Васиятнома: тузиш ва бекор қилиш

Дата: 05.06.2013    

Васиятнома бўйича мерос ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 67-бобида мустаҳкамланган. Васият деб фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкини ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли.

Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Васиятномани ўзгартириш ёки уни бекор қилиш тўғрисида ариза тушган ҳолатда давлат нотариуси бу ҳақида васиятноманинг нотариал идорада сақланаётган нусхасига ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрига тегишли ёзув киритади. Агар васият қилувчи васиятноманинг ўзидаги нусхасини тақдим қилса, унда тегишли ёзув васиятноманинг ушбу нусхасига киритилиб, нотариал идорада сақланаётган нусхага бириктирилади. Бунда имзонинг ҳақиқийлиги нотариал тарзда тасдиқланиши шарт.

Агар бекор қилинаётган васиятнома бошқа нотариал идорада тасдиқланган бўлса, унда бекор қилиш ҳақидаги ариза давлат нотариуси ёки васият қилувчи томонидан васиятнома расмийлаштирилган нотариал идорага ўн кун муддатдан кечиктирилмай юборилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар белгиланган. Васиятнома ёзма равишда тузилган бўлиб, унда ёзилган жойи ва вақти кўрсатилиши лозим. Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

А) нотариал тасдиқланган васиятномалар;

Б)нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Ушбу моддада васиятномани имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар рўйхати берилган бўлиб, қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:

нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;

васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри, болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;

тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;

саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;

ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.

Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақида васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади. Васият қилувчининг ҳоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (маҳфий васиятнома) тасдиқланади. Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилялари, исмлари, оталарининг исмини ва доимий турар жойларини кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқлаш устхатини ёзиб қўяди.

Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасида ушбу қоидалар ўз аксини топган.

Нотариал тасдиқланган васиятномаларга қуйидаги васиятномалар тенглаштирилади:

1) касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек, госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

2) фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси байроғи остидаги кемаларда сузиб юрган вақтидаги ана шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

3) қидирув экспедитциялари ёки шу каби бошқа экспедитциялардаги фуқароларнинг ана шу экспедитциялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

4) ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

5) озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

6) нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган шахсларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.

Ушбу васиятномаларга нисбатан нотариал тасдиқланадиган васиятномалар қоидалари қўлланилади.

Тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас. Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги фуқаролик кодексининг битимлар ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидаларга ҳам асосланади. Васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилишидан мулкий оқибатларга эга бўладиган шахснинг даъвоси бўйича васиятнома уни тузиш, имзолаш ва тасдиқлашнинг фуқаролик кодексида белгиланган тартиби бузилиши натижасида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Васиятномадаги айрим фармойишларнинг ҳақиқий эмаслиги васиятноманинг қолган қисми ҳақиқийлигига дахл қилмайди. Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу васиятномага биноан меросдан маҳрум бўлган меросхўр умумий асосларда мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иномжон Қудратов,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиқ ўринбосари