Миллий ва хорижий тажриба

Дата: 02.08.2016    

Адлия вазирлиги томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, энг асосийси, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси амалда таъминланиши, қабул қилинган қонунлар ва қонунчилик нормаларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида, архив иши соҳадаги миллий қонунчилигимиз ҳамда хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилди.

“Архив иши тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддасида архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши нормаланган.

Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларида “Архив иши тўғ­рисида”ги Қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахсларнинг қай тартибда жавобгарлиги белгиланмаган.

Қонун ҳужжатларида архив ҳужжатларини сақлаш ва сақлаш учун топшириш, архив хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибини бузиш учун жавобгарликнинг белгиланмаганлиги оқибатида, фуқаролардан уй-жой масаласи, иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар каби ижтимоий масалаларда архив ҳужжатларидан нусха олиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ўтказилган таҳлилларда, айрим корхона, ташкилотлар томонидан ҳужжатлар архивга топширилмаганлиги сабабли архив ҳужжатидан кўчирма олиш имконияти бўлмаётганлиги ёки сақланиши лозим бўлган ҳужжатлар архивга тў­лиқ топширилмаётганлиги, айримларида эса ҳужжатлар белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда сақланмаётганлиги маълум бўлмоқда.

Масалан, фуқаро А.Юлдашев нафақага чиқишда ўзи ишлаган акциядорлик жамияти ҳужжатлари давлат архивига топширилмаганлиги сабабли меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатидан кўчирма олишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.

Архив иши тўғрисидаги қо­нун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларнинг жавобгарлигини белгиловчи норманинг киритилиши архивлар томонидан архив ҳужжатларини топшириш, сақлаш қоидаларига риоя этилишига, архив ҳужжатларининг йўқолишини ёки яроқсиз ҳолга келиб қолишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур масала юзасидан хорижий давлатларнинг қо­нун­чилиги ўрганилганда, уларда архив иши тўғрисидаги қо­нун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахсларнинг жавобгарлигини белгиловчи нормалар белгиланганлиги маълум бўлди.

Хусусан, Франция, Испания, Латвияда архив ҳужжатларига шикаст етказиш, ноқонуний олиб қўйиш, эгаллаш учун кўп миқдорда жарима жазоси белгиланган.

МДҲ давлатларидан Россия, Белоруссия, Украина, Туркманистон ва Қозоғистоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексларида архив ҳужжатларини сақлаш, жамлаш, ҳисобга олиш ва фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик, яъни жарима жазоси белгиланган.

Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Архив иши тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи норманинг киритилиши юзасидан таклиф ишлаб чиқилди.

Мазкур таклиф Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), “Ўзархив” агентлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ҳукуматга киритилди.

З.Мустафақулов, Адлия вазирлиги масъул ходими