Хўжалик судига мурожаат қилишда янги қулайликлар

Дата: 10.06.2013    

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбирлармонлик муҳитини яхшилашга замин яратади.

Хусусан, давлат томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мафаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик базаси мустаҳкамланган.

Жумладан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари хўжалик судларининг фаолиятини жадал ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур Фармон ижроси юзасидан 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан хўжалик судларига мурожаатларни электрон кўринишда тақдим этиш имконига эга бўлдилар. Мурожаатларни қабул қилиш бўйича марказлашган электрон дастурий таъминот ишга тушурилди ҳамда манфаатдор вазирлик, идоралар билан хамкорликда “Хўжалик судларига тадбиркорлик субъектлари томонидан даъво аризаларни ва илтимосномаларни электрон кўринишда беришнинг вақтинчалик тартиби ишлаб чиқилди.

Хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи суд бўйруғини бериш ҳақидаги аризалар, даъво аризаси, апелляция ва кассация шикоятларини тақдим этиш билан амалга оширилади, лекин хўжалик процессуал кодексида мурожаатнинг шакллари белгиланмаганлиги сабабли кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киртиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни тақазо қилди.

Шу асосда 2013 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида парламентнинг юқори палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хўжжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни тасдиқланиб, Хўжалик процессуал кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур вақтинчалик тартибни амалдаги хўжалик процессуал кодексига мустаҳкамланиши барча манфаатдор шахсларни хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқини тўлиқ амалга ошириш, тадбиркорлар ва ишбилармонларни вақти ва маблағини тежаш, суд фаолитига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш учун шароитлар яратади.

Ж.Шукуров,  Мирзаобод туман ДНИ стажёр нотариуси