Ижтимоий шериклик ва халқаро тажриба

Дата: 06.06.2013    

Ижтимоий шериклик – бу келишув жарёни бўлиб, унда умумий ижтимоий мақсадларга эришишда тарафлар манфаатларининг уйғунлигини таъминлаб турувчи институтлар, механизмлар ва жараёнлар тизими тушунилади. Ижтимоий шериклик кенг тушунча бўлиб, унинг мазмунини турли нуқтаи назардан келиб чиқиб талқин қилиш мумкин. Тор доирада ижтимоий шериклик меҳнат муносабатларининг махсус тури ҳисобланади. Кенг маънода эса ижтимоий гуруҳларнинг ўзаро махсус ҳамкорлиги бўлиб, ҳамкорликка қаратилган объектнинг қандай бўлишидан қатъий назар, яъни нафақат меҳнат муносабатлари, балки бошқа соҳаларда, жумладан қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларини амалга ошириш кабилар ҳам бўлиши, манфаатларнинг ягона бир соҳадаги муштараклиги тушунилади.

Хорижий давлатларнинг бу йўналишдаги амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, ижтимоий шерикликнинг дастлабки ҳуқуқий асослари Бельгияда 1948 йилда, Германияда 1952 йилда, Австрияда 1957 йилда, Францияда 1958 йилда ва Шимолий Европа давлатларида 1970 йилларда уларнинг конституция ва қонунлари қабул қилиниши билан мустаҳкамланди. Ижтимоий шериклик муносабатларининг тарафлари бўлиб асосан иш берувчи, ходим ва давлат (трипартистик) кўринишида намоён бўлган. Ижтимоий шериклик учта даражада – миллий, тармоқлараро ва корхоналар даражасида амалга оширилган.

Саноати ривожланган мамлакатларда ижтимоий шериклик турли кўринишларда намоён бўлган. Хусусан, корпоратив тизим махсус орган (институт), жараёнлар ва механизмлардан фойдаланишни назарда тутади. Бу кўриниш Австрия, Швеция, Япония, Германия, Швейцария, Нидерландияда кенг тарқалган. Масалан, Австрияда ижтимоий шериклик ҳам умуммиллий, ҳам тармоқлараро даражада кенг тизимли маслаҳат кенгашлари ва қўмиталари орқали амалга оширилади. Ижтимоий шерикликнинг махсус институтлари мавжуд бўлмаган давлатларда плюралистик тизим амал қилади (Буюк Британия, АҚШ, Канада). Бу ерда қарама-қарши манфаатларнинг келишуви оддий сиёсий жараён (партия, парламент, касаба уюшмалари) орқали бутун жамият даражасида, ходим билан иш берувчи ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш эса алоҳида корхоналар даражасида амалга оширилади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа мамлакатларининг самарали ҳаракати натижасида уларнинг аксарият ҳудудларида тадбиркорлар, касаба уюшмалари ва давлат ташкилотлари вакилларидан иборат бўлган миллий ижтимоий-иқтисодий кенгашлар тузилди. Жумладан, Италияда 1947 йилда Иқтисодий ва меҳнат миллий кенгаши, Белгияда 1948 йилда Марказий иқтисодий кенгаш, 1952 йилда эса Меҳнат бўйича миллий кенгаш, Нидерландияда 1950 йилда Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш, кейинчалик эса меҳнат муаммолари бўйича кенгашлар ташкил топган. Францияда 1958 йилдан ва Англияда эса 1962 йилдан ҳозирга қадар Иқтисодий ва ижтимоий кенгашлар фаолият юритиб келмоқда.

Франция Республикаси Конституциясининг (1958 йил 4 октябрдаги) XI бобида Иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг конституциявий ҳуқуқий мақоми белгиланган бўлиб, унга кўра Кенгашга Ҳукуматнинг сўровига асосан қонун лойиҳаларига, ордонанс (қонун кучига эга бўлган ва Парламент рухсати билан ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ҳужжатлар) ва директивалар, қонунчилик таклифлари юзасидан хулоса бериши, палаталар Парламентида унга тақдим этилган қонун лойиҳалари ва қонунчилик таклифлари юзасидан хулосани эшиттириш мақсадида ўз аъзосини тайинлаши, иқтисодий ва ижтимоий характердаги исталган муаммолар юзасидан ҳукуматга маслаҳатлар бериши мумкинлиги белгиланган.

Франция амалиётида яна бир жиҳатни кўриш мумкинки, 2004 йилдан кейин республикада ижтимоий қонунларни қабул қилиш юзасидан қонунчилик ташаббуси ижтимоий шерикларнинг дастлабки муҳокамасисиз амалга оширилмади. Бу эса бир қанча “сиёсий тўлқинлар”ни олдини олишга сабаб бўлди.

Маълумки, амалдаги қонунчиликда ҳозирга қадар ижтимоий шерикликни тартибга солувчи саноқли нормалар қонун ҳужжатларида акс эттирилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 28-моддасида иш берувчиларнинг жамоат бирлашмалари ихтиёрий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан ўзаро муносабатларда корхоналар ва улар мулкдорларининг манфаатларини ифода этиш йўли билан ижтимоий шерикликни амалга ошириш, хўжалик ва меҳнатга оид муносабатлар соҳасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатлиги белгиланган. Шунингдек, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари ижтимоий шериклик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосида кўрилиши қайд этилган.

Шунингдек, ҳар йили айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Аёллар кенгаши” республика жамоат бирлашмаси, “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси, Республика маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази ва бошқа шу каби ташкилотлар давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат дастурларининг ижросини таъминлашда фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Ижтимоий шерикликни янада самарали йўлга қўйиш учун қуйидаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир:

- кўплаб ижтимоий мулоқотларни амалга ошириб, унинг натижасида аниқланган таъсирчан ва салоҳиятли ижтимоий шерикликни ривожлантириш;

- давлат иштирокида бизнес ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйиш. Бунда ижтимоий шерикларнинг мустақиллиги уларнинг мустақил қарор қабул қилиши, жавобгарлик масъулияти ва етуклигидан далолат беради. Давлат эса холис ҳакам ва асосий ҳамкор сифатида иштирок этиши;

- бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бозор муносабатларидан келиб чиқиб ўз-ўзларидан “муҳокама столи”га келишларини кутиш ёки шу каби важлар билан тинчланишдан мутлақо воз кечган ҳолда ижтимоий шерикликни шакллантириш юзасидан аниқ дастурни, музокара мавзусини ва уларни ўтказиш санасини белгилаш.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ижтимоий шериклик бу шундай муносабатларнинг кўринишики, ундан барча ижтимоий муҳим гуруҳлар ва давлат бутунлай объектив манфаатдор бўлади, сабаби унда жамиятнинг ижтимоий барқарорлигига, унинг тараққиётига, ижтимоий-иқтисодий ривожига эришилади, бу эса фуқаролик жамиятини шаклланишининг юксак чўққисига эришиш учун замин яратади.

Хусусан, бугунги кунда ушбу соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар натижаси ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришининг энг муҳим кафолатидир.

Умид Шадиев,

Адлия вазирлиги Жамоат, нодавлат нотижорат ва

диний ташкилотлар бошқармаси масъул ходими