Хизмат бажарилган аммо ҳақ тўланмаган эди

Дата: 22.06.2016    

Ҳозирда тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мақсадида “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”га қайд этишнинг онлайн-электрон тизими жорий этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши билан ўтказилаётган ҳар бир текширишни самарали мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади.

Ҳисобот даврида вилоятдаги 453 та тадбиркорлик субъектининг “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” мониторинг қилиниб, назорат қилувчи идоралар томонидан жами 76 тага яқин ҳолатда (солиқ идоралари 49 та, ДСЭНМ 16 та, ИИБ ЁХБ 11 та) китобни тўлдириш қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланди.

Мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли идораларга 24 та тақдимнома ҳамда 65 та огоҳнома киритилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши таъминланиб, судларга 534,5 миллион сўмлик 58 та даъво аризаси киритилди.

Мисол учун, Гулистон шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор “Орзу савдо сервис” хусусий корхонаси раҳбари У.Қодировнинг “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ томонидан шартномага асосан транспорт хизмати учун хақ тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатига асосан хўжалик судига тадбиркор манфаати учун даъво ариза киритилиб, унга асосан 131,2 миллион сўм маблағ ундириб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишонч­ли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш — нафақат бунинг учун масъул бўлган давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг, қолаверса, ҳар биримизнинг устувор вазифамиз эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

А.Норқўзиев, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими