Норма ижодкорлиги жараёнида юридик техниканинг роли

Дата: 01.08.2016    

Кейинги йилларда юртимизда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишнинг қонунчилик базасини яратишга қаратилган норма ижодкорлиги самарадорлигини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар, уларни эълон қилиш, кучга кириши ва амал қилиши тартиби билан биргаликда ижросини ташкил этиш механизми ҳам назарда тутилди.

Норма ижодкорлиги узлуксиз жараёндир. Бугунги кунда қонунчиликда кўп учрайдиган “норма ижодкорлиги” тушунчаси юридик фандаги муаммолардан бири бўлиб, норма ижодкорлиги – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг шундай ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, уларга ўзгартириш киритиш ёки уларни бекор қилишга қаратилган ва ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан муайян жараёнга асосланадиган фаолиятидир.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдан мақсад ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ёки қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш ҳисобланади.

Ҳозир жамиятни янгилаш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш ва ислоҳ этишга қаратилган ислоҳотларнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш йўлида юзага келадиган янги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи юридик нормаларни белгилаш ҳам норма ижодкорлигининг асосий мақсадига айланиб бораяпти.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.

Ушбу расмий ҳужжатларга юқорида келтирилган қонун билан умумий талаблар белгиланган. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим сиёсий ва ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унинг қабул қилиниши мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва миллий давлатчилик пойдеворини барпо этишда муҳим аҳамият касб этди. У давлатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаёти, шунингдек, ташқи сиёсатига тааллуқли барча муҳим масалаларни тартибга солувчи принцип ва нормаларни қонунан мустаҳкамлаб қўйди.

Конституциямизнинг 15-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Унинг 16-моддасида эса, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмаслиги ҳақидаги тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу меъёр қонунийликни, қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур конституциявий тамойилни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси институти шакллантирилди.

Янги қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки амалдаги ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим аҳамият касб этиб, унинг сифатини яхшиламоқда.

Бугунги кунга келиб қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқиш ва киритиш, шунингдек, экспертизадан ўтказиш соҳасида зарур қонунчилик базаси шакллантирилди. Қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги услубий кўрсатмалар асосида тайёрланади. Ушбу ҳужжат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (кейинги ўринларда лойиҳалар деб юритилади) тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.

Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, расмийлаштириш, қабул қилиш, шунингдек уларни ҳуқуқий экспертизадан, давлат рўйхатидан ўтказиш ва кучга кириш тартиби Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари асосида белгиланилади.

Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш қонун ижодкорлиги жараёнининг изланувчанликни, юксак салоҳиятни, ижодий ёндашувни, кўплаб тадбирлар ташкил этишни, тадқиқотлар ўтказишни, лойиҳа матнини ҳамда унинг ҳар томонлама асосларини тайёрлашни, лойиҳани мувофиқлаштиришни, уни ҳуқуқий ва бошқа экспертизалардан ўтказишни талаб этадиган муҳим босқичидир.

Таъкидлаш керакки, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида уларни юксак профессионал даражада ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш лойиҳаларнинг сифатини сезиларли даражада яхшилаш, ҳуқуқий нормалардаги коллизиялар ва уларнинг ҳар хил талқин қилинишининг, шунингдек, норматив йўл-йўриқларни амалга оширишда салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш имконини беради.

Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лойиҳаларни экспертиза қилишнинг энг анъанавий ва синалган турларидан бири ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ўз табиатига кўра норма ижодкорлиги фаолиятининг ажралмас қисми саналади. Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизасининг аҳамияти шу билан белгиланадики, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, илмий ва бошқа соҳалардаги кўплаб масалалар фақат экспертиза ёрдамида ҳал қилиниши мумкин, ўтказилган экспертиза хулосаси эса мақбул қарор қабул қилиш учун асос вазифасини ўтайди.

Янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда ҳуқуқий экспертизанинг иккита янги тури жорий этилди.

Улардан биринчиси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган қоидалар ва нормалар мавжудлигини аниқлаш.

Иккинчиси эса, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар мавжудлигини аниқлашдир.

Ҳуқуқий экспертизани ўтказиш жараёнида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини баҳолашнинг қуйидаги мезонларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;

– Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари билан келишилганлиги;

– қонунчилик аҳволини чуқур таҳлил қилиш, тегишли муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда ички қарама-қаршилик ва бўшлиқларнинг мавжуд эмаслиги;

– лойиҳанинг фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига таъсири;

– тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлиги, зарурлиги ва устуворлиги ва ҳ.к.

Қонунчилик техникаси нафақат лойиҳани ишлаб чиқишда, балки ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу қоидаларни яхши билиш ва самарали қўллай олиш лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизасини муваффақиятли ва сифатли ўтказишнинг шарти ва ишончли асоси ҳисобланади.

Қонунчилик техникаси ёки юридик техника нима? Юридик техниканинг кенг тарқалган таърифига кўра у норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тузилмаси ва мазмунини ишлаб чиқишда, шунингдек, уни ҳаётга жорий этишда қўлланадиган усулларнинг умумий алоқасини ўзида акс эттиради. Муайян юридик терминлар ва юридик конструкцияларнинг қўлланилиши, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қурилиш шакли шундай усуллардан ҳисобланади. Бошқача айтганда, қонунчилик техникаси қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва расмийлаштириш жараёнида қўлланадиган қоида ва воситалар уйғунлигидир.

Қонунчилик техникаси икки асосий мақсадга эга:

– ижтимоий муносабатларни лўнда, аниқ, тушунарли ва бир хил тарзда тартибга солиш;

– ижрочилар ва аҳоли томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир хил тушунилишини таъминлаш, уларнинг ҳар хил талқин қилинишига ва турли шубҳалар пайдо бўлишига йўл қўймаслик.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг самарадорлиги, аҳолининг қай даражада унинг мазмун-моҳиятидан хабардор бўлиши, унинг талаблари тўғри ва бир хил тушунилиши ҳамда қўлланилиши ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш жараёнида қонунчилик техникаси талабларига қанчалик риоя қилинганлигига бевосита боғлиқдир.

Б. Джалилов, Адлия вазирлиги масъул ходими