Норма ижодкорлиги жамият ривожидаги роли ортмоқда

Дата: 09.08.2016    

Ўтган йиллар мобайнида республикамизда самарали норма ижодкорлиги фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкам қонунчилик тизимини барпо этиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши натижасида норма ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилди. Ушбу қонун ҳужжатлари асосида норма ижодкорлиги жараёнини режалаштириш, ташкил этиш ва унинг босқичларини янада такомиллаштириб боришнинг ягона механизми шакллантирилди.

Замон талабларини инобатга олган ҳолда бугунги кунда ҳам мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти қуриш жараёнида норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жорий йилда парламент назоратининг ҳуқуқий механизмини назарда тутувчи “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги эндиликда норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишда, энг аввало, жамият ва давлат манфаатларининг устувор йўналишларини белгилаб олиш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, норма ижодкорлиги фаолиятини прогнозлаштириш ва режалаштириш ривожланган хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибасини мунтазам тадқиқ этиш ҳамда ундан миллий қонунчилигимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланишни тақозо қилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда норма ижодкорлиги фақатгина давлат органлари томонидан амалга ошириладиган фаолият бўлиб қолмаслиги фуқаролик жамияти қуришнинг асосий талабларидан би­ри ҳисобланади. Бунда норма ижод­корлиги жараёнига фақат қонунчилик ташаббуси ҳу­қуқи субъектларигина эмас, балки бутун жамоатчилик ҳам масъул эканлиги инобатга олинади.

Энг муҳими, ҳар қандай қонун ҳужжати халқ манфаатларини ифодалаб, унинг хоҳиш-иродасини намоён этиши лозим экан, ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда жамият аъзоларининг бевосита иштирок этиши зарур бўлади. Мазкур ислоҳот фуқароларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита қатнашиши, уларни янада такомиллаштиришга ҳисса қў­шиши ҳамда мазкур ло­йиҳаларни қабул қилиш ва амалиётга татбиқ этиш­нинг ижобий ҳамда салбий оқибатлари юзасидан бевосита муносабат билдириши учун кенг имконият яратади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларини баҳолаш тизимининг жорий этилганлиги ҳам ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ривожланишининг янада янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Ушбу ислоҳот натижасида жамият аъзолари амалдаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш имкониятига эга бўлдилар. Шу орқали, амалиётда фуқароларнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан тегишли давлат органларига хабар беришлари учун қулай шароит яратилади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тараққий этишига ҳамда фуқаролар, айниқса, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилинишига муносиб туртки бўлади, деб ҳисоблашга тўла асос бўлади.

Шу ўринда, айтиш лозимки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертиза қилиш норма ижодкорлиги фаолияти самарадорлигининг кафолатларидан бири ҳи­собланади. Ушбу жараён қонун ва қонуности ҳужжатлари лойиҳаларининг Ўз­бекистон Республикасининг Конституцияси ва бош­қа қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш вазифаларини қамраб олади.

Шунинг билан бирга, ҳуқуқий экспертиза лойиҳада тартибга солинаётган соҳага салбий таъсир кўрсатадиган зиддиятларни ва келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни, амалдаги норматив-ҳуқу­қий ҳужжатларда мавжуд бўлган ҳуқуқий бўшлиқларни ва “оқ доғ”ларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, қонунларнинг ҳаволаки нормаларини ишлаб чиқиш бў­йича аниқ чора-тадбирларни кўриш имкониятини яратади. Ҳозирда мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида қонунларнинг ҳаволаки нормаларини киритишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалари тасдиқланиб, бу йўналишда самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда норма ижодкорлиги жамоатчилик фикрини ва халқаро тажрибани ўрганиш асносида амалга оширилиб, ушбу фаолият жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни ва шу орқали миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштиришни назарда тутади.

К.Муҳсинов, Адлия вазирлиги масъул ходими