Таълим-тарбия — масъулият бу соҳада хато қилиб бўлмайди

Дата: 12.06.2013    

Улуғ ўзбек маърифатпарвар олими Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: "Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир".

Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида мактабгача таълим бошланғич таълим ҳисобланиб, унинг вазифаси бола маънавий-ахлоқий қиёфасини шакллантириш, мустақил дунёқараши, дастлабки меҳнат кўникмаларини ривожлантириш, билим олишга эҳтиёж уйғотиш, мактабгача тарбия ва бошланғич таълимдаги узлуксизликни таъминлаш, тарбияланувчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бош­қармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилояти халқ таълими бошқармалари ва уларнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек, болаларнинг ушбу муассасаларга қабул қилинишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Бунинг натижасида мазкур идоралар фаолиятида муайян ижобий ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда айрим камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, ўрганиш ўтказилган деярли барча вилоятларда соҳага доир статистик ва бош­қа маълумотларни юритишда қатор камчиликлар мавжуд, мактабгача таълим муассасаларига жойлашиш учун йўлланмалар бериш ва болаларни қабул қилишда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилинмаган.

Мисол учун, Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг Мактабгача таълим бўлими томонидан 2010-2011 ўқув йилида юритилган статистик маълумотлар ва туман (шаҳар)лардаги бўлимларнинг статистик ҳисоботлари таҳлил қилинганда тафовутлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, мазкур бўлим статистик ҳисоботларида Чирчиқ шаҳрининг мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчи болалар сони 4619 нафарни ташкил этиши акс эттирилган бўлса-да, Чирчиқ шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан тақдим этилган статистик ҳисоботда 4338 нафар бола кўрсатилган.

Афсуски, статистик ҳисоботдаги бу каби тафовутлар туманларнинг аксариятида кузатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 25 октябрдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасида давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида"ги Низомнинг 17-бандида мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш қабул комиссия­сининг қарорига биноан халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг йўлланмалари асосида амалга оширилиши белгиланган. Бироқ айрим ҳолатларда мазкур тартибга риоя этилмаган.

Масалан, Наманган тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан 2010-2011 йилларда қабул комиссиясининг қарорисиз таълим муассасаларига йўлланмалар бериб келинган. Бўлимда ота-оналар томонидан қабул комиссиясига топширилган тегишли ҳужжатлар сақланмаган, қабул комис­сия­си томонидан берилган йўлланмаларни қайд қилиш дафтари белгиланган тартибда юритилмаган.

Бу каби камчиликлар Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ҳам кузатилди.

Ўрганиш натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тегишли идораларга тақдимномалар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мактабгача таълимни янада такомиллаштириш, соҳа самарадорлигини ошириш учун, энг аввало, ушбу соҳада банд бўлган барча раҳбар-ходимларнинг касбий малака даражалари, ҳуқуқий билимларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зеро, фарзандлар таълим-тарбиясига оид масалалар ҳар доим юксак билим ва масъулият талаб этади.

Сардор КАРИМОВ,

Адлия вазирлиги

масъул ходими