Қонун ижроси масъулият юклайди

Дата: 05.06.2013    

Маълумки, 2010 йилнинг 29 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун қабул қилинганидан сўнг Республикамизда бу борада изчил ишлар амалга оширилди. Жумладан, ушбу қонун асосида, вилоят ва туманлар миқёсида вояга етмаганлар ишлари бўйича доимий ишловчи комиссиялар тузилди. Хусусан, мазкур комиссияга вилоят ва туманларнинг биринчи раҳбарлари раис этиб кўрсатилиши билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда мажбуриятлари юзасидан, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари кафолати тўғрисида”ги Қонуни ҳам қабул қилинган. Жумладан, ушбу қонуннинг 3-моддасида “Бола (болалар)-ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар)дир” дейилади.

Демак, бола 18 ёшга тўлмагунча вояга етган шахс ҳисобланмайди. Мазкур қонунлар эса айнан уларнинг келажагини таъминлаш ва уларни турли ички ва ташқи салбий таъсир муҳидлардан ҳимоялаш ҳамда жамиятнинг фаол аъзолари бўлиб етишларига хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича алоҳида нормалар белгилаб қўйилган. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича асосий халқаро ҳужжат сифатида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 29 ноябрда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси ҳисобланади. Мазкур, Конвенция давлатимиз томонидан 1992 йил 9 декабрда ратификация қилинган.

Хусусан, мазкур Конвенциянинг 42 та моддасида боланинг 30 дан ортиқ ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, БМТ томонидан 18 ёшга тўлмаган ҳар бир шахс бола дея тан олинади.

Шу билан биргаликда, вояга етмаганлар бўйича давлатимиз томонидан қабул қилинган барча қонунлар халқаро ҳуқуқий нормаларига тўла мос келади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ҳам шулар жумласидандир.

Маълумки, ушбу қонуннинг асосий мақсади вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Бунда бир қанча жамоат ташкилотлари қаторида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта.

Бу борада Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳам бир қатор амалий ишлар қилинди.

Айни кунда туманда 67167 нафар аҳоли бўлиб, шунинг 31079 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади. Туман халқ таълими бўлими тасарруфида 40 та умумтаълим мактаблари, 11 та мактабгача таълим муассасаси, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Болалар ижодиёти маркази ҳамда 5 та касб-ҳунар коллежлари мавжуд. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида айни кунда 3 нафар жаҳон, 8 нафар Осиё, 50 нафар Ўзбекистон чемпионлари айнан Сайхунободдан етишиб чиққан.

Биргина спорт соҳасида эмас, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳам ёш йигит-қизларимизнинг иштироки борлиги бизни янада ғурурлантиради.

Жумладан, туманда фаолият кўрсатиётган Болалар ижодиёт марказидаги 30 дан ошиқ тўгаракда қарийб 700 га яқин ўсмирларга турли касб сирлари ўргатилмоқда.

Туманда аҳолини ижтимоий муҳафаза қилиш, шунингдек, уларнинг бандлик даражасини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда туман ҳокимилигининг бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари фаол иштирок этаётир. Жумладан, аҳолини иш билан таъминлаш 2013 йилнинг 3 ойлик дастурини бажарилиши таҳлил қилинганида, ўтган давр мабойнида марказга 409 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилган бўлса, уларнинг 387 нафари иш билан таъминланди. 22 нафар фуқарога эса ишсизлик мақоми берилди. Туманда 2013 йил 3824 та янги иш ўринлари режалаштирилган вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг 2013 йилнинг 1-чорагида амалга оширган ишлари анча самарали бўлди.

Туманда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, ҳуқуқбузарлик сабабларини ўрганиш, уни жойларда кенг ва қатъий тарзда муҳокама қилиш, аҳоли ўртасида кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш натижасида вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони кескин камайди. Туман “Камолот” ЁИҲ Кенгаши “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ҳамда ҳокимликларнинг бу борада биргаликда иш юритиши ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия фаолиятининг барқарор ривожига имкон яратмоқда.

Тумандаги таълим даргоҳларида ўқувчилар даватини ўрганиш, таълим муассасаси масъул ходилари жавобгарлигини ошириш, компьютер клублари фаолиятини назорат қилиш-маънавиятимизга ёт бўлган турли сайтлар назорати, вояга етмаганларнинг тунги вақтларда бўлишини аниқлаш мақсадида рейтлар ўтказилиши ҳамда маҳаллаларда ўтказиётган турли тарғибот тадбирлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шунингдек, 2013 йилнинг “Обод турмуш йили” дея эълон қилинганлиги муносабати билан туманнинг Шодлик, Гулбулоқ маҳаллаларида кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларида тарбияланаётган вояга етмаганлар билан тарбиявий ишларнинг олиб борилиши, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, таълим тарбия бериш ҳамда ижтимоий муҳафазасини таъминлашга йўналтираётган тадбирлар ҳам “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Махбуба Юсупова,

Сайхунобод тумани

Давлат нотариал идораси нотариуси