Огоҳлик – давр талаби Ёшларимизни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилайлик

Дата: 13.07.2016    

Мамлакатимизда тараққиёт натижасида одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Аммо бундай ривожланишни кўра олмайдиган вайронкор кучлар ҳам бор. Шундай бузғунчи ғояларни ўз ичига олган иллатлардан бири — миссионерлик.

Миссионерлар одамлар онгини заҳарлаб, шу орқали бойлик орттиришга, бутун бошли халқларни асоратга солишга уринишмоқда. Хўш, ўзи миссионерлик тушунчасининг ўзи нима? Миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа динни тарғиб қилишни англатади. Ушбу сўз лотин тилидаги «Миссио» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса — «вазифани бажарувчи» деган маънони билдиради.

Бугунги кунда Марказий Осиё халқлари орасида миссионерлик ҳамда ўз моҳиятига кўра унинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳам учрамокда. Мисол тариқасида, «Нурчилар» оқими ва «Иегово шоҳидлари» ҳаракатини олиб кўрайлик. Ҳар иккала оқимнинг ҳам ҳаракатлари ортида фақат вайронкорлик, тинч, обод ҳаётга раҳна солиш туради. Ушбу оқимлар ҳали ҳаёт тажрибаси, етарли билими бўлмаган ёшларни жалб қилиб, уларни ватанпарварлик, халқига, юртига садоқат, ота-онага муҳаббат каби туйғуларидан йироқлаштиради. 2007 йилда иғвочиларнинг Самарқанд вилоятидаги, 2008 йилда Самарқанд ва Фарғона вилоятидаги аъзолари жиноий жавобгарликка тортилган.

Миссионерлар асосан таъсирчан, ёлғон-бўхтонларга тўла ваъзлари орқали инсонларни ҳаёт йўлларидан чалғитишга ва таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар.

Миссионерлик фаолияти учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (240-модда) ва Жиноят кодексида (216-модда) назарда тутилган.

Мамлакатимиз мустақиллигини таъминлаш учун маданий, маънавий-ахлоқий, тарихий урф-одатларни ва жамоат ҳаётининг нормаларини ҳимоя қилиш, бутун халқнинг маданий бойлигини сақлаш, шунингдек, миссионерликнинг салбий таъсирига қарши курашишни ҳар бир шу юрт фарзанди ўз бурчи, деб билиши лозим.

Ёшларимизни уларнинг онгини захарловчи турли хил ғояларнинг таъсиридан сақлаш, теран фикрли, энг аввало билимли, ҳуқуқий маданиятли фарзандларни тарбиялаш ҳар биримизнинг асосий мақсадимизга айланмоғи лозим. Чунки эртанги келажак мана шу ўсиб келаётган фарзандларимиз қўлида. Зеро, эртанги кунимиз қандай бўлиши бугунги ёшларимизга боғлиқ.

Шу мақсадда мактаб, коллеж, олийгоҳларда ва бошқа таълим муассасаларида илм олаётган ёшларга янги қабул қилинаётган қонунларимизнинг моҳиятини тушунтириш билан бирга уларга сўзсиз амал қилиш, шунингдек, йигит-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида жойларда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш барчамизнинг бурчимиздир.

Ж.ШукуровГулистон шаҳар 7-сон ДНИнотариуси