Аниқлик ва енгиллик

Дата: 27.06.2016    

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият юритиши учун етарли норматив-ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “ННТлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бир қатор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Умуман, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан ошиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу эса фуқаролик жамияти ва унинг институтлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб боришига катта имкониятлар яратмоқда.

Хусусан, 2013 йилнинг 12 декабрь куни Президентимиз томонидан “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинди. Қарорда ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган принципиал, таъбир жоиз бўлса тарихий аҳамиятга эга бўлган бир қатор нормалар белгиланди.

Мазкур қарорни бажариш юзасидан, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмларни ҳамда тартиботларни янада такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 10 мартдаги қарорининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида ННТлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ташкил этилиши ва фаолият юритишида муҳим босқич бўлди.

Қарорда ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган бир қатор нормалар белгиланди. Хусусан, мазкур қарор билан ННТларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомиллари ва улар томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга ҳисобот топшириш тартиби бирмунча соддалаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом” билан ННТлар томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга ҳисоботларни бир йилда бир марта топширилиши, ННТ томонидан режалаштирилган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни ёки режалаштирилган тадбирлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўз вақтида келишиш учун адлия органига тақдим этишлари белгиланди.

Мазкур қарорнинг узвий давоми сифатида 2015 йилнинг 4 июнь куни Адлия вазирининг буйруғи билан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Мазкур Низом билан ННТлар, шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари), шунингдек халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари, диний ташкилотлар томонидан тадбирлар ўтказилишини, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан босма, аудиовизуал ҳамда бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишини адлия органлари билан келишиш тартиби аниқ белгилаб қўйилди.

Мазкур Низом билан Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида бевосита ННТ томонидан ташкиллаштирилган, ўз уставида (низомида) белгиланган мақсадларга эришиш учун конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни тўплаш - тадбир деб эътироф этилиши қатъий белгиланди.

Шунингдек, Низомда бир қатор янги имкониятлар ва ННТлар учун енгилликлар белгилаб берилди. Жумладан, адлия органлари билан келишиш талаб этилмайдиган тадбирлар рўйхати белгиланди.

Хусусан, диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ибодат, диний расм-русмлар ва маросим тарзидаги тадбирларга нисбатан мазкур Низом талаблари татбиқ этилмаслиги, шунингдек, ННТнинг уставига (низомига) мувофиқ унинг раҳбар органлари йиғилишлари, башарти уларда учинчи шахсларнинг (Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари) иштирок этиши назарда тутилмаганда, ННТнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурлари ва миллий режаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида ўтказилиши назарда тутилган тадбирлари, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирлари, ННТнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ўтказиладиган оммавий тадбирлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда ННТ вакилининг иштирок этиши учун адлия органлари билан келишиш талаб этилмаслиги аниқ белгилаб қўйилди.

Мазкур Низом ННТлар томонидан тадбирларни келишиш тартиби ва механизми аниқ белгилаб берилиши билан вужудга келаётган тушунмовчиликларга барҳам берилди.

С.Мирзабаев, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи