Фарзандликка олиш бурч ва масъулият юклайди

Дата: 12.06.2013    

Конституциямизнинг 64-моддасида давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши кафолатланган.

Шунингдек, "Бола ҳу­қуқ­ларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунда ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши эканлиги кўрсатиб ўтилган. Хусусан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, унинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва бошқалар асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

Фарзандликка олиш масаласи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳал этилган ҳолатлар ўрганилганда айрим туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилган ёки бекор қилинган ҳолатлар учради. Бундан ташқари, амалиётда фарзандликка олиш ҳақидаги қарорни тайёрлаш жараёнида фарзадликка олиш сири бузилганлиги ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу каби омиллар ушбу институтни такомиллаштириш лозимлигини тақозо этди.

Шу ўринда халқаро тажриба ҳақида гапирсак, кўпгина давлатларда фарзандликка олиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

Хусусан, АҚШда фарзанд­ликка олиш тўғрисидаги қарор судлар томонидан қабул қилинади. Тегишлича ўрганишлардан кейин Фарзандликка олиш бўйича давлат агентлиги судга хабарнома беради.

Германияда фарзандликка олиш тўғрисидаги қарор васийлик бўйича махсус судлар томонидан қабул қилинади. Ҳужжатлар фарзандликка олиш бўйича агентликлар томонидан тайёрланади.

Англияда эса фарзандликка олиш тўғрисидаги қарор графликлар судлари (қуйи инстанция судлари) томонидан қабул қилинади. Ҳужжатлар фарзандликка олиш бўйича агентликлар томонидан тайёрланади.

МДҲга аъзо давлатларда (Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон ва бошқалар) ҳам мазкур масала суд томонидан кўриб чиқилади.

Юқорида келтирилган барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда Адлия вазирлигида тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси асосида жорий йилнинг 30 апрелида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан Фуқаролик-процессуал кодекси ва Оила кодексига фарзандликка олиш билан боғлиқ бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Фуқаролик-процессуал кодекси алоҳида 311-боб ("Фарзандликка олиш") билан тўлдирилди. Унга кўра, суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар тоифасига болани фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар ҳам киритилди.

Аввалги қонунчиликка мувофиқ фарзандликка олиш билан боғлиқ ишлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилган бўлса, эндиликда мазкур масала судлар томонидан кўриб чиқилади ва ҳал этилади.

Фарзандликка олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига ариза берадилар. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар эса боланинг яшаш жойидаги тегишлилигига кўра, Қо­ра­қал­поғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига ариза беради. Фарзандликка олиш тўғрисидаги аризада фарзандликка олувчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг яшаш жойи, фарзандликка олинаётган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси, унинг яшаш жойи, фарзанд­ликка олинаётган боланинг ота-онаси тўғрисидаги, ака-ука ва опа-сингиллари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар, фарзандликка олувчиларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги илтимосини асословчи ҳолатлар ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги белгиланди.

Судлар фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиб, фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида ёхуд уни қаноатлантиришни бутунлай ёки қисман рад этиш ҳақида чиқариладиган ҳал қилув қарорига нисбатан айрим талаблар белгиланди. Хусусан, бола битта шахс томонидан фарзанд­ликка олинаётганда, унинг манфаатларини кўзлаб, агар фарзандликка олувчи — эркак бўлса, боланинг онасининг хоҳишига кўра ёки фарзандликка олувчи — аёл бўлса, боланинг отасининг хоҳишига кўра, ота ёки онаси билан ҳуқуқий муносабатларни сақлаб қолиши ҳақида ҳал қилув қарорида кўрсатиб ўтилади. Шунингдек, фарзандликка олинаётган боланинг отаси ёки онаси вафот этган бўлса, вафот этган ота ёки онанинг ота-онасининг (бува ёки бувининг) илтимосига кўра фарзандликка олинаётган боланинг вафот этган отаси ёки онасининг қариндошлари билан ҳуқуқий муносабатларни сақлаб қолиш ҳақида ҳам кўрсатилиши мумкин. Қонунчиликка бундай нормаларнинг киритилиши, авваламбор, фарзандликка олинаётган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Авазбек МАДАМИНОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими