Ижтимоий шериклик

Дата: 07.07.2016    

«Ижтимоий шериклик» атамаси халқаро амалиётда кенг қўлланилади. Иқтисодиёт соҳасида ижтимоий шериклик дейилганда жамият асосий қатлам ва гуруҳларининг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий манфаатлари уйғунлиги ва мутаносиблигини таъминлаш мақсадини кўзлаган ижтимоий муносабатларининг алоҳида бир тури ҳамда бозор иқтисодиёти ривожланишининг қонуний натижаси англашилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Ижтимоий шерикликнинг икки: икки томонлама (бипартизм) – иш берувчилар ва ходимларнинг ихтиёрий, томонларнинг мустақиллиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида манфаатларини мувофиқлаштириш ҳамда уч томонлама (трипартизм) – ана шундай шерикликда давлат ҳокимияти вакиллари ҳам иштирок этадиган тури фарқланади.

Бунда, қоида бўйича, ходимлар манфаатларини уларнинг ваколатли ташкилоти – касаба уюшма лар, иш берувчиларникини – уларнинг уюшмалари, давлатникини эса – ижро этувчи ҳокимиятнинг тегишли органлари ҳимоя қи лади.

Ижтимоий шериклик томонларининг қонуний манфаатлари музокаралар жараёнида мувофиқлаштирилади, бунда меҳнат шароитлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари ҳамда уларнинг корхона фаолиятидаги роли ва бошқа ҳаётий муҳим масалалар ўзаро келишиб олинади ҳамда тегишли ҳужжатлар – шартномалар, битимлар, контрактлар орқали расмийлаштирилади.

Асосий мақсад давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда халқаро ва хорижий тажриба билан яқиндан таништиришдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Фуқаролик институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қад риятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда»

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қо нунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг «Нодавлат-нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институт-ларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қўшма қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Жамоат фонди ва Парламент комиссияси ташкил этилди. Парламент комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Адлия ва Молия вазирликлари тегишли тузилмалари, нуфузли нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакиллари киради.

Жамоат фонди томонидан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қуйидаги йўналишлар бўйича молиялаштирилади:

Биринчн йўналиш, нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг аҳолини иш билан таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик ва касаначилик ҳамда халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлардаги иштирокини фаоллаштириш.

Иккинчи йўналиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, ёшларда соғлом ва мустаҳкам оила қуришга интилишни шакллантириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ҳамда ташқаридан кириб келувчи «оммавий маданият» таҳдидлари ва таъсирларидан асраб қолишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Учинчи йўналиш, аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш, экологик ноқулай ҳудудларда, шу жумладан, Орол бўйида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш. Бунда сув, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув объектлари ва ҳавонинг ифлосланиши даражасини камайтириш бўйича тарғибот ишларини ташкил этиш.

Тўртинчи йўналиш, ногиронларга таълим бериш ва тарбиялаш учун қулай шароитлар яратиш, уларни ҳар хил касбларга ўқитиш, ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг жамиятлари ва уюшмаларини моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш.

Мамлакатда демократик ўзгаришларни янада ривожлантиришга ҳамда бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (бундан буён матнда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди деб юритилади) тузилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан олинадиган маблағларни жамлайди, бу маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар масалаларни ҳал этишда уларнинг иштирок этишига қаратилган дастурларни амалга ошириш учун тақсимланишини ташкил этади;

маблағларни кейинчалик нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга тақсимлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига йўналтиради;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳат, ташкилий, техник жиҳатдан ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан белгиланади.

Давлат билан фуқаролик жамияти ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада такомиллаштиришда хорижий мамлакатларда тўпланган тажриба ҳам диққатга сазовор эканлиги шубҳасиз. Шунинг учун мазкур китобда, фикримизча, Ўзбекистон учун долзарб ҳисобланган 16 давлат органлари билан фуқаролик жамияти ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асослари, бу манфаатли ҳамкорлик механизмлари ўз ифодасини топган. Улар умумлаштирилган ҳолда қуйидагича гуруҳланган:

– биринчидан, ижтимоий шериклик бўйича халқаро тажрибанинг умумий таҳлили;

иккинчидан, фуқаролик жамияти ривожланишининг ҳуқуқий асослари ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари;

– учинчидан, давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги молиявий муносабатлар;

– тўртинчидан, давлатнинг жамоатчилик билан масла ҳатлашиш механизмлари.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида Адлия вазирлиги ҳузурида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва илмий муассасаларининг етакчи мутахассислардан ташкил топган эксперт гуруҳи томонидан “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳалари сифатини янада ошириш, шунингдек кенг доирадаги мутахассислар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг фикр ва мулоҳазаларини инобатга олиш мақсадида мазкур лойиҳалар Адлия вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинмоқда. Барча манфаатдор шахслар лойиҳалар матни билан танишишлари ҳамда лойиҳа бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин. Билдирилган фикр ва мулоҳазалар эксперт гуруҳи томонидан таҳлил қилиниб, қонун лойиҳаларини янада такомиллаштиришда инобатга олинади.

М.Эминова, Гулистон тумани ФҲДЁ бўлими инспектори