Жисмоний ва юридик шахсларнинг “Ишонч телефони орқали” мурожаатлари адлия органларининг доимий назоратида

Дата: 20.07.2016    

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил19 мартдаги 80-сон “Адлия органларида махсус “ишонч телефони” ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2011 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан уларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш учун телефон алоқасининг 1-008 қисқа рақамли махсус линияси ташкил этилди.

Адлия органларида ташкил этилган махсус 1-008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ва фуқароларга ўзларинингбузилган ҳуқуқларини зудлик билан тўғридан-тўғри билдириш, ёки ариза ва таклиф шаклида мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтирди.

Шу муносабат билан, мазкур қарор ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ижросини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларга янад қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2015 йил 2 июлда 142-ум-сон “Ўзбекистон Репсбликаси адлия органларида “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Ушбу буйруқ билан “Ўзбекистон Репсбликаси адлия органларида “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, “ишонч телефони” орқали келиб тушадиган мурожаатларни қабул қилиш бўйича масъул ҳодимлар бириктирилди. Ҳозирда 1-008 рақамига Суд депратаментининг “ишонч телефони” ҳам интеграция қилинди.

“Ишонч телефони” орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан назорат органлари ва лицензияловчи органлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар беришнинг белгиланган муддатлари ва тартибига риоя қилинмаслиги масалалари бўйича, жисмоний ва юридик шахсларга кредит ва молия ресурслари беришнинг ноқонуний рад этилиши ёки бериш тартиб-қоидаларининг асоссиз чўзиб юборилиши юзасидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсири, фуқароларнинг ариза, шикоят ва таклифлари қабул қилиниб, қисқа муддатларда кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилиши таъминланмоқда. Бу эса, жисмоний ва юридик шахсларни ортиқча оворагарчиликларини олдини олишга, уларни вақтларини тежашга хизмат қилмоқда.

Биргина жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 1 292 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан ҳозирга қадар 2015 йил якуни билан қолдиқ бўлиб ўтган 53 та мурожаат билан биргаликда жами 932 таси кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилди. Шундан 446 таси тўлиқ қаноатлантирилди, 435 таси юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди, 51 та мурожаат асоссиз деб топилганлиги сабабли кўриб чиқиш рад этилди. 289 та мурожаат кўриб чиқиш учун бошқа ташкилотларга юборилди, 5 та мурожаат аноним деб топилди, 119 та мурожаатлар кўриб чиқилмоқда.

Келиб тушган мурожаатларнинг 172 таси банклар фаолиятига оид, 117 таси шартномавий муносабатларга оид, 109 таси ижтимоий ҳимоя масаласига оид, 38 таси меҳнат низолари юзасидан, 28 таси ер участкалари масаласига оид, 12 таси лицензиялаш ва бошқа рухсатномалар олишга оид, 476 таси бошқа турли масалаларга оид мурожаатлардир.

“Ишонч телефони” орқали келиб тушган ҳар бир мурожаат вазирлик раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, жисмоний ва юридик шахсларнинг реал бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга етказилган зарарларни, шу жумладан моддий ва маънавий зарарларни қоплаш чоралари кўриб келинмоқда.

Жумладан, “Ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жами 128 та 876 067 300 сўмлик даъво аризлари киритилиб, ҳозирга қадар 631 402 700 сўмлик пул маблағлари ундириб берилди.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича жами 110 та тақдимнома киритилди, 48 та бошқа турдаги ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. Киритилган таъсир чораларига асосан ҳозирга қадар 55 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 2 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларига зид равишда чиқарилган 14 та қарорлари бекор қилинди.

Шунингдек, айбдор шахсларга нисбатан 30 та маъмурий баённомалар расмийлаштириб тегишли ваколатли органларга юборилди ва уларга асосан ҳозирга қадар 15 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноий жавобгарликка тортиш бўйича киритилган 6 та таклифга асосан 2 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Жумладан, Жиззах туманидаги “Муроджон Зомин Газ” МЧЖнинг кредит маблағи ажратиб берилмаётганлиги ҳақидаги “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан адлия органи томонидан 2016 йил 11 февраль куни АТ “Асака банк” Жиззах вилоят филиалига тақдимнома киртилди ҳамда банк масъул ходими Ш.Боймурзаевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.

Тақдимнома банк филиали томонидан кўриб чиқилиб банк ходими К.Хазратқуловга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди. Маъмурий баённома Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, суднинг 2016 йил 14 мартдаги қарори билан Ш.Боймурзаевга 260 480 сўм маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Худди шундай, Фарғона шаҳридаги “Гиппократ Дента” хусусий фирмаси раҳбарининг корхонага асоссиз равишда 1222,02 минг сўм маблағ ортиқча ҳисобланиб электр таъминотидан узилганлигидан норози бўлиб, жорий йилнинг май ойида “ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаси бўйича адлия органи томонидан 2016 йил 17 май куни Фарғона шаҳар электр тармоқлари корхонасига тақдимнома киритилиб, тадбиркорлик субъектига ортиқча ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди ва фирма ҳисоб варақасидан чиқарилди ҳамда масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун электр тармоқлари корхонаси ходимлар М.Сафаров ва Д.Ибрагимовларга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Шу каби, Наманган вилояти, Норин туманида фаолият кўрсатувчи “Биллур чашма” МЧЖ раиси Ж.Сойипов жорий йилнинг май ойида АТ “Халқбанки” Норин туман филиали томонидан 33 000 000 сўм миқдордаги кредит маблағлари ажратиб берилмаётганлигидан норози бўлиб “Ишонч телефони” орқали қилган мурожаат ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаси бўйича мурожаат тўлиқ қаноатлантирилди ва кредит маблағи ажратиб берилиши таъминланди ҳамда тадбиркорлик субъектидан ортиқча ҳужжат талаб қилинганлиги учун банк ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 24110-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Мазкур баённома жиноят ишлари бўйича Норин туман суди томонидан кўриб чиқилиб, суднинг қарори билан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Вазирлик томонидан адлия органларининг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатлари, шунингдек уларни кўриб чиқиш натижаларии, шу жумладан тегишли ташкилотларнинг жавоблари мунтазам равишда вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда.

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари, улар бўйича кўрилаётган чоралар, тақдимномаларнинг тегишли ташкилотлар томонидан бажарилишининг аниқ ҳолатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда таҳлилий ахборот киритиб борилмоқда.

Вазирликнинг бу борадаги фаолияти мунтазам равишда давом этирилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш чоралари кўриб борилади ҳам уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланади.

Б.Азизов, Адлия вазирлиги масъул ходими