Жазолаш эмас, ҳуқуқбузарликни олдини олиш

Дата: 20.06.2016    

Мамлакатимиз ривожланиш тарихидан келиб чиқиб шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳуқуқбузарликни жазолаш эмас балки, уни олдини олиш масаласи актуал масалалар сифатида қаралиб, унга биринчи қадам қўйилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, ҳуқуқбузарликни олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Қонуннинг асосий мақсади жамият ривожида қонун ва ҳуқуқ бузилишининг олдиндан прогнозини ташкил этиш ва унга йўл қўймаслик чораларини кўриб боришдан иборатдир.

Қонундаҳуқуқбузарликлар профилактикасига тушунча берилар экан, бу ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари тизимидан иборат.

Мазкур қонун билан ҳуқуқбузарлик профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасалар сифатида прокуратура органлари, Миллий хавфсизлик хизмати органлари, адлия органлари, давлат божхона хизмати органлари, давлат солиқ хизмати органлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари белгилаб берилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, қонунда бир орган ёки муассасага маъсулият юкланмасдан уларнинг даражаси кенгайтирилиб берилди. Бундан, ҳуқуқбузарликни жазолаш эмас, уни олдини олиш асосий масала эканлиги кўриниб турибди.

Биргина мисол, қонунлар қабул қилинишида қонун ижросини назорат қилувчи орган ва муассаса сифатида бир ёки икки идоралар белгиланган бўлса, мазкур қонуннинг масъулият ва вазифа юклаш даражаси жуда кенгайтирилди.

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокияти органларига берилган ваколатларнинг ўзи қонунда ҳуқуқбузарликни олдини олишга бўлган эътиборни кўрсатиб берди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонуннинг аҳамияти жуда катта бўлиб, уни таъсир даражаси кенг қамровлидир.

Қонунда ҳар бир давлат органи ва муассасасига алоҳида вазифалар моддама-модда белгилаб берилиб, органларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажарилиши назорати кучайтирилди.

Қонун билан адлия органларига қуйидаги вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, адлия органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;

аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятни амалга оширади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширади, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Мазкур қонун ижроси юзасидан Сирдарё вилоят адлия бошқармасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида жойларда тарғибот тадбирлари кучайтирилди.

Шунингдек, ҳар ойда амалда ишлаёган қонунларга таклифлар берилиши белгилаб берилди.

Якуний хулоса сифатида, қонуннинг назоратини олиб бориш, ҳуқуқбузарликни олдини олиш масаласида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, унда аудиториянинг кўпроқ ёшлардан таркиб топишига катта аҳамият қаратиш лозим.

Шунингдек, қонун билан вазифа юкланган орган ва муассасаларнинг баҳамжиҳат ишлашини таъминлаш катта аҳамиятга эгадир. Бу билан қонуннинг ишлаши таъминланиб, ҳуқуқбузарликни жазолаш эмас, балки ҳуқуқбузарликни олди олинишига ва аҳолининг ҳуқуқий онги ошишига эришилади.

Н.Бадалов, Гулистон шаҳар 4-сон ДНИ нотариуси