Жамоатчилик назоратининг муҳим йўналиши

Дата: 11.06.2013    

Мазкур Қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритишининг ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга, маҳалланинг аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантиришга, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назорати тизимида маҳалланинг вазифаларини кенгайтиришга йўналтирилган.

Хусусан, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олишнинг ягона тартибини жорий этиш ҳуқуқи берилди.

Бундай тартибнинг жорий этилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳисобга олишнинг ягона механизмини таъминлайди.

Шунингдек, мазкур Қонун асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳузурида маъмурий комиссиялар тузилиши бекор қилинди. Чунки маъмурий жавобгарликка тортиш давлат мажбурлов чораси бўлиб, уни қўллайдиган шахслардан тегишли билимларга эга бўлишни талаб қилади. Шу билан бир қаторда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари нодавлат орган бўлиб, бу эса ўз-ўзидан уларнинг ваколатига мувофиқ келмайди.

Бундан ташқари, Қонунда фуқаролар йиғини кенгашининг унга бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда кам таъминланган оилаларни, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган ёлғиз кекса фуқаролар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлаш бўйича қўшимча вазифаларни бериш борасидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқ тўлов қобилиятига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кафил бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Бу эса, фуқаролар йиғинининг тегишли ҳудудда жойлашган кичик-бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг янада ривожланишига замин яратмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Қонун билан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига ўз ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этмоқчи бўлган фуқароларга ҳуқуқий ва ташкилий маслаҳатлар бериш мақсадида консалтинг марказлари ташкил этиш ваколатлари берилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчик назоратини амалга ошириш учун ҳам тегишли ваколатлар берилмоқда.

Шунингдек, Қонун билан фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тартиби ҳам батафсил белгилаб қўйилди.

Жумладан, раис (оқсоқол) обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганида, шунингдек у ўз мажбуриятларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганида, бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда, саломатлиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифасини бажара олмаганида муддатидан олдин вазифасидан озод қилинади. Бу эса юз бериши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар йигини раисининг (оқсоқолининг) фуқаролар йиғини олдидаги масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Қонунга “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси ҳамда диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор нормалар ҳам белгилаб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларинининг давлат ва жамият тараққиётини янада юксалтиришдаги ролини оширишга замин яратади.

М.Эминова, Гулистон шаҳар давлат нотариал идораси нотариуси