мисолдан олсак, ҳаётининг энг ширин дамларида бундай зарбалардан ўтиши, бу инсонда кейинги ҳаётига нисбатан умидсизлик, ишончсизлик, қўрқув яна бир бор алданиш ҳислари пайдо бўлади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг тўйда икки бегона авлод бирлашади, унда қанча қариндош-уруғлар, ваҳоланки энг азиз инсонлар ота-она, опа-сингил,ака-укалар, фарзандларимиз, сиз қилган хатоингиз учун жавоб берса. Наҳотки авлодингиз тўлиқ соғлом ва баркамол бўлишини ҳоҳламасангиз. Наҳотки ҳаёт қийинчиликлардан иборат эканлигини била туриб, ўз яқинларимизга, севган инсонларимизга зарар етказсак.

Давлатимиз таянчи – бу оила. Унинг томири мустаҳкам ва соғлом бўлса, унинг шоҳи мустаҳкам, барги тиниқ ва чиройли, меваси эса ширин бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умужаҳон декларациясининг 16-моддасида шундай дейилган:

1.“Балоғат ёшига етган эркаклар ва аёллар ирқи, миллати ёки диний белгилари бўйича ҳеч қандай чеклашларсиз никоҳдан ўтишга ва оила қуришга ҳақли. Улар никоҳдан ўтишда, никоҳда турган вақтларида ва уни бекор қилиш вақтида бир ҳуқуқдан фойдаланади.

2. Никоҳдан ўтаётган ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосидагина никоҳ тузилиши мумкин.

3. Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли.

Дарахтларни қуртлардан, қаттиқ шамоллардан, касалликлардан, қандай парвариш қилсак 
у шунчалик сизга куннинг иссиғида соя бериб, меваси мўл ва баракали бўлади.

Шунингдек тиббий кўрикдан сохта йўллар билан ўтиш, бу оила қуришни ёлғон билан бошлаётганлигингиздан далолат беради. Янги ҳаётга йўл олаётганлигингизда ҳамма нарса соф, покиза меҳр ва диёнат билан бошланиши зарур деб ҳисоблайман.Тиббий кўриксиз қурилган оиланинг инқирозга юз тутишини кўрдик, етти пуштини сўролмай шошма-шошарлик билан амалга оширилган тўйлар оқибатидан мисол ўқидингиз. Соҳибқирон бобомиз Амур Темур Кўрагоний ҳам келин танлашда шундай деганлар; “Келин танлашга давлат ишларидан ортиқ вақт топиб, бўлажак келиннинг наслу насабини ва сиҳатига эътибор қаратдим.” Бу ўгитлар асрлар оша барчамизни огоҳликка чорлайди.

Давлатимиз томонидан оиланинг фаровонлиги ва унинг мустаҳкамлиги борасида чиқарилаётган Қарор ва Фармонлар давлатимиз суянчиғи, ифтихори бўлган келажак авлодни ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш масаласини ўз ичига олмоқда.

Шу нарсани назарда тутмоқ лозимки, бугунги кунда қоида тариқасида, таносил касаллиги даволашга бўйсунади, лекин унинг мавжудлиги эр-хотинларга, ҳатто уларнинг келажак авлодларига ҳам хавф туғдириши мумкин. ОИТС касаллиги билан оғриган касални, амалда тузатиб бўлмайди. Бинобарин, бу беморнинг соғлиғига хавф туғдирибгина қолмай, ҳатто жамоат хавфсизлигига ҳам раҳна солиши мумкин. Шунинг учун Жиноят кодексида била туриб, бошқа шахсни таносил касаллигини ёки ОИТС касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш, уни била туриб бошқа шахсга юқтириш учун жазолар белгилаб қўйилган. Бундан шу нарса келиб чиқадики, Оила кодексининг 49-моддасига киритилган ўзгартириш асосида нафақат никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш мумкин, балки ушбу ҳолатларни яширгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкинлиги кўрамиз.

Барчамиз бу дунёга бахт учун келамиз. Эзгулик дарёларидан сув ичиб, меҳр боғларидан олтин олмалар термоқни умид қиламиз. Шу бир марта берилган умрда ёстиқдошимиз мард, ҳалол, соғлом, иболи, ҳаёли бўлишини хоҳлаймиз. Бунинг учун ҳуқуқий ва тиббий маърифатимиз етук бўлмоғи лозим.

Л.Муратова, Боёвут туман ФҲДЁ органи мудираси